Ёшлар — бугун ва келажак

Москва шаҳрида II Россия – Ўзбекистон ёшлар фестивали бўлиб ўтди. Йирик лойиҳа икки мамлакат янги авлод вакиллари ўртасида ҳамкорликнинг янги уфқларини очиб бергани билан аҳамиятлидир.

Қирқ кишилик Ўзбекистон делегацияси таркибидан юртимиздаги қатор вилоятлар ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, давлат мукофотлари совриндорлари, ёш тадбиркорлар, волонтёрлик ҳамда хайрия ишлари билан шуғулланувчи мутахассислар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ўрин олди.
Фестивалнинг асосий тадбирлари Россия Федерацияси Жамоат палатасида бўлиб ўтди. Тантанали очилиш маросимидан сўнг иштирокчилар ялпи мажлис доирасида Россия ва Ўзбекистон ўртасида ёшлар масалаcига доир ҳамкорлик ютуқлари ва истиқболларини муҳокама қилди.
Россия ёшлар иттифоқи ёшлар лойиҳа ва дастурлари бошқармасининг халқаро бўлими бошлиғи ўринбосари Валерий Савельев, РФ Жамоат палатаси Котиби ўринбосари Сергей Оржоникидзе, Ёшлар масалалари бўйича федерал агентлик раҳбари Александр Бугаев ва бошқалар сўз олди. Таъкидланганидек, Россия ва Ўзбекистондаги ёшларга оид давлат сиёсатининг ўхшаш жиҳатлари кўп. Бу эса икки томонлама алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.
— Ўтган йиллар мобайнида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди, — қайд этди Россия Федерацияси Президентининг хорижий мамлакатлар билан минтақалараро ва маданий алоқалар бўйича бошқармаси департаменти раҳбари Алексей Власов. — Иккала томон ҳам ўзаро ишончли ва ошкора диалог олиб боришга интилмоқда. Муҳими, бундай саъй-ҳаракат узлуксиз ва босқичма-босқич характерга эга. Кўплаб амалий ишларга гувоҳ бўляпмиз. Масалан, 2018 йилда Тошкентда илк бор Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ташкил этилди.
Эришилган келишувлар ва икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари хусусида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Курманов ҳамда юртимизнинг РФдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ботиржон Асадов ҳам тўхталди.

Павел КРАСНОРУЦКИЙ,
Россия ёшлар иттифоқи раиси:

— Фестиваль давомида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан кейинги ҳамкорлигимиз йўналишларини белгилаб берувчи “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқдик.
Унда асосий эътибор ёшлар туризмини ривожлантиришга қаратилган. Ёшларимизда Ўзбекистоннинг энг машҳур қўҳна шаҳарлари — Самарқанд, Бухоро, Хивадаги осори-атиқаларга қизиқиш ортмоқда. Шу нуқтаи назардан Россиядан Ўзбекистонга саёҳатлар уюштириш бўйича самарали механизмни яратиш айни муддао.
Яна бир муҳим масала икки томонлама ёшлар бизнес-инкубаторлари фаолиятини ривожлантириш ҳамда ёш лидерларнинг ШҲТга аъзо давлатларда амалга оширилаётган лойиҳаларда фаол иштирокини таъминлаш билан боғлиқ. Ишончим комилки, бу йўналишда ҳам тез орада ижобий натижалар қайд этилади.
“Ёшлар — келажагимиз”, деган шиор бор. Бироқ мен ёшларни бугунги кунимиз деб ҳам атаган бўлардим.

Ялпи мажлис якунида Бошқирдистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Россия ёшлар иттифоқи ҳамда “Yoshlar — kelajagimiz” жамғармаси ўртасида 2020 йилда Уфада Россия – Ўзбекистон бизнес-форумини ўтказишга доир келишув имзоланди.
— Ёшлар тадбиркорлиги давлатлар ўртасидаги истиқболли ҳамкорликнинг устувор йўналиши саналади, — дейди Россия ёшлар иттифоқининг Халқаро бизнес лойиҳалар маркази директори Алексей Ежов. — Уфада ўтказилажак бизнес-форум амалий натижаларга бой бўлишига ишонаман. Зотан, бу каби лойиҳалар янги ҳамкорлар топиш, ишбилармон доиралар сафига қўшилиш учун яхши имконият.
Ёшлар умумий тил топишиб, биргаликда турли ташаббусларни рўёбга чиқариши учун қулай мулоқот муҳитини яратиш жуда муҳим. Фестиваль чоғида бу фикр бот-бот тилга олинди. Жумладан, Россия ёшлар иттифоқи раиси ўринбосари Татьяна Селиверстованинг фикрича, самарали нетворкинг ёрдамида ҳар қандай ғояни пухта лойиҳага айлантириш мумкин.
Икки мамлакат маҳаллий ҳокимлик органларининг ёшлар масаласига масъул вакиллари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов, Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Жамол Носиров, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти кенгаши раиси Шавкат Зайниддинов ва бошқалар сўзга чиқди. Қайд этилганидек, ҳудудлар кесимидаги ҳамкорлик нафақат давлатлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, балки турли соҳалардаги муаммоларга аниқ ечим топишга ҳам хизмат қилади.
— Россиялик ҳамкасбларимиз билан мулоқот чоғида уларнинг иш тажрибаси билан яқиндан танишдик, — дейди Жамол Носиров. — Бошқирдистондан келган делегатларнинг келаси йилда ўтказилиши режалаштирилган I Россия — Ўзбекистон ёшлар бизнес-форумига доир тақдимоти менда бой таассурот қолдирди.
Ҳудудлараро ҳамкорлик масаласига бағишланган сессияда Россияда таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар билан ишлаш, мамлакатларимиз ёш тадбиркорларининг ўзаро ҳамкорлиги ва икки томон келишуви асосида ташкил қилинган ёшлар бизнес-инкубаторлари фаолиятини ривожлантириш, ҳудудларнинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш каби долзарб мавзуларда фикр алмашилди.
Фестивалнинг навбатдаги сессияси доирасида Болалар ва ёшларни гражданлик ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялаш маркази, Волонтёрлик марказлари ассоциацияси, Имконияти чекланган болалар ва ёшлар маркази, Бутунроссия “Волонтер медиклар” жамоатчилик ҳаракати ҳамда “Мўъжизалар вақти” ёшлар кўнгиллилар ҳаракати вакиллари ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.
— Мақсадимиз муштарак, лойи­ҳаларга ёндашувимиз эса турлича, — таъкидлади Ўзбекистон имконияти чекланган болалар ва ёшлар маркази директори Раъно Шодиева. — Россиялик ҳамкасблардан кўп нарса ўргансак бўлади. Улар ҳам бизнинг иш услубимизга қизиқмоқда. Тажриба алмашиш яхши, аммо кўчирмакашликка йўл қўйиб бўлмайди. Зотан, ҳар қайси лойиҳани ишлаб чиқишда халқ менталитети ва миллий ўзига хослигини, албатта, инобатга олиш зарур.
“Ижтимоий соҳадаги ҳамкорлик ва ОАВ” сессиясини Москва давлат университетининг Ахборот-таҳлил маркази бош директори Дарья Чижова ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ахборот хизмати раҳбари Нодир Абдуқодиров олиб борди. Жонли мулоқот чоғида икки мамлакат ёшлар ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини умумий мезонлар асосида тизимли ёритиш масаласи ўртага ташланди.
Спикерлар ижтимоий соҳадаги ҳамкорликка доир фикр-мулоҳазалари билан ҳам ўртоқлашди. Жумладан, Россия Федерацияси ҳукуматига қарашли Молия университети ходими Евгения Махмутова ёшлар фан ва маданият тарғиботига беқиёс ҳисса қўша олишини таъкидлар экан, бунинг учун қулай муҳит яратиш зарурлигига урғу берди.
— Таълим ҳақида гапирадиган бўлсак, айни вақтда Ўзбекистонда Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига қараганда икки даражали диплом дастурларига эътибор кучайган, — деди эксперт. — Мамлакатда чет тилларни ўқитишга ҳам устувор масала сифатида қаралмоқда. Бу жуда оқилона сиёсат ва яқин келажакда, албатта, ўз мевасини беради.
Россия кимё-технология университети проректори Анна Шербина ўз маърузасида илмий ҳамкорлик ҳақида гапириб, Тошкент кимё-технология институти ёш олимлари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилганини эслатди. Мутахассис делегациямизни Россиядаги Ёш олимлар кенгашлари фаолияти билан ҳам батафсил таништирди.
Россия давлат гуманитар университети кафедра мудири Александр Левченко эса замонавий илмий тадқиқотчиликда ахборот компонентининг роли, тарихий меросни асраб-авайлаш зарурати хусусида тўхталиб, қуйидагиларни қайд этди:
— Юртингиз олимлари билан бирга Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёт одимларига бағишланган туркум ўқув қўлланмалар тайёрлаяпмиз. Илмий ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, қўшма лойиҳалар устида ишлаш муҳим аҳамият касб этади.
Замонавий медиа маконда тобора шиддат билан тарқалаётган ёлғон (фейк) ахборотлар бутун дунё миқёсида ўткир муаммога айланган. Талабалар телевидениеси халқаро ассоциацияси директори, медиа соҳасида ўттиз йиллик иш тажрибасига эга эксперт Владимир Косенчук жамоатчилик фикрини шакллантиришда блогерларнинг хизмати бўрттириб кўрсатилаётганидан норозилигини билдирди.
— Ҳозир қўлида камера тутган ҳар қайси шахс ўзини журналист деб ҳисоблайди, — эътироз билдирди эксперт. — Кўп ҳолларда бундай билағонлар ўта саёз контент яратмоқда. Уларда на масъулият, на қилаётган иши учун жавобгарлик ҳисси бор. Журналистикада тасодифий одамлар бўлмаслиги керак! Ташкилотимиз айнан шу мақсадда тузилган. Соҳа вакиллари учун ўқув курслари ташкил қилганмиз. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Медиа маркази билан яқиндан алоқа боғлашдан манфаатдормиз.
Ёшлар фестивалининг охирги кунида РФ Ташқи ишлар вазирлигига қарашли Москва давлат халқаро муносабатлар институтида ушбу нуфузли олий ўқув юртининг Тошкент шаҳрида очилган илк хорижий филиалининг тақдимоти ўтказилди. Шунингдек, иштирокчилар Москва молия- ҳуқуқшунослик университетига ташриф буюрди.

Нигина ИМОМОВА
Москва – Тошкент