Бурчини унутганлар ҳуқуқини талаб қилса…

Инсон доимо муайян ахлоқий, маънавий қадриятларга амал қилади. Бу эса зиммамизга қатор бурчларни юклайди: табиатни асраш, ота-онани эъзозлаш, фарзандларга яхши таълим-тарбия бериш, катталарни ҳурмат қилиш, аҳдида туриш, ўзгаларга озор етказмаслик, омонатга хиёнат қилмаслик, сувни ифлосламаслик… ва ҳоказо.

Бурч — бажарилади, ҳуқуқдан эса фойдаланилади. Шу билан бирга биз доим қатор ҳуқуқлардан фойдаланамиз: яшаш, табиатдаги ноз-неъматлардан фой­даланиш, фикрлаш, таълим олиш ва ҳоказо… Жамиятда демократик тамойиллар кун сайин мустаҳкамланиб, ҳаётимиз турли қонунлар асосида тартибга солинаётган даврда ҳуқуқ ва бурч тушунчаларининг аҳамияти янада ортган. Афсуски, ўз манфаатларини ҳар қандай фазилатлардан устун қўяётган айрим замондошларимиз туфайли бугун шундай муқаддас тушунчаларга путур етмоқда. Бундай инсонлар табиат, одамлар, давлат олдидаги ҳеч қандай бурчларини бажармай туриб, ҳуқуқларини талаб қилишга зўр бермоқда.
Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарларга эътибор беринг: “Сурхондарёда қарздорлар МИБ ходимларини дўппослади”; “Тошкентлик фуқаро ЙПХ ходимини дўппослади”; “Шифокорга сабабсиз таҳдид қилинди”; “Касалхонада вафот этган боланинг отаси икки шифокорни пичоқлади”; “Талаба ЙПХ инспекторини калтаклади”…
Бугун “ХХI аср қуроли” дея аталаётган телефон ҳаётимизнинг “қозикалон”ига айланди, десак муболаға бўлмайди. Айниқса, ҳайдовчиларга ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, порахўрликка қарши курашиш, вазиятни яққол исботлаб бериш, тортишувларга ўрин қолдирмаслик мақсадида ЙПХ ходими билан бўлган музокараларни видеога олиш ҳуқуқи берилганидан сўнг, телефоннинг “обрў”си янада ошди.
Натижада интернет сайтлари, ижтимоий тармоқларда ЙПХ инспекторининг ноҳақлиги ва билимсизлигини кўрсатишга, адолат йўқлигини исботлашга қаратилган, ҳақ бўлса-да, лекин беайб жазоланаётган ҳайдовчилар ҳақидаги лавҳалар кўпайиб кетди. Бу борада махсус белгиланган жойлардан ўтмасдан, транспорт қатновига ҳалал берадиган пиёдалар, қоидани билмайдиган ҳайдовчилар ҳам айбдордир. Албатта, ноҳақликларга йўл қўяётган инспекторлар ҳам йўқ эмас. Аммо эътибор қилсангиз, ҳайдовчилар ўзи қоида бузганда тасвирга олишни тўхтатиб, инспектор ноҳақ бўлганда телефонини ишга тушириши, оламга жар солиб, ҳуқуқларини талаб қила бошлаши жуда қизиқ.
Сир эмас, кўпчилик ҳайдовчилар ЙПХ ходими, видеокамералар бор жойлардагина (жарима тўламаслик учун) йўл қоидаларига амал қилади. Акс ҳолатларда улар чекланган тезликка риоя қилиш, пиёдаларга йўл бериш, тақиқланган жойда тўхтамаслик, ҳатто ўз ҳаёти учун зарур бўлган хавфсизлик камарини тақиш талабини ҳам унутиб қўйишади. Ваҳоланки, бу қоидалар фақатгина қонунан белгиланган бурчларимиз эмас, балки минг йиллар давомида шаклланиб келган бировга озор етказмаслик, ўзаро ҳурмат каби қадриятларимиз билан боғлиқдир. Бу каби оддий бурчларини бажармаган ҳайдовчи ҳуқуқларини талаб қилишга маънавий жиҳатдан ҳақлими?! Ахир, қоидага амал қилганимиз ЙПХ ходимларига эмас, ўзимиз, яқинларимиз, фарзандларимизнинг ҳаётига наф эмасми?
Аслида ҳар бир қонун халқнинг манфаати учун, ҳаётимизни тартибга солиш, осойишталигимизни таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилади. Аммо буни ҳамма ҳам англаб етмаяпти. Қонунлар ижросини назорат қилиш учун бириктирилган давлат идоралари ходимлари ва фуқаролар ўртасида бўлаётган уруш-жанжал ва низолар фик­римизнинг исботидир.
Биргина мисол. Сўнгги пайт­ларда тўлов интизомини мустаҳкамлаш орқали истеъмолчиларнинг қарздорлигини камайтириш, энергия тармоқларига ноқонуний уланиш, суд ва бошқа орган ҳужжатларининг ижросини таъминлаш каби қатор вазифаларни бажараётган МИБ ходимлари билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатлар кўп учрамоқда. Айримлар бюро вакиллари билан низоли, жанжалли ҳолатлар тасвирланган фото-видео материалларни ижтимоий тармоқларга жойлаб, уларни обрўсизлантиришга “ҳисса қўшмоқда”. Ҳатто хизмат вазифасини бажараётган давлат инспекторларининг қонуний фаолиятига қаршилик қилиб, уларга тан жароҳати етказиш, ҳаётига таҳдид қилиш ҳолатлари ҳам учрамоқда.
Инсон ҳуқуқлари тугаган жойда унинг бурчлари бошланиши айни ҳақиқат. Бироқ бу “ҳақиқат”га ҳамма бирдай амал қиляпти, дея олмаймиз. Юқоридаги ҳолатлар сабабларини ўрганар экансиз, аксарияти ҳуқуқий саводсизлик, маънавиятсизлик туфайли келиб чиқаётганига гувоҳ бўласиз.
Хусусан, айрим фуқаролар истеъмол қилинган газ, электр энергияси, сув ва бошқалар учун тўловларни (ўзаро шартнома ҳам тузилган) ўз вақтида бажармагани туфайли келиб чиққан қарздорликни қоплашдан бош тортиб, ўзини оқлаш, вазиятдан чиқиш учун ҳеч нарсадан тап тортмаяпти. Баъзан МИБ ходими ноҳақликка йўл қўйса, бунга қарши қонуний йўл билан курашишни унутиб (ёки билмайди), ўз қўллари билан инспекторнинг танобини тортиб қўймоқчи бўлади. Табиийки, бундай ҳолатлар жамиятда демократик тамойилларга путур етказади.
Афсуски, сўнгги пайтларда инсонлар саломатлигини таъминлаш, фарзандларимизга билим беришдек машаққатли касб билан шуғулланаётган шифокор ва ўқитувчиларга нисбатан ҳам шундай ҳолатлар содир бўлмоқдаки, буни ҳеч важ-корсону баҳоналар билан оқлаб бўлмайди. Яқиндагина Андижон вилоятининг ўзида тиббиёт ходимларига 2-3 марта таҳдид қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. Улардан бири шифокорни ёқиб юборишга уринганига нима дейсиз?! Ваҳоланки, шифокор ўз муқаддас қасамига содиқ бўлиб, малҳам излаб келган беморни даволаш, инсонийлик бурчини бажариш билан банд.
Ёки бўлмаса, кейинги пайтларда тарқалган қуйидаги сарлавҳали материалларга қаранг: “Ўқитувчи ва чегарадан чиққан ўқувчи: уларнинг низосини видеога олиб тарқатган ўқувчининг ота-онаси маъмурий жавобгарликка тортилди”; “Фарзандини калтаклаган ўқитувчини ота-она қандай ҳақоратлади”…
Мактабнинг вазифаси, биринчи навбатда, ёшларга таълим-тарбия бериб, уларни чин инсон қилиб вояга етказишдир. Аммо кунора интернетда тарқалаётган ўқитувчилар билан боғлиқ видеоларни кўравериб, кўникиб қолдик. Фожиа шундаки, асрлар давомида эъзозланган УСТОЗларни онгимизда баджаҳл, жазавали, қаҳрли касб эгаси сифатида гавдалантиришга хизмат қилмоқда.
Боласининг ўқиши билан қизиқмайдиган, сериалу чойхонадан ортиб, ойда бир бўладиган ота-оналар мажлисига ҳам вақт тополмайдиган айрим кимсалар ўқитувчи фарзандига яхши билим олиши, гўзал хулқли бўлиши учун қаттиқроқ гапирса, бориб тортишишдан нега тап тортмайди? Боласининг тарбия­си билан шуғулланиш ўрнига ҳолатни видеога олиб, ижтимоий тармоқларга овоза қилишни хуш кўради?..
Орамизда яхши даромад қилса бўладиган томорқаси бўла туриб, “кам таъминланганман” дея оилавий шароитидан нолийдиган кимсалар ҳам йўқ эмас. Улар ҳаракат қилиш ўрнига “кўкдан чалпак кутишни” афзал билиб, меҳнатдан қочади. Бу фикрларимиз билан биз давлат хизматчиларини бутунлай оқлаш, уларнинг орасида ҳам вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашадиган, лоқайд, ваколатини суиистеъмол қиладиган кимсалар борлигини инкор этиш фикридан йироқмиз. Гуруч курмаксиз бўлмайди. Аммо бу курмак қачонгача бизга баҳона бўлади? Келинг, ўзимизни ҳадеб оқлайвермай, қусурларимизга барҳам беришга интилайлик! Ҳуқуқий онг ва маданиятимизни юксалтирайлик.

Абдулазиз АҲМЕДОВ