“Ёш китобхон” кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичи ғолиблари аниқланди

Пойтахтимизда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши томонидан “Ёш китобхон” кўрик-танловининг шаҳар босқичи бўлиб ўтди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббус ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда 10 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар китобхонлик бўйича ўзаро беллашди.
Иштирокчилар икки – “Буюк мутафаккир ва адиб” ҳамда “Бадиий асарлар билимдони” шартлари бўйича билимларини синовдан ўтказишди. Ҳар бир шарт 100 баллгача баҳоланди.
10-14 ёш тоифасида икки шарт бўйича 180,9 баллни қўлга киритган Асал Равшанхонова тенгдошлари орасида тенгсиз деб топилди. Мафтуна Арзиқулова иккинчи ўрин соҳибига айланди.
photo5440515677950684073.jpg
15-19 ёш тоифасида 180,6 балл билан Бегойим Исломова биринчи ўринни эгаллаган бўлса, Шахрибону Оқмаматова иккинчи, Самариддин Юлдашев учинчи ўринга лойиқ деб топилди.
Кўрик-танловининг 20-30 ёш тоифаси бўйича шартлар жуда қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди. Чунки ҳар бир иштирокчи ўз билимига, салоҳиятига ишонган ҳолда саволларга дадил ва аниқ жавоб берди. Узоқ муҳокамалардан сўнг Зухра Абдукаримова республика босқичига йўлланма олди.
Ҳар бир ёш тоифасидаги ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА