Математиклар учун катта имконият

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг В.И.Романовский номидаги математика институти юқори малакали кадрлар тайёрлашга улкан ҳисса қўшмоқда. Бугунги кунда муассаса жаҳон даражасида эътироф этилган математик тадқиқот марказларидан бирига айланди.

Мазкур муассаса 1943 йилда Фанлар академияси институт таркибида шаклланган.
Ходимларимиз илмий иш олиб бориб, олий таълим муассасаларида талабаларга маърузалар ўқишади.
2019 йил 9 июлда Президентимиз “Математика таълими ва фанларини янада ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шунинг­дек, Ўзбекистон Респуб­ликаси Фанлар академиясининг В.И.Романовский номидаги математика институти фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Нима учун математика институти фаолиятини яхшилаш учун? Чунки математика ҳамма фаннинг асоси. Нафақат фанларнинг, балки барча жараёнларнинг асосида математика ётади. Бу фан юртимизда азалдан ривожланган. Беруний, Хоразмий каби буюк алломалар тамал тошини қўйиб кетган.
Қарорда фанни ривожлантириш учун шароит яратишга эътибор қаратилган. Институтимизда иш штати кам бўлгани учун ходимлар камчиликни ташкил этарди. Эндиликда кўплаб истеъдодли математикларни, айниқса, хорижлик мутахассисларни жалб қилмоқчимиз. Кейинчалик биргаликда тадқиқотларни пухта ишлаб чиқиш учун етакчи хорижий математика марказлари ва экспертлик ҳамжамиятлари билан республиканинг долзарб илмий муаммолари ҳамда уларнинг муҳокамасини ташкил қилиш кўзда тутилган. Математик ҳисоб-китоблар махсус компьютерларни талаб этади. Қарор доирасида институтимиз бундай компьютерлар билан таъминланмоқда.
Соф илмий мақолалар бериб бориладиган “Ўзбекистон математика журнали” 2018 йил январь ойидан буён фақат инглиз тилида чиқяпти. Халқаро журналга айланди, десак ҳам муболаға бўлмайди.
Ҳозир энг янги илмий-техник ишланмалар тўғрисидаги илғор хорижий тажрибани излаш, умумлаштириш, таҳлил қилишнинг давлат ахборот-таҳлил тизими бўйича ҳам иш бошланди. Хусусан, чет элдан математика мутахассислари келиб, институтимизга ишга жойлашди.
Қарорнинг яна бир аҳамиятли томони шундаки, математика фанини амалиётда қўллаш имконини беради. Ҳозиргача бу муаммо эди. Эндиги асосий мақсадимиз соф математик муаммолар ечимини топиб, монография, илмий ишларни ривожлантиришдир. Қарорда умумтаълим мактаблари, лицей ўқувчилари, олий таълим муассаса талабалари ва докторантлар учун математика бўйича ўқув курслари ташкил этиш ҳақида сўз борган. Шу ойда “Ёш математиклар” ўқув марказлари ишга тушиши кўзда тутилмоқда.
Қарорда белгиланишича, масофавий технологияларини қўллаган ҳолда, математика йўналиши бўйича маҳорат дарслари, семинар-тренинг ва онлайн маслаҳатлашувлар ташкил қилинади. Бунинг учун режа-жадвалини ишлаб чиқиб, интернет порталига жойлаштиряпмиз.

Шавкат АЮПОВ,
ЎзРФАнинг В.И.Романовский номидаги математика институти директори