Уч баҳога ўқиганлар стипендия олмайди(ми?)

Олий таълим муассасаларида ўқиш учун тўлов-шартнома пули ҳамда талабалар стипендияси миқдорлари маълум бўлди. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги раҳбар ходимлари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди.
Янги ўқув йили бошланганига қарамай, тўлов-шартнома пули ва талаба стипендия­лари миқдори мавҳумлиги жамоатчилик ўртасида турли шов-шувларга сабаб бўлаётган эди. Ниҳоят, бу борада янги тартиб ишлаб чиқилди. Унга кўра, талабаларга тўловларни амалга оширишда қулайлик яратиш, олий таълимнинг ҳаммабоплигини таъминлаш мақсадида 2019-2020 ўқув йилидан бош­лаб, тўлов-контракт қиймати миқдорлари икки хил кўринишда — стипендияли ва стипендиясиз этиб белгиланди.
Шунингдек:
— барча (давлат гранти ва тўлов-контракт асосида ўқийдиган) талабаларга бир хил 400 минг сўм миқдорида стипендия белгиланди (давлат гранти асосида таълим олаётган битирувчи курс талабалари учун аввалги — табақалаштирилган тизим сақлаб қолинади);
— ОТМ ректорлари тавсияси билан билимли ва фаол талабаларни стипендиянинг 50 фоизи (200 минг сўм)гача миқдорда давлат бюджети ҳамда ўқув юртида ташкил этиладиган фонд ҳисобидан қўшимча рағбатлантириш тизими жорий қилинади;
— давлат гранти асосида таҳсил олаётган талаба 30 фоиздан ортиқ фанларни 3 баҳога ўзлаштирса, унга кейинги семестрда стипендия берилмайди;
— Президент ва бошқа нуфузли стипендияларни олган талабалар учун стипендия миқдори ўзгармайди.
Стипендиясиз тўлов-контракт қиймати миқдорлари, ҳар ойлик талабага тўланиши белгиланаётган 400 минг сўм (бир йилда
4 миллион 800 минг сўм)ни чегириб таш­лаш ҳисобига шакллантирилади. Тўловларни амалга оширишда енгиллик яратиш мақсадида контракт суммаларини ойма-ой бўлиб тўлаш имконияти берилади ҳамда олий таълим муассасалари ректорлари тўлов муддатларини узайтириш ваколатига эга бўлади.
— Олий таълим муассасалари ходимларининг иш ҳақи, коммунал хизматлар тарифлари ва бошқа сақлаш харажатлари ошгани туфайли олий таълим муассасалари харажатлари даромадига нисбатан 74 фоиз­га­ ўсгани ва бошқалар инобатга олиниб, тўлов-контракт қиймати 18 фоизга оширилди, — дейди вазир ўринбосари Сарвар
Бузрукхонов. — Бу миқдор бир талабанинг бир йиллик ўқиши учун зарур бўлган харажатнинг ўртача 68 фоизини қоплайди. Сиртқи ва кечки таълим учун тўлов-шартнома пули миқдори 35-40 фоизга камайтирилди. Олдин 9 миллион сўмни ташкил этган бўлса, ҳозир
6 миллион 300 минг сўм этиб белгиланди.
Аммо “супер-контракт” нархлари ҳали тасдиқланмади. Маълумотларга кўра, стипендияли ва стипендиясиз тизим, тўлов-шартнома пулини иккига бўлиб тўлаш тартиби оширилган контракт асосида ўқийдиганлар учун ҳам жорий қилинади. Шу билан бирга, Марказий банкка “супер-контракт” тўлови учун таълим кредити лойиҳасини ишлаб чиқиш юзасидан топшириқ берилган.
Анжуман сўнгида мутасаддилар журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди. Вазир ўринбосарининг айтишича, жамоатчилик фикридан келиб чиққан ҳолда, қатъийлаштирилган стипендия миқдори қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Рўзиқул ОЧИЛОВ