Бировнинг ҳақи буюрмайди

Юртнинг осойишталиги, жамият ҳаёти фаровонлиги муайян маънода раҳбарларимиз салоҳиятига боғлиқ. Мамлакатда адолат ўрнатилса, одамларнинг турмуши гўзаллашади.

Минг афсуски, баъзи мутасаддилар ўзига билдирилган ишончни суиистеъмол қилиб, қонун олдида жавоб бермоқда.

Бир болага етти маҳалла ота-она, дейдилар. Шахснинг шаклланишида маҳалла-кўйнинг ўрни беқиёс. Қарияларни кўрганда ёшларнинг ҳурмат юзасидан қўлини кўксига қўйиб салом бериши нақадар яхши-я. Ана шундай фазилатлари билан маҳаллада бошқаларга намуна бўлиши керак бўлган бир инсоннинг қилмишини кўриб, таассуф айтасиз.
1986 йили Қува туманида туғилган Ҳумоюн Темиров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ёш бўлишига қарамай “Қорақум” маҳалласининг раиси этиб сайланди. Аммо атиги бир йил ичида ноқобил ишлари билан ёмон ном қозонди. У бир гуруҳ шахс­лар билан жиноий тил бириктириб, бюджет маблағларини талон-торож қилган.
“Қорақум” маҳалла фуқаролар йиғини идорасида тафтиш ўтказиш натижасида 2018 йил 1 январдан 2019 йил 1 январга қадар Хумоюн Темиров ўзи билан бирга ишлаган маҳалла котиби Жамила Собирова, туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази инспекторлари — Бахтиёр Содиқов, Собир Абдуллаев ва Ирода Умарова билан жиноий тил бириктириб, “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги низом талабларига зид равишда жами
10 миллион 772 минг сўм бюджет маблағини ўзлаштириб юборгани аниқланди.
Давлат мулкига зарар етказгани учун жиноий гуруҳ аъзоларига Ўзбекистон Респуб­ликаси жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “в” ва “г” бандлари билан жиноий иш қўзғатилди. Ҳумоюн Темиров айбдор деб топилиб, унга 3 йил муддатга муайян ҳуқукдан маҳрум килиш ва 400 соат мажбурий жамоат ишларига жалб қилиш жазоси тайинланди.

Ўткир ҲУСАНОВ,
Қува тумани ички ишлар ҳузуридаги тергов бўлими
катта терговчиси, капитан