Иномжон МАЖИДОВ: “Устамани ректор эмас, тартиб белгилайди!”

Олий ўқув юртларида тўлов-шартнома пули миқдори оширилгани ва стипендиянинг қатъийлаштирилгани талабалар, ота-оналар ва кенг жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда. Бу билан боғлиқ турли миш-мишлар, расмий тасдиғини топмаган гап-сўзлар, тушунмовчиликлар кўпайди. Масалага ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Олий ва ўрта махсус таълим вазири билан талаба-ёшлар ўртасида жонли мулоқот учун платформа яратди. Ва бу масала Ёшлар пресс-клубида жонли мулоқот шаклида ўтди. Даставвал, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов тизимдаги сўнгги ўзгаришлар ҳақида сўз юритди.

— Шу вақтга қадар талабалар семестр якунидаги баҳоларига қараб табақалаштирилган тартибда стипендия олар эди. Янги ўқув йилидан бошлаб барча талабалар учун бюджет ёки контракт асосида ўқишидан қатъи назар, қатъийлаштирилган стипендия жорий қилинди. Статистик маълумотга кўра, талабаларнинг 62 фоизи, яъни 51 минг 688 нафари 3 баҳога ўқийди. Уларга 374 минг сўм стипендия белгиланган.  Биз қийматни яхлитлаб, 400 минг сўм қилиб қўйдик. 600 минг сўм бўлса, бу кимгадир малол келиши мумкин. Чунки контрактнинг нархи ҳам шунга мос равишда ошади. Шу билан бирга, ўзлаштириши яхши, илмий ва жамоатчилик ишларида фаол бўлган талабаларга стипендиянинг 50 фоизигача миқдорда қўшимча рағбатлантириш берилиши мумкин. Номзодларни ОТМ раҳбари тавсия қилади. Бу бўйича тушунмовчиликлар бўлмаслиги учун таъкидлайман, устамани ректор эмас, тартиб белгилайди.

Бироқ бу ўзгаришлар жамоатчилик, айниқса, талабалар томонидан илиқ кутиб олинмади.

“Олий таълим тизимида контракт, стипендия каби талабалар учун ҳаёт-мамот даражасидаги масалаларда барқарорликнинг йўқлиги таълим сифати қолиб, талабаларда таълимга бўлган ихлоснинг қайтишига олиб келиши мумкин, — дея ўзгаришларга ўз мууносабатини билдирган депутат Расул Кушербаев. — Иш ҳақлари 10 фоизга ошган даврда қайси мезон ва виждон билан контракт миқдорини 18 фоизга ошириш мумкин? Ахир контракт ошиши узоқ ишланишлар билан инновацион услубда топилган гениал таклиф — иш ҳақлари ошадиган фоиз миқдорларига боғланган эмасмиди? Бунисига-ку чидаш мумкиндир, бироқ контракт асосида таҳсил олаётган талабаларга қандай баҳо олишидан қатъий назар бир хил 400 минг сўм стипендия белгиланишини қандай изоҳлаш мумкин? Гапни қанча айлантирмайлик реал ҳаётда бу талабалар ўртасида яхши ўқиш учун рағбатнинг буткул йўқолиши ва ўз устида ишлашга ихлоснинг қайтишига олиб келиши факт. Тасаввур қилинг 32 мингта талабага ётоқхонадан жой топилмай турган вақтда улар пул ҳисобига квартира топиш, еб ичиш, ўқишга қатнаш ҳаражатлари билан талаба бўлиб таҳсил оладими ёки яшаш учун норасмий сектордаги ишчи бўлиб кун ўтказадими? Шўринг қурсин талаба! Талабалик даврида ҳеч қандай контракт тўлаш ғами бўлмай, стипендия ҳисобига яшаб, билим олиш имкониятидан фойдаланиб бугун шундай гениал ғояларни киритаётган масъулларга виждонан ортга бир назар солиб, талабалик даврларини эслаб қўйишларини сўрайман. Сиз талаба бўлмаганмисиз?”.

“Контракт нархлари кутилганидек 10 фоиз эмас, балки 18 фоиз ошганига асосий сабаб ОТМ ходимларининг иш ҳақи ошгани, коммунал хизматлар тарифлар ва бошқа сақлаш харажатлари кўпайгани экан, — дейди ҳуқуқшунос, блогер  Хушнудбек Худойбердиев. — Аслида бутун дунёда ОТМнинг топаётган даромади ошса, шундан кейингина ходимларнинг ойлиги оширилади. Лекин бизда аввал ўқитувчиларнинг ойликларини ошириб, кейин унинг ўрнини қоплаш учун контрактларни қимматлаштиришади. Ажойиб!”.

“Яхши қарор бўлди, — деб мавзуга ўз фикрини билдирган яна бир ҳамюртимиз Ғулом Назаров. — Ўтган йили ижтимоий тармоқларда контракт нархини кўтармасдан стипендияни йўқотишсин дейишганиди. Энди бунақа дейишяпти. Ҳайронман! Мисол учун контракт сўммасини бўлиб-бўлиб тўлаймиз. Яна ҳар ойма-ой. Бу зўр. Ота онамизга ҳам яхши бўлади. Ойига 500-600 мингдан тушади. Иккинчидан, баҳо билан табақаланиш бўлмайди. Умуман, баҳо учун ўқиш йўқолади. Талабалар билим учун ўқишни бошлайди. Биз билим олиш ва умуман шахсий ривожланиш мавзусидан четлашиб, яна маиший муаммоларимизга чувалашиб кетдик. Билим ва таълим сифати ҳақида ҳам шундай баҳслашамизми? Йўқ! Бунисининг бизга қизиғи йўқ. Бизга контракт масаласи муҳимроқ. Кейин форма, конспект ва ҳоказолар. Таълим-чи? Нега Ўзбекистонни ривожлантириш учун шунақа минглаб талабалар бирлашмаймиз? Талабалар, билим учун бирлашайлик. Таълим учун бирлашайлик”.

Бу ўзгаришларга талабаларнинг норозилигини ифодалаш мақсадида телеграм тармоғида 2 та гуруҳ очилиб, уларга 100 мингдан зиёд талаба бирлаштирилган. Баъзи фойдаланувчиларнинг фикрича, бу гуруҳларни ташкил этганлар талабалардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишни мақсад қилган бўлиши мумкин.

Айни пайтда талаба-ёшлар ва ота-оналарга ўзгаришларнинг асл мазмун-моҳияти, бу тизимнинг афзалликлари хусусида кенг тушунча берилмоқда. Мулоқотларда фуқаролар томонидан берилаётган ўринли таклиф ва тавсиялар мутасаддилар томонидан ўрганиб чиқилиши айтилмоқда.

Рўзиқул ОЧИЛОВ