Кўча санъаткорлари

уларнинг истеъдоди кўчада йўқликка юз тутмоқда

Ёшлар ҳеч бир замонда ҳаммага бирдай маъқул бўлган эмас. Кимгадир юриши, гапириши, кийиниши, феъл-атвори ёқмаса, яна биров қўрслиги, гап таъсир қилмаслиги, китоб ўқимаслигини танқид қилади. Бундан минг йиллар олдин бунёд этилган “Ёшлар бузилиб кетяпти” битиклари сўзимиз исботидир…

Тошкентнинг “Сайилгоҳ” кўчасида хонанда, созанда, раққосдан тортиб рассомгача учратиш мумкин. Бу ерда улар халқимиз ҳамда меҳмонларга ноёб иқтидорини намойиш этади. Томошалар ярим тунгача чўзилади.
— Биз эркинмиз. Санъат билан ухлаб, санъат билан уйғонамиз. Мусиқа ва рақс билан яшаймиз, — дейди “бесуяк ўйин” кўрсатаётган раққос йигит.
— Мустақил ҳаёт кечираман. Ота-онам чет элда. Хизмат сафари билан юришади. Ёшлигимдан улар айтганимни қилишган. Ҳеч бир хатти-ҳаракатимга эътироз билдиришмайди. Мен эркин қушман! — гитарасини қучоқлаб, суҳбатга қўшилади ашулачи.
Гарчи “мустақилман” дея кулиб турган санъат ихлосмандларининг кўзларига боқар экансиз, беихтиёр уларда қандайдир оғриқнинг турфа жилоларини кўрасиз. Қизиқ, бу оғриқлар нима экан?!
— Дам олиш кунлари оилам билан сайрга чиқишга одатланганмиз. Гоҳида бу ердаги кўча раққослари, хонандаларнинг кийимлари, бачкана қилиқларини кўришга юз чидамайди. Улар тиланчи! — дейди дам олувчилардан бири. — Фақат отам замонидагидек хуржун кўтариб, уйма-уй юрадиган, бир бурда нон сўрайдиган эмас, нархи осмондаги мусиқа асбобларини чалиб, эвазига пул терадиган замонавий тиланчилар.
АҚШда ўтган асрнинг 70-йилларида турли ҳаракатларни аралаштирган ёш раққослар йирик шаҳарларнинг кўчаларига чиқди ва йўловчилар билан ўйнай бош­лади. Намойишлар Нью-йорк, Лос-Анжелеснинг камбағал маҳаллаларида урфга кирди. Кейинчалик, дунёда оммалашиб кетди. Кўча рақслари мутлақо қолипга эга эмас, ҳаракатларнинг барчаси эркин. Аҳоли наздида “тиланчи” деб таърифланаётган бу замонавий ёшларнинг санъатини саҳнада эмас, кўчада кўрсатишларига сабаб излаб, уларни суҳбатга тортдик.
— Ёшлигимда отам онам иккимизни ташлаб кетган, — дейди раққос Иляс Бекжанов. — Биз қийин аҳволда қолдик, пул жуда керак эди. Онамнинг ресторандан топгани рўзғорга етмади. Ишлашга қарор қилдим. Қурилишда икки кун ишлаганимдан кейин оёқ-қўлим қақшаб оғриди ва ўрнимдан туролмай қолдим. Даволаниб, кўчага сайр қилгани чиқдим. Раққосларга кўзим тушди. Уларни аввал ҳам кўп кўрардим, лекин эътибор бермасдим. Аҳволимни тушунтирдим ва менга ҳам ўргатишларини, пул зарурлигини айтдим ва жон-жаҳдим билан рақсга тушишга қарор қилдим. Мана икки йилдирки, кўчадаман. Саҳнада рақс тушсам, ўзимни эркин ҳис этмайман, чунки унда қонун-қоидалар бор. Кўчада эса ягона қоида — ҳеч қандай қоиданинг йўқлиги!
Кўча рақслари (Street Dance)нинг марказида дастлаб камбағал оилалардан чиққан негроид ногирон болалари турарди. 80-йилларда Африкада безорилар кўча жангларини тўхтатди, улар рақс тушишди ва ғолибни шу йўл билан аниқлашди. Бу даврнинг шиори “Қурол билан эмас, ижодкорона курашиш” эди.
Сайилгоҳ кўчасидаги ёшлар эса на камбағал, на ногирон. Уларнинг мусиқа асбоблари, кийим ва “Иш қуроллари”нинг нархи эса ўзига тўқ оилаларнинг фарзандлари ҳам орзу қиладиган даражада қиммат. Суҳбат давомида Иляс жамоасида йўқчилик туфайли меҳнатга лаёқатсиз, ноилож кўчага чиққанлар ҳам, оғу учун уйидан пул сўролмай, кўчани ягона илинж деб билган гиёҳвандлар ҳам ёки шунчаки қизиқиш учун рақсга тушадиган ўзига тўқ оилаларнинг фарзандлари ҳам борлигини таъкидлади.
Европада бу каби намойишларни асосан камбағал, ногирон болалар кўрсатишади. Шу “ҳунар”и орқали улар чойчақа топади. Давлат ҳам улар учун мусобақалар ўтказади, қобилиятини қадрлаб, имкон борича ёрдам беради. Бизда-чи?
Сайилгоҳдаги санъаткорлар орасида тўқ­­чиликдан майнавозчилик қилаётган, халқимиз тили билан айтганда, “замонавий тиланчилар” бор. Лекин чирмовуқлар орасида гулдай ҳунарини юзага чиқара олмаётган иқтидор эгалари-чи? Тирикчиликнинг шундан бошқа йўлини топа олмай, санъати поймол бўлаётган қобилиятли ёшлар дардини кимга айтсин? Уларнинг айби пули йўқлигими?
Ойинайи жаҳон орқали қулоқни қоматга келтирадиган клипини айлантириб, машҳурликка эришаётган, битта ашулани ҳам фонограммасиз куйлай олмайдиган “юлдуз”ларнинг олдида айрим кўчадагиларнинг санъати таҳсинга лойиқ.
Мутасаддилар уларнинг муаммоларини ўрганиб, сарагини саракка, пучагини пучакка чиқарса яхши бўларди. Ажабмас, юртимиз ёшлари, катта ютуқларга эришаётган турли соҳалар қаторига кўча раққос ва хонандалари ҳам ўз ҳиссасини қўшса…

Абдулазиз АҲМЕДОВ