“Универсал жанг” бўйича турнир ташкил этилди

Куни-кеча давлатимиз Мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институтида спортнинг “Универсал жанг” тури бўйича курсант ва муддатли ҳарбий хизматчилар ўртасида институт биринчилиги ўтказилди.

Институтда спортнинг мазкур турини ривожлантириш ва оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаб, келажакда терма жамоа таркибида маҳаллий ва халқаро мусобақалардаги иштирокини таъминлаш мақсадида ўтказилган турнир иштирокчилари 3 кун мобайнида куч синашдилар.

Спортнинг “Универсал жанг” тури иккикураш спорт жамланмаси ҳисобланади. Мусобақанинг биринчи босқичида иштирокчилар тўсиқлардан ошиб ўтиш, қуролдан ўқ узиш ва нишонга пичоқ отиш каби машқлардан ўз маҳоратларини намойиш этган бўлсалар, иккинчи босқичда эса улар универсал жанг қоидалари асосида татамида жанг қилдилар.

“Бизнинг мақсадимиз Ҳарбий-техник институтида бўлиб ўтган бу мусобақада кучлиларни аниқлаб, уларни терма жамоага жалб қилиш ва Ўзбекистон ҳамда жаҳон чемпионатларида иштирокини таъминлашдир”, – дейди Ўзбекистон “Универсал жанг” федерацияси президенти Я.Зокиров.

Ташкил этилган мусобақа муросасиз ва шиддатли баҳсларга бой бўлди. 7 вазн тоифасида иштирок этган 4 нафар жамоанинг олиб борган жанглари ҳакамлар Ҳайъати томонидан синчковлик билан баҳолаб борилди.

“Универсал жанг” бўйича Институт биринчилигида умужамоа ҳисобида бизнинг терма жамоа ғолибликни қўлга киритди. Бундан кейинги мусобақаларда ҳам ғолиб бўлишга ва Ўзбекистон байроғини юксакларга кўтаришда ўз ҳиссамизни қўшишга ваъда берамиз” – дейди 5-босқич курсанти Ф.Салимов.

“Келажакда нафақат спорт йўналишида, балки илм-фан йўналишида ҳам юқори марраларни эгаллаб, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг шарафини ҳимоя қиламиз”, – дейди фахр ила 1-босқич курсанти М.Мирзахўжаев.

Мусобақанинг якуний натижаларига кўра, яккалик ва умумжамоа ҳисобида ғолибликни қўлга киритган спортчиларга махсус диплом, кубок ва медаллар топширилди.

 

Нафосат Зафарова,

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси

Матбуот хизмати етакчи мутахассиси