Ёш дўстларимга етказинг!

1915 йилда Қодирий ҳазратларининг тўй ҳақида ёзган битикларини ўқиб, жуда ҳайратландим. Эътиборимни тортган томони шундаки, Қодирий бобомиз тўй ўша давр инсонларини иккига ажратиб, табақалантириб қўяётгани ва кишилар тўй бобида ким ўзарга ўйнаб, бор-будини сарфлаётганини куйиниб қаламга олган экан.

Қодирий замондошларига мурожаат ила тўйни Қуръон ҳам, шариат ҳам амр этмагани (халққа никоҳни билдириб қўйиш аслида жоиз экани) ва ҳар қандай масалада меъёр бўлиши, айниқса, тўйдаги исрофдан сақланиш кераклигини куюнчаклик билан айтган.
Рости, бу битикларни бир неча бора ўқиб, жамиятимизда 100 йил олдин ҳам бу иллат бўлгани ҳайрон қолдирди бизни. Энг ачинарлиси, унинг ҳозир ҳам сақланиб қолгани, ҳатто тўйни дабдаба билан ўтказиш ундан ҳам авж олганида.
Менимча, шунчаки бир даъват билан бу иллатни йўқотиб бўлмайди. Аксинча, ҳар бир шахс, хоҳ у давлат арбоби бўлсин, хоҳ фуқаро ўзини ислоҳ қилса, шахсий намуна кўрсатсагина бу иллатни йўқота олиш имкони пайдо бўлса керак.
Шу мақсадда, сиз – ёшлар “маҳалла, қўни-қўшни ва атрофдагилар нима дейди?” деган ўйлардан сақланинг. Катта авлод вакилларининг эътиборини дабдаба, бахтли яшашингиз учун шарт бўлмаган сарполар, турнақатор машиналар ва барчадан қоладиган “қўл-
қўйиб бўлмас” деб мақтаниладиган тўй дастурхонларидан қайтаринг. Уларнинг ўрнига сиз учун муҳим бўлган ота-онангизнинг оқ фотиҳаси ва энг муҳими, тинчлик неъматларини тақдим этишларини сўранг.
Қуйида Абдулла Қодирийнинг 1915 йил 20 мартдаги “Садойи Туркистон” газетаси 64-сонида эълон қилинган шеърий битигини эътиборингизга ҳавола қиламиз. Хулоса эса ўзингиздан.

Тўй

Қилди бу вақт бизда жавлон тўй,
Оқчаси йўқни этди ҳайрон тўй.
Бир-биридин ошурдилар тўйни,
Топди равнақ ғайрат илабоён тўй.
Беш кун ўтмай тўйни сўнгидин
Кетибон мулклар боис фиғон тўй.
Боён тўйиға ерлилар қараб
Этди сарф токи тандаги жон тўй.
Эй ғанийларимиз, эй фақирларимиз,
Амр этубдурми бизға Қуръон тўй.
Мундайин ишлар шаръимизда йўқ,
Кори маъжус, кори шайтон тўй.
Ишламас шундай ақллик киши
Йўламас асло аҳли виждон тўй.
Ўтса тўй бирла ёзу қишимиз,
Айлагай бизни ерға яксон тўй.
Келингиз, дўстлар, дин қариндошлар,
Ташласун бўлса гар мусулмон тўй.

Алишер САЪДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи
марказий кенгаши раиси.
ЎзА