“Гар aдаб бермаса, ота дейилмас”

Президентимиз топшириғига биноан, алдов йўли билан Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудига бориб қолган 156 нафар юртдошимиз, асосан, аёллар ва болалар махсус авиарейсда Тошкент шаҳрига олиб келинди. Адашган ватандошларимизнинг қисмати билан танишар экансиз, ақл бовар қилмас даҳшатлар кўз олдингизга келади.
Ажал чангалидан қайтган юртдошимиз Гулсора Маматолипова uza.uz сайтига берган интервьюсида шундай дейди:

Катта ўғлим илм олишга қизиққани учун қишлоқдаги мадрасага ўқишга қатнай бошлади. Лекин бир куни шу мадрасага бомба тушди… Ҳали ўн саккизга тўлмаган ойдек дилбандим шу фожиада парча-парча бўлди… Бў­йи-бўйимдан баланд, орзулари бир дунё бўлган болажонимнинг тирноғини ҳам топа олмадим…”.

Бу воқеани эшитишнинг ўзи кишини даҳшатга солади. Айни пайтда ҳар биримизни улар нега шу аҳволга тушди, деган савол қийнайди. Адашганлар сўзига қулоқ тутсангиз, улар яқинлари сабаб алданиб қолганига гувоҳ бўласиз. Ёвуз кучларнинг алдовига учган кимсалар ўзи адашгани камлик қилгандек, яқинларини ҳам ёнига чақириб олган. Аслида қариндош­лар унинг ортидан эргашиш ўрнига адашган кимсани ватанга қайтариши керак эди-ку! Лекин бунинг акси бўлди. Нега? Бу олиб борилаётган тарғиботларга қарамай, фуқароларимиз диний экстремизм, терроризм ҳамда “оммавий маданият” каби бузғунчи ғоялар ҳақида етарли тушунчага эга эмаслигини англатади. Бунга эришиш учун мафкуравий иммунитетни ҳосил қилиш ва албатта жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш даркор. Бунда, айниқса, таълим-тарбиянинг ўрни муҳим. Одатда таълим-тарбия деганда, ўқув даргоҳлари ва устозларни тушунамиз. Аммо фарзанд илк тарбияни оилада олишини унутмаслик керак. Афсуски, айрим ота-оналар ҳали мустақил ҳаётга тайёр бўлмаган фарзандини турмушга беради, уйлантиради. Ҳаётий тажрибага эга бўлмаган ёш ота-она қандай қилиб баркамол авлодни тарбиялайди. Ахир уларнинг ўзи тарбияга муҳтож бўлса…
Яна бир жиҳат, катта авлод вакиллари фарзанд тарбиясидан ажралиб қолаётгандек, назаримда. Уларнинг аксарияти иш ва пул топиш билан банд бўлиб боласининг қизиқиши, истагига қулоқ тутишга вақт топа олмаяпти. Ваҳоланки, бола тарбиясида ота-онанинг ўрни муҳим. Айниқса, фарзанд балоғат ёшида таъсирчан, одамови бўлиб қолади. Арзимаган нарсага қизишиб, оддий воқеа ҳам унга фожиадек кўринади. Ота-она бундай вақтда уларни бир зум ҳам эътиборсиз қолдирмай, дилбанди кўнглида кечаётган ғалаёнларни пайқай олиши лозим.
Яқин дўстим балоғат ёшидаги ўғлида турли ўзгаришлар юз бераётгани, унинг қўл телефонидан беҳаё расм ва видео ёзувлар кўрганини айтди. Ундан мусулмонларнинг муқаддас китоби Қуръони каримда нечта сура ва оят борлигини сўрадим. Дўс­тим бунинг воқеага қандай алоқаси борлигини тушунмай ҳайрон бўлди. Ундан фарзандинг билан дилдан суҳбатлашганингни эслай оласанми, деб сўрадим. Дўстим бош эгиб, “йўқ” ишорасини қилди. Ўйлаб кўринг, диний ва дунёвий билимларга эга бўлмаган ота фарзандига қандай қилиб тўғри тарбия бера олиши мумкин.
“Биз ўз устимизда ишламай, замондан қолиб кетмоқдамиз, ҳеч биримиз набирамизнинг ёки фарзандимизнинг саволларига жавоб бера олмаймиз”, деган эди Юртбошимиз. Дарҳақиқат, бугунги ёшларнинг ўқиши ва тарбияси борасида биз, катталар замонга мос билим, заковатга эга бўлишимиз талаб этилади. Албатта, дунёвий билимлардан хабардор бўлишнинг ўзи етарли бўлмай, балки унинг мазмун-моҳия­тини тушуниш лозим. Шундагина уни бошқа инсонга етказиб бериш мумкин.
Шу ўринда Фаридуддин Атторнинг қуйидаги мисралари ёдимга тушди:

“Гар ўғил беадабдир, фарзанд эрмас,

Гар адаб бермаса, ота дейилмас”.

Рашид АҲМАДАЛИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси кафедра бошлиғи