Кўринмас ХАТАРЛАР

замонавий медиа маконида уларни қандай пайқаш мумкин?

Хабардор этиш журналистиканинг бош миссияси ҳисобланади. Бу оддий ибора ортида аслида нечоғли мураккаб жараён тургани соҳа ичида юрган кишигагина аён. Томошабин, ўқувчи ёки тингловчи эса, табиийки, касбимизнинг “сув ости тошлари”ни пайқамайди ҳам.
Айниқса, замонавий медиа уммонида кўринмас хатарлар жуда кўп. Ёлғонни ҳақиқатдан ажратиш тобора мураккаблашиб бораётир. Муаммога фақат бир нарса ечим бўла олади: оммавий ахборот воситалари ходимлари касб этикаси ва эътиқодига қатъий риоя этиши шарт.

М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Ахборот-таҳлил маркази томонидан Марказий Осиё республикалари ҳамда россиялик ёш журналистлар учун ташкил этилган “Медиация” халқаро мактабида айнан шу мавзу экспертлар иштирокида батафсил ёритилди (ўқув модулнинг Евроосиё контекстидаги халқаро муносабатларга бағишланган сиёсий блоки ҳақидаги материал газетанинг 2019 йил 7 сентябрдаги сонида эълон қилинган).

ИНТЕРНЕТ — УЛКАН ЧИҚИНДИХОНА!

Россиянинг постсовет маконидаги энг машҳур ахборот агентлиги — ТАССнинг халқаро репортёрлик пункт­ларида кўп йиллар самарали меҳнат қилган Сергей Иванов профессионал журналист, аввало, саводли ва ҳеч қачон ёлғон сўзламайдиган инсон эканини таъкид­лайди.
— Биз нафақат ўзимиз яратган, балки умуман, нашр ёки эфирга узатаётган ҳар қандай материал учун жавобгармиз, — қўшимча қилди тажрибали мухбир. — Демак, масъулият ҳисси касбий этикамизнинг пойдеворини ташкил қилади. Саводсиз бўлишга ҳам сира ҳаққимиз йўқ! Журналист ҳамиша аудитория учун ишлаши керак. Одамларга шундай тушунтирингки, бу мавзуга бутунлай бегона инсон ҳам шарҳингиз орқали нимадир тушуна олсин. Афсуски, интернет таъсирида соҳамиздаги анъанавий тамойил ва қоидалар йўққа чиқмоқда. Касбий этика масаласи охирги ўринга тушиб қолган. Глобал тармоқда ким нимани хоҳласа, шуни ёзиб, гапиряпти. Хоҳласа, ёлғон маълумот тарқатади, бировга туҳмат ёғдириб, бадном қилиши мумкин. Лекин ҳеч ким жазоланмайди. Интернетни улкан чиқиндихонага ўхшатаман. Блогерлар эса ўша жойни ўзларига хўрак қилиб олган — чиқиндиларни чўқиб кун кўради. Ҳақиқий журналист учун бу иснод, албатта!

ПЕЛЕ ЎЛДИ(МИ)?

Журналистиканинг “сув ос­­ти тошлари” ҳақида сўз юрит­ган “Олий иқтисодиёт мактаби” миллий тадқиқот институти профессори, “Россия сегодня” халқаро ахборот агентлиги маслаҳатчиси Олег Дмитриев ахборотни тезкор узатиш чоғида журналистлар баъзан ўзлари билмаган ҳолда фейкларни ҳам тарқатиб юбораётганини қайд этди.
— Футбол қироли — Пеленинг ўлими билан боғлиқ ҳолатни олайлик, — дейди эксперт. — Бу хабарни тарқатган ахборот манбаи аслида факт эмас, фактоид, яъни ҳақиқат кўринишидаги ёлғон билан иш кўрган. Ҳеч қаерда тасдиқланмаган маълумотни сайтлар кўчириб босаверган. Натижада дезинформация юз берди. Журналист ҳар қандай шароитда ахборотни текшириши шарт. Кўчирмакашлик, миш-мишларга асосланиб хулоса чиқариш холислик ва ҳаққонийликнинг душманидир. Тасаввур қилинг, йўловчи самолётининг қулаб тушганига доир видеони қўлга киритдингиз. Шов-шувга лойиқ мавзу. Эҳтимол, шу видео эфирда кетгач, рейтингингиз кўтарилар. Аммо у сохта бўлиб чиқса-чи?! Танг аҳволда қолишингиз аниқ. Хўш, бундай ҳолларда қандай йўл тутиш керак? Биринчидан, ўша вақтда ўша русумли авиалайнер ҳавода чиндан ҳам бўлганми-йўқми, шуни аниқланг. Интернетда дунё бўйлаб амалга оширилаётган авиақатновлар ҳақида мунтазам маълумот бериб борувчи сайтлар мавжуд. Қолаверса, мутасадди ташкилотлардан воқеа юзасидан расмий ахборот олиш зарур. Тўғри, жавоб кечикиши мумкин, аммо расмий манбага одамлар барибир ишонади. Бир вақтнинг ўзида ижтимоий тармоқлардан авиаҳалокат гувоҳларини қидириб кўринг. Видеотас­вир ёки фотосуратни синчиклаб ўрганиб, самол­ёт қулаган жойни аниқлаш ҳам жуда муҳим. Дезинформация билан аудиториянинг ўзи ҳам курашиши мумкин. Масалан, мен ахборотни бир эмас, бир нечта ва иложи борича турфа тиллардаги манбалардан олишни тавсия қиламан. Факт ва рақамларни муқояса қилиш йўли билан фейкни осонликча аниқлаб олса бўлади. Унутмангки, ҳар қандай журналистик материалда муайян позиция мавжуд. Лекин бу нарса ахборотни яхши ёки ёмон дейишга асос бўлолмайди.
Интеграциялар истиқболларини ўрганиш маркази бош муҳаррири Дарья Хас­пекованинг фикрича, яхши журналистик материалда ҳамиша битта асосий савол ўртага ташланиши керак. Муаллиф мавзуга таҳлилий ёндашиб, масалани чуқур тадқиқ этиш орқали саволга жавоб излайди ва мақола якунида ўз хулосаларини баён этади.

Лонгрид, лайфхак, подкаст ва бошқалар

Олий иқтисодиёт мактаби катта ўқитувчиси, тренер ва бизнес-консультант Сергей Долгов “Медиация”чиларни журналистиканинг мутлақо бошқа томони — ижтимоий тармоқларда контент яратиш ва уни оммалаштириш усуллари билан таништирди. Очиғини айтиш керак, ушбу маҳорат дарсида тинг­ловчилар ҳали бирон марта ҳам эшитмаган кўплаб тушунчалар, ижтимоий медиа технологиялар билан танишиб, улардан қандай фойдаланиш кераклигини билиб олди.
— Замонавий дунёда ўқувчилар кам, томошабин эса кўп, — дейди Сергей Долгов. — Одамлар интерфаолликка ўч, улар журналистик материалда сизни эмас, ўзини кўришни истайди. Медиа контент яратишда шу жиҳатларга эътибор бермас экансиз, барча уринишлар зое кетади. Анъанавий ОАВлар учун ахборотни борича тақдим этиш, рационаллик ва билвоситалик хос бўлса, бугунги масс-медиа инсонлар ҳиссиётини жунбишга келтириш, воқеликни ёритишда уларнинг бевосита иштирокини таъминлашга интилмоқда. Интернет фойдаланувчилари орасида виртуал ёки тўлдирилган реаллик технологиялари, лонгрид, подкаст, пуш, комикс, лайфхак, чат-бот ва бошқа янги форматлар
оммалашаётганининг боиси ҳам шунда.
Салкам бир ҳафта давом этган “Медиация” халқаро мактаби ёш журналистларга профессионал маҳоратини ошириш, сиёсий дунёқарашини кенгайтириш, таҳлилий ва танқидий фикрлаш қобилиятини чархлашга имкон яратди. Малакали экспертлар билан жонли мулоқот бўлғуси аналитикларнинг келгуси фаолиятида асқатишига ишонамиз.

Наргиза УМАРОВА,
“Медиация” халқаро мактаби тингловчиси