Таассуротларга бой фестиваль

Айни кунларда ҳар бир кексаю ёшнинг қалбида ўзгача шукуҳ, кўзларида қувонч. Ватан меҳри, юртга садоқат, ватанпарварлик ҳислари юзларидаги илиқ табассумда ҳам намоён бўлмоқда.

Айниқса, кўчаларимизда миллатнинг фахри бўлган юрт байроғини қўлларида баланд тутиб ўтаётган ҳимоячиларимиз ҳамда келажагимиз эгаларини кўриб, каттаю кичикнинг кўнгли шодликка тўлган. Ана шундай кунларда “Буюк аждодларга муносиб ворис бўлайлик!” шиори остидаги I ёшлар фестивали жойларда кўтаринки кайфият, байрамона руҳда ўтмоқда.
Термиз шаҳрида ёшлар ўртасида маънавий-маърифий ишларни янада кучайтириш мақсадида ташкил этилган фес­тивалда кам таъминланган оила фарзандлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар “Султон саодат”, “Кокилдор ота” тарихий масканларига саёҳат қилди. Иттифоқнинг фаол ёшлари Термиз шаҳридаги фахрий ўқитувчилар ҳолидан хабар олиб, уларга байрам совғаларини топширди.
— Нафақадаги фахрий ўқитувчилар хонадонига бориб, улар билан суҳбатлашиб, бир олам таассуротларга эга бўлдим, — дейди “Камалак” фаоли Фахриддин Самадов. — Устозлар панд-насиҳати, ўгитларига амал қилсак, асло кам бўлмаймиз. Бу каби учрашувларни тез-тез ўтказишга тенгдошларимиз билан келишиб олдик.
I ёшлар фестивали кунлари 12 номдаги 12 мингдан зиёд китоб карвони кириб келиши сурхонлик ўғил-қизлар учун чинакам байрам туҳфаси бўлди.
Фестиваль кунлари Жиззах шаҳрида барча шароитларга эга “Ёшлар инновацион маркази”нинг очилиши вилоят ёшлари учун муносиб туҳфа бўлди. Марказ тадбиркорлик, китобхонлик, ахборот технологиялари, инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш, ёшларни оила қуришга тайёрлаш, уларга психологик хизмат кўрсатиш ҳамда лидерлик қобилиятини шакллантириш бўйича иш олиб боради.
— Энди бўш вақтимизни мазмунли ўтказадиган марказимиз бор, — дейди Иттифоқнинг вилоят кенгаши сардори Меҳрижон Шаропова. — Ўйлайманки, “Ёшлар инновацион маркази” қисқа фурсатда барча ёшларнинг севимли мас­канига айланади.
Навоий вилоятида I ёшлар фестивали “Ёшлар хиёбони”нинг очилиш маросими билан бошланди.
Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳузуридаги талабалар театр жамоаси иштирокида “Юрт қадри” номли саҳна асари намойиш этилди. “Уч авлод учрашуви” шиори остида устоз ва шогирдлар дийдорлашди.
— Президентимиз яқинда халқ таълими тизимини ривожлантиришга ба­ғишланган видеоселектор йиғилишида “Ҳурматли муаллимларимиз, жонкуяр мактаб директорларини, соҳа фахрийларини эл-юртимизнинг таянчи ва суянчи деб биламиз”, дея таъкидлагани биз, устозларни жуда руҳлантирди. Бу устоз­ларни янада кўпроқ изланишга, ёшларни камол топтиришда ҳормай-толмай меҳнат қилишга ундайди, — дейди ­Лобар Сафарова.
Фестиваль доирасида “Ватан ҳимоя­си – юксак масъулият” мавзусида ҳарбийлар ва ёшлар, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, келажакдаги эзгу мақсад ва ниятлари билан ўртоқлашиш мақсадида “Ҳоким ва ёшлар” учрашувлари ўтказилди. Вилоят ҳокими юқори натижаларга эришган, фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган ёшлар ҳамда устоз-мураббийларни эс­далик совғалари билан тақдирлади.
Қорақалпоғистон Республикасида Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббуси тарғиботига бағишлаб спорт мусобақалари, “Эзгулик албатта қайтади” шиори остида қон топшириш хайрия акцияси, олий таълим муассасалари талабаларининг “Талабалар ­театр студиялари” спектакллари, “Мард ўғлон” мавзуида оммавий тадбирлар ўтказилди. Айниқса, “Уч авлод учрашуви” шиори остида фахрий ўқитувчилар билан учрашув, Ўзбекистон Қаҳрамони, шоир Ибройим Юсупов ҳамда ёзувчи Тўлепберген Қайипбергенов издошлари билан ижодий мулоқот, “Ёш тадбиркорлар маҳсулотлари кўргазмаси”, тарихий фильмлар намойиши фестиваль иштирокчиларига байрамона кайфият
улашди.
Самарқанд вилоятида фестиваль ёшларга ўзгача руҳ бахш этди. Каттақўрғон туманида “Ёшлар кутубхонаси” фойдаланишга топширилди. Пайариқ, Пастдарғом ва Жомбой туманларида “Мустақилликка менинг туҳфам” шиори остида “Ёшлар кутубхонаси” рукни остида чоп этилган китоблар тақдимоти бўлиб ўтди. Қўшработ ва Нуробод туманида “Мард ўғлон” мавзуида “Ватан ҳимояси — юксак масъулият” тушунчасини тарғиб қиладиган оммавий тадбирлар, учрашувлар ва давра суҳбатлари уюштирилди. Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази, “Ёшлар — келажагимиз” жамғармаси Самарқанд шаҳар бўлими билан ҳамкорликда ёш тадбиркорларнинг маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтди.
Қашқадарё вилоятининг Муборак ва Миришкор туманида “Ёшлар меҳнат гузарлари” фойдаланишга топширилди. Уларда 46 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди. Китоб туманида эса “Китоблар олами”нинг очилиши ёшларни бениҳоя руҳлантирди. Шаҳрисабз ва Қарши туманларида 40 та ёш оилага янги хонадонларнинг калити топширилди. Вилоятдаги барча умумтаълим мактаблари, олий таълим муассасаларига 13 мингдан ортиқ китоблар жамланмаси топширилди. Абдулла Орипов номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатида “Муносиб издошлар” мавзуида икки авлод вакиллари учрашди.
Наманган вилоятида ҳам байрам зўр кайфият билан ўтказилди. “Ёшлар маркази”да ўғил-қизларнинг ахборот ва коммуникация ҳамда робототехника соҳасига қизиқишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган “Робототехниклар”, иқтидорли ўқувчи-ёшлар ўртасида менталь арифметика бўйича “Математика фани билимдони” танлови бўлиб ўтди. 100 нафар имконияти чекланган ёшлар адиблар хиёбони ва Исҳоқхон Ибрат мажмуасига саёҳатга олиб борилди. Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуасида
5 та муҳим ташаббус доирасида спорт мусобақалари ташкил этилди.
Наманган шаҳридаги “Афсоналар водийси” боғида “Буюк аждодларга муносиб ворис бўлайлик” шиори остида ўтказилган ёшлар гала концерти фестивалга якун ясади.

Мухбирларимиз