“Маданият…”дан топганларим

Буюк итальян адиби Жованни Боккаччонинг “Декамерон” асари ўзбек тилида нашр этилиб, шов-шув бўлган кунларда бир киши китоб дўконига кириб сўрабди:
— Сизларда Дика Мироннинг “Пока-чего” деган китоби борми?

Бошданоқ айтай, киношуносмасман. Аксинча, оддий бир “кинохўр”ман.

“Ҳаммаси кўнгилдагидек”

…“Тақа-тақ-тақа-тақ-тақа-тақ… Пў-ў-ў-ў-ў-ў-ўп!” — поезд Римга елмоқда. Купеларнинг бирида: мўйлабигача оқарган, катта гардиш­ли кўзойнак таққан, аммо нигоҳлари недир саодатдан порлаган бир қария ўтирибди. Ойнадан “лип-лип” ўтаётган манзараларни завқ-ла томошалайди, ҳамроҳларига битта-битта қарайди, томоқ қириб-ютинади… Ичига сиғмаётган шодлигини кимгадир тўкиб-солгиси бор. Шу пайт кондуктор келиб чипталарни сўрайди. Қариянинг чиптасини тешаётганда чироқ бирровга ўчиб-ёнади. Кўришсаки, чиптага қўшилиб, чол қоронғида фарқлолмай узатган кафтдеккина сурат ҳам тешилган. У бундан қаттиқ оғринади. Бағридан жуфт ўйиқ очилган расмга йиғлагудек термиларкан, қаршисида ўтирган ўзи тенгилар аёл мулойимлик билан сўз қотади:
— Кўрсам, майлими?
— Албатта, марҳамат! — хиёл жонланди қария.
— Театр томошасиданми, дейман? — қизиқсинади аёл суратдаги турфа ниқобларда тушмиш, бир гуруҳ кишиларга ишора қилиб
— Йў-ўқ, хоним, бу — менинг оилам! — жавоб беради қария ошкора фахрланиб.
— Ҳа-а…
— Хоним, марҳамат қилиб, қаёққа кетаётганимни сўранг мендан, — дей­ди қария астойдил гурунг беришга шайланиб.
— Нима? Ғалати-ку жуда?
— Йўқ, сиз сўранг бир?
— Ахир…
— Сўрайқолсангиз-чи энди, хони-им?
— Хўп, яхши… Қаёққа кет­япсиз?
— Болаларимнинг олдига! — тантанали жавобни эшитади аҳли купе. Камига суратни ҳаммага тутқаза-тутқаза ўғил-қизларини таърифлай кетади. Инчунин, ўғилларининг бирови сенаторлигини, ҳар сайловда энг кўп овоз олишини; яна бирови дрижёрлигини, биргина ишорасига бутун оркестр илҳақ туришини; кенжатойи ҳам пойтахтда машҳури ҳожатбарор одамлигини; қизларининг икковиям бир-биридан ҳусндор, меҳрибон, ақллию ишбилармонлигини; набиралари-чи… э, барини жуда-жуда соғинганини тўлиб-тошиб айтади…
Римга, сўнг Неаполга, ундан Туринга бориб кўрадики: “сенатор”и сайловолди кайфиятда, “дирижёр”и репитецияда, “ҳожатбарор”и хорижда, “ишбилармон” қизлариям ўзи билан андармон. “Хорижда”ги кенжа ўғлидан ташқари барчасиникида қўноқ бўлади. Тўкин дастурхон, қувноқ қиёфалар, ҳазил-ҳузул… Қисқаси, бир қарашда, айниқса, кундузлари — ҳаммаси кўнгилдагидек. Аммо кечалари “сенатор”и — сенаторларга югурдаклиги, “дрижёр”и — оддий довулқоқарлиги, катта қизининг — эрига мутлақо кўнгли йўқлиги, кичиги эса — очиқ-сочиқ кийимлар рекламасида манекенлиги, ҳануз турмушга чиқмагани, лекин фарзанди борлиги… аён бўлади. Кенжа ўғли — Альваро ҳақида, аввалига бирортаси тайин гап айтмайди. Ахийри айтишадики, сўнг­ги марта олти ойча бурун кўришган: жудаям тушкун эди, ёлғизлигидан ёзғирганди, кейин… якка ўзи қайиққа ўтириб, океан ичига сузиб кетганини эшитдик, шу-шу, топилмади…
“Тақа-тақ-тақа-тақ-тақа-тақ… Пў-ў-ў-ў-ў-ў-ўп!” — поезд Римдан келмоқда. Купеларнинг бирида яна ўша қарияни кўрамиз: мўйлабигача оқарган, катта гардиш­ли кўзойнак таққан, аммо нигоҳлари недир изтиробга тўла. “Лип-лип” ўтаётган манзараларга маъюс термилади. Теграсига бепарво. “Ширқ” этиб, нимадир оёқлар остига тушади. Қария пайқамайди ҳам. Рўпарасида ўтирмиш йўловчи энгашиб олади, қара-аб қолади — кафтдеккина сурат.
— Кечирасиз, бу… оилангизми?
— Йўқ, бу — театр томошасидан, — қуруққина жавоб беради қария…
…Итальян режиссёри Жузеппе Торнаторенинг бу фильмини илк даъфа “Маданият ва маърифат” телеканалида кўраётиб, обидийдамни тиёлмадим. Тилимизга тотли ўгирилган жумлаларни талай замон такрорлаб юргандим. Шу режиссёр шахси ва фаолияти юзасидан “Тақдимот” тайёрлаб, бир назорат ишимни юқори баҳога ёпгандим ҳам. Уни тайёрлашда беминнат кўмагини аямаган собиқ сабоқдош хонадошим номиниям боплаб топганди ишнинг — “Мусаллас узумдан тайёрланади” (кинодаги қария бот-бот айтиб турадиган ҳаёт ҳақидаги хулосаси).
Шу бўлди-ю мен бўлдим — “Маданият ва маърифат”ни кўрадиган бўлдим. Дамқисма дарсларда овунардимки, бугун кечга, “Китоб ва кино” рукнида фалон фильм кетади. Бало бўлсаям, кўраман, ё насиб. Кўролмасам, эрта кундузи, “павтор”ини кутаман.

“Доктор Живаго”

— Иби, ака, бугун бекор бормадингиз-да ўқишга.
— Нима бўлди?
— Э, зўр бўлле, бутун дарс “Доктор Живаго” ҳақига бўлле. Таржима қелишипти-ку ўзбекчага.
— Романни-я? “Оқланган”и рост бўсин…
— Йоғей… Киносине айтопман, Анг­лия ишлаган-че?
— Шуям катта гап… Қачон, қайси каналдан қўйишаркан?
— “Садо” омоқчийдим, эсдан чиқипте, чёрт… Яқин орага. “Маданият…”дан-да, конечно. Аристократ канал лекин, кўз тегмасин!
— Нима гаплар бўлди, шундай қилиб?
— Ҳози(р), сув ичеб олай… Аҳ-ҳ, Худога шукр!.. Карочче, мандан Живаго чиқмасакан. Апа (Иқбол Қўшшаева — “Иқбол опа” ёки “Опа” дердик. Эндиям шундай.) айтте…
— Сабаб?
— Бундоқ бўлле, апа, кино қаҳрамонларе тўғрисига, умуман асар тўғрисига қесқача гапиргач, фалончидан Живаго чиқише мумке-ен, деб биттасини айтте. Хай, ман айттем, иби, апажон, ўша фалончи биравнинг хотинине севиб қоладиган одамме?
— Кейин-чи?
— Кейин, эшитдим-да эшитадиганимне. Бир пасилга “феодал” ҳам бўллем, “инквизатор” ҳам бўллем… Э, Рим папасигаям ман суиқасд қиган бўп чиқдем-ов!
— Сизга ўхшаган қаҳрамониям бордир, кўрайлик-чи кинони.
— “Миша”га ўхшармишман — Живагонинг жўрасега… Уёғ-буёғини билмадиму, дах-хшат нарсага ўхшайди, ака-а. Китобиниям топаман! Ўрисчадан хабар бо(р), Худога шукр…
Талабалигимизнинг таги кўриниб қолган кунларда, юқорироқда ёзганим, сабоқдош, ҳам хонадош бир жигарим ила кечган суҳбат бу. Хуллас, ўшанда кинони кўролмадим “ойнаи жаҳон”дан. Аммо кўрганларни кўриб-эшитиб, ичим қизирди. Айниқса, қизларимизга Худо берганди. Кўзгиналари пориллаб, шоирона шивирлаб қўядиган одат чиқаришди: “Мен ўз кўнглимнинг таржимониман”, “Нафрат ортида ҳам муҳаббат туради”, “Биз фақат томоша қиламиз, дунё эса ёнгинамиздан ўтиб кетаверади”…
Бўлмади. Опанинг ўзидан олиб, ҳалиги ҳамхонам билан кўрдик фильмни. 1897-1922 йиллар миёнасида, Россияда рўй берган, асорати аср адоғигача, дунёю дун­га бўй берган воқеаларнинг моҳирона “бадиа”си: инқилоб, митинглар, пролетариат, биринчи жаҳон уруши, қаҳатчилик, “қама-қама”, сургун, шахсга сиғиниш… Дахшат, чинданам! “Бадиа” деганим шундаки, асарда, ҳар қанча реаллик ёритилмасин, унга “бадиий тўқима” навлик “туз” ташланади. Мақсад — таъсирли чиқсин. Янаям ўқишли, кўришли бўлсин. Таъбир жоиз эса, эффект берсин.
Бу типдаги “жавоҳир”лар харидоргирлигининг асосий меъзонларидан бири — барча ҳодисалар азалий аксиома, “муҳаббат учлик”…лари атрофида юз беради. Ва шуниси билан мухлисни охирги нотагача тутиб туради. Аниқроғи, одамлар, давр долғаларига эмас, бояги “учлик”ларнинг ўша долғалардан айнан қайси, қанчалик чиқиб кета олишига кўпроқ қизиқади.
Ҳамхонам китобни топиб келди. Мук тушиб, ўқий бош­лади. Эллик бетча хатм қилгач, парвози пасайди. Ҳа, десам, тишим ўтмаяпти унча, деб қолди. Ваҳоланки, русчаси бинойидай, китоблар ҳам ўқиб туради. Мисол учун, ўша вақтлар Чингиз оғанинг “Плаха”(“Қиёмат”) романини ўқиб туширганди. Ўзиям ҳайрон. Кўпгина тенгқурларимиз қатори иккаламиздаям бир савол ниш урганди: “Нимага ҳалиям ўзбекчага ўгирилмаяпти, бу асар?”. Ҳақли савол. Нима, Пастернак ҳамон “қора рўйхат”дами ё? Ўйлашнинг ўзи кулгили. Пишиқ-пухталар тутуруғли ваъж кўрсатмагач, ўзимиз хомаки хулосалар ясадик: моддий рағбатнинг йўқ ҳисобидалиги — молиявий тақчилликда, муаммо! Бор ижодий салоҳиятингни сафарбар айлаб, асар узра ойлаб, йиллаб ўтирасан, ўгирасан, амаллаб нашр ҳам этасан… Бадалига — “битбилдиқ”.
Яқинда қизиқ бир нарса ўқиб қолдим. Бугунга чоғиштирсанг, ишонгинг келмайди, азбаройи Худо. Лекин факт. Мозийимизда маърифат ўчоқлари саналган “Байт-ул ҳикма”(Академия)ларда, мутаржим-­олимларга ўгирган асарининг вазни баробар олтин беришган экан. Мана, алломаларимиз-ла нега бунча фахрланамиз? Шунақа эътибор, “қалам ҳақи” ажратишсин-чи, э, ҳозир ҳам потраб чиқади алломалар…

…P.S: “Маҳобҳорат”.

— Ошна, биласиз, сериал кўрмасдим ҳеч. Аши “Маҳобҳорат”ни қолдирмай кўряпман, ома-чи. Дуб­ляжни ҳам боплашибди, — деганди 2016 йилнинг баҳорида “анжан”лик бир дўстим.
Ўша маҳаллар газетада ишлардим. Навбатчилик кун­ларим кеч қайтарканман, сабрим чидамай, хонадошимга сим қоқардим. У эса ўз лаҳжасида, ажабтовур “онлайн”ни бошларди дарров: “…ана, қўтирэчке Дурёдхон, шунноқ-шунноқ деёпте пандузодаларга. Унга Бҳим “…епсан, шу гапингга!” деб ответ қилопте… Шўхлашинг-ей, ака, қизиқ бўлопте вапши-то!”.
Таассуф ва таажжубки, уч-тўрт ой ўтиб, ёз ўртасига етиб қувончимизни “кўп кўришди”. “Маданият ва маърифат” каналининг навбатдаги туҳфасини, “Маҳобҳорат”нинг янги талқини таржимасини… узиб қўйишди эфирдан. Суриштирсак, эмиш-миш қулоққа гаплар чалинди: каналларимизда сериаллар кўпайиб кетганмиш, менталитетимизга мос эмасмиш, халқнинг хулқини бузармиш… Катталарда майда баҳона-ю “майда”ларда катта ваҳималар қўпганди, шуйтиб. “Ўргимчак тўри”да билгич бир аёлгина(исмини эслолмадим), барининг оғзига ургилик раддиясини эълон қилганди. Авваламбор, “сериал”мас бу — буюк бир эпоснинг, кўп қисмли экранлашмаси, сўғин, қаери мосмасакан менталитетимизга, шоҳ қизи Драупаденинг беш оға-инига бирдай хотин бўлишими? “Алпомиш”да Барчинга талабгор 90 алп(!)нинг сардори Кўкалдош, ўзбакнинг қизини биримиз ё баримиз олайлик, қабилида сўз демасмиди? Бойсариям шундайчикин гап қилади: “…ўзига борингизлар, ўзидан сўрангизлар, бирингизга тиями, барингизга тиями, ўзидан сўраб билингизлар”, маънисидаги жойлари бориди. Кўлга тушган кесакдай беиз, бетаъсир кетди лекин.
Жиззахнинг “Аршли” қиш­лоғидан(ҳозирги Шароф Рашидов туманида) бир қадрдоним телефон қилувди шу паллалар:
— …“Маданият-маърифат”(“Маданият ва маърифат” телеканали)да ишлийдиган биранта тонишингизди нўмирини берасизма, ака?, — деганди, салом-аликдан сўнг ҳовлиқиб.
— Ийе, ҳа, ука, тинчликми?
— Ануви, китобхон холам бор-ку, сўриятувди-да…
— Нимагалигини билсак бўладими?
— Э, сўраманг, ака, шу холамди уллари, бир ҳоптадан бери жанжал қилади, “Маҳобҳорат”ти қочан қўяди, деб. Қишлоғимиз номидан хот ёзмақчи, холам.
— Кимга?
— А, шуни билиш-чун телипон қиляппан-да сизга, ака. Кимга, нима ёзиш керак? Каналди катталаригама, вазирликкама?.. “Билдириш хати”ма, “Шикоят хати”ма?..
Тайинли бир жавоб қилмагандим. Қайдам, энди ҳам кечмасдир? Кеч бўлса-да “ҳеч”дан кўра…
Болалик бир манзара балқди ҳофизамда. Қора хуфтонда молларни судраб қайтардик уйга. Билъакс, моллар бизни судраб қайтарди, десам ўнгғай бўлар, асли. Йўл гирдидаги одамларнинг маккапоясига урарди ўзини. Биз, муштдай нарса, кучимиз етмай, тилимизга зўр берардик, йиғламсираб: “Чи-иқ, ичинг­ни еги-ир, “Маҳобҳорат” ўтиб кетади-и!”. Молга “Маҳобҳорат” нимаю, “Ясон ва аргонавтлар” нимаю, “Кунг­фу-Панда” нима? Қорнига киргани — ҳисоб. Йиғлаб-сиқтаб, ювиниб-қоқиниб, жон ҳалпида келсак, адо бўлган бўларди “Маҳобҳорат”.
У маккапоялар ҳам, улар экилган қўшимча томорқалар ҳам йўқ эндиликда. Не тонгки, барибир кўролмаяпмиз “Маҳобҳорат”ни!..
Инсоф билан айтганда, “Маданият ва маърифат” ўзанида узатилаётган дурдоналар борасида, умумий олганда, икки оғизлик тафсир бўлди ёзилганлар. “Маданият…”да кино эмас, ўзимни кўраман, кузатаман, қалқиб уйғонаман, дейди маданиятпарвар-у маърифатсевар бир мухлисаси каналнинг.
Сўнгсўз сифатида:
Ўзгани тутдилар
“Исо” деб шаксиз,
Руҳи маҳфузимда
асл Исо бор.
Ҳали ҳам тавҳидда
эски ақоид,
Ҳар бир Фиръавнга
битта Мусо бор.

Шербек БОБОНОР ўғли