Сўзи ҳалол, қалами қурол

Инсон ҳамиша нимагадир эҳтиёж сезиб яшайди. Эҳтиёжлар орасида энг кўп қайсига мурожаат қиламиз? Шубҳасиз, фикрлашга, сўзимизни бошқаларга етказишга. Бу эҳтиёж кийиниш, овқатланиш каби ҳаётий заруратлар қаторида туради.

Миллатнинг, инсониятнинг сўзга илҳақлиги, ташналигини қондириш йўлида оммавий ахборот воситалари ижодкорлари, блогерлар жонбозлик кўрсатмоқда.
Кейинги вақтларда сўз эркинлигига шароит яратилаётгани туфайли ОАВ нуфузи тикланмоқда, жамиятдаги муайян муаммолар ечим топмоқда. Одамларда ноқонуний қилмишлари учун “фельетон бўлишдан ҳайиқиш” ҳисси яна шакллана бошлади.
Бугун журналистликни даъво қилмайдиган, аммо фаол ахборот тарқатаётган ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари қатлами блогерлар, интернет нашрлари шаклланди. Улар жамиятнинг информацион чанқоғини тезроқ қондирмоқда. Таҳлилий чиқишлари билан омма орасида ижтимоий фикр шаклланишига хизмат қилмоқда.
Бугун 50-100 минглаб обуначиси эга телеграм каналлари мавжуд. Демакки, улар бир неча ўн минглик аудитория фикрини шакллантириб, маълум даражада манипуляция қилмоқда. Уларнинг аксариятини қонунчилик нуқтаи назаридан ОАВ сифатида тан олиб бўлмайди. Аммо хориждагидек обуначилар ададидан келиб чиқиб, лицензия асосида фаоли­ят­ юритиш механизмларини кўриб чиқиш пайти келди.
Чунки уларда эълон қилинган материалга жавобгарлик масаласи баҳсли. Ихтилоф келиб чиқдими, дарҳол уни сайт (блог)дан олиб қўйиш мумкин. Аммо бу вақт оралиғида уни қанча ўқувчи ўқиди, қанчаси ўз архивига сақлаб қўйди ва қанчаси дўстлари билан “баҳам” кўриб улгурди.
Жорий йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳрида МИБ (мажбурий ижро бюроси) ходимлари иштирокида суд қарори ижроси таъминланиб, фарзандини ўзига қайтариб олаётган она видеоси тарқалди. Зор-зор йиғлаётган бола, фарзандини бергиси келмаётган ота, уч йиллик хориж сафаридан сўнг судда ғолиб бўлган она тасвири. Шу хабар атрофидаги гап-сўзлар ижтимоий тармоқларни буткул забт этган кунларда

хусусий телеканалларнинг бири информацион дастурида тўлиғича бир ёқлама лавҳани эфирга узатди. Фақатгина она ракурсида туриб ёритилган тасвирни кўриб, фикрларни эшитиб, кўпчилик “Бугунги журналистикамиз фақатгина манфаатларга хизмат қилмоқда”, деган хулосага келди.

Айрим муаллифларнинг кўпинча якуний хулосани беришга интилиши, ҳолат юзасидан ҳукм чиқариши ўқувчи онгига салбий таъсир кўрсатмоқда. Муаллифнинг хулосаси қаҳрамонларга тамға босишга асос бўлмоқда. Албатта, бундай ҳолатларга қонунан баҳо бериш, туҳмат, бўҳтон тарқалишига чек қўйиш лозим. Эсланг, дунёда қандайдир террорчилик хуружи бўлса, ОАВ вакилларини қизиқтирадиган биринчи савол жиноят содир этишда гумонланаётган шахснинг дини бўлади. Шунга қараб, улар иккиланмасдан террор ҳақида хулоса ясайди ва кўпчиликнинг фикрини бошқаришга уринади. Айбсизлик презумпцияси баъзан унутилгандек. Ҳамиша ёдда тутайлик: муайян шахсни айбдор деб таърифлаш учун суд ҳукмигина асос бўла олади.
Журналистнинг асосий вазифаси ижтимоий тараққиётга хизмат қилишдир. “Президент юритаётган сиёсатга кўмакчи бўлайлик!”, деган чақириқ билан ялтоқланиш, лаганбардорликни эмас, шу юртга хизмат қилиш масъ­улиятини ҳис қилайлик. Тараққиёт аравасига чиқиб бошқалар итаришини кутиш ҳам ёхуд уни тезроқ манзилга етказиш учун ҳаракатлантириш ҳам ўз қўлимизда.
Журналистнинг қуроли — қалам, нони сўз, дейишади. Машаққатли соҳа вакилларининг қуроли ҳамиша соз, нони ҳалол бўлсин. Шундагина ОАВ чин маънода тўртинчи ҳокимиятга айлана олади.

Дилшодбек УСМОНОВ