Ёшлар ўртасидаги 2020 йилги Осиё чемпионати мамлакатимизда ўтказилади

Келгуси йилнинг 14–31 октябрь кунларига мўлжалланган мусобақанинг ярим финалчилари 2021 йилда ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.
Осиё футбол конфедерацияси президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал Халифа куни кеча мамлакатимизга ташриф буюриб, Президентимиз қабулида бўлган эди. ОФК президенти Ўзбекистон билан кенг кўламли шерикликни ривожлантириш, амалий ҳамкорликка қаратилган янги дастур ва лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга тайёрлигини таъкидлади.
ОФКнинг U-19 Осиё чемпионати мезбонлигини Ўзбекистонга топширишини ўзаро ишончли муносабатларнинг натижаси, деб баҳолаш мумкин. Нуфузли мусобақага мезбонлик қилиш натижасида қитъада ўзбек футболи нуфузи янада ортиб, инфратузилма яхшиланади.
— Ўзбекистон футбол ассоциацияси ОФКнинг ҳар қандай ташаббуслари ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди ва ҳамкорлик қилиш истагини билдиради, — дейди ОФК президенти Шайх Салмон. — Ўзбекистонда футболни жуда яхши кўришади. Ана шу мухлислар учун ҳам биз футболни янги босқичга олиб чиқишимиз, ғалабаларни қайтаришимиз керак.

Гўзал Муҳаммаджонова