Уқув қайда бўлса, улуғлик бўлар

Инсоннинг билимли ва маънавиятли бўлиб улғайишида мактабнинг ўрни катта. Ўқувчиликда олинган билимлар келажакда кўплаб муваффақиятга калит бўлади. Маърифатпарвар бобомиз Фит­рат бежиз “Ҳаёт йўлида биринчи масала — мактаб масаласидир” дея таъкидламаган эди.
Шу боис умумтаълим мактабларини янгидан қуриш, қайта таъмирлаш, педагог кадрлар билан таъминлаш, синфхоналарни замонавий жиҳозлашга қаратилаётган эътибор бугун барчамиз учун кечиктириб бўлмайдиган, давлат даражасидаги бош масалага айланди. Бу жараёнда нафақат давлат ташкилотлари, балки юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро ўз масъулиятини ҳис этса, айни муддао бўлади.
Айни пайтда таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Президентимиз томонидан халқ таълими тизимига оид 6 та фармон ва қарор, Вазирлар Маҳкамасининг 21 та қарори қабул қилингани бу борадаги саъй-­ҳаракатларни янада жонлантирди. 11 йиллик мактаб таълими тизими тиклангани, сўнгги уч йил ичида юртимизда 157 та умумтаълим мактаби янгидан қурилгани бунга мисол бўлади.
Мактаб нуфузини ошириш, ўқувчи ёшларни ҳар томонлама билимга чанқоқ этиб тарбиялашда ўқитувчининг ўрни беқиёсдир. Зиёлиларимиз: “Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касбларнинг ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир”, дея таъриф бергани айни ҳақиқат. Ўқитувчилик жуда масъ­улиятли касб. Ўз устида ишлаган, тинимсиз ўқиган кишигина бу касбга муносиблигини ҳаёт кўрсатяпти.
Бугун юртимиз умумтаълим мактабларида 460 мингга яқин педагог фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг меҳнатини рағбатлантириш бўйича самарали ишлар бажарилаётир. Охирги 3 йилда ўқитувчиларнинг иш ҳақи ўртача 2,5 баробарга ошди. Халқ таълими тизимига 12 минг 871 нафар эркак ўқитувчи қайтгани ҳам қувонарли, албатта.
Жамиятнинг ҳар бир жаб­ҳасида эркак кишининг ўрни муҳим. Айниқса, бу ўқувчи-ёшларнинг таълим-тарбиясида сезилади. Илгари эркак педагог­лар зиммасига таълимдан ташқари кўплаб қишлоқ хўжалиги ишлари ҳам юклатилгани, ойликлар пастлиги сабаб улар мактабларни тарк этган эди. Эндиликда, бу муаммонинг ҳал этилгани ўқувчи ёшлар таълим-тарбиясида ижобий ўзгаришлар бўлишига ишонч уйғотади.
4 сентябрь куни мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларида “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида “Биринчи қўнғироқ” тадбирлари кўтаринки кайфиятда ўтказилди. Шундай тадбир Шайхонтоҳур тумани “Кўкча” МФЙ ҳудудидаги 192-умумтаълим мактабида ҳам ўтказилди. Янги ўқув йилида мактаб янгича қиёфа касб этди. Жорий йилнинг ўзида “Обод маҳалла” дас­тури асосида қайта таъмирланиб, ўқув хоналари етарли жиҳозлар билан тўлдирилди.
— 30 йилдан буён шу мактабда дарс бераман, — дейди мусиқа маданияти фани ўқитувчиси Юсуф Қурбонов. — Юртимизда мактаб тизимининг қайта ислоҳ этилиши тарихий воқеа бўлди. Айниқса, давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 23 августида халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг ма­лакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағиш­ланган видеоселектор йиғилишида айтган гаплар мен қатори кўплаб ҳамкасбларимнинг кучига-куч, ғайратига-ғайрат қўшди.
Мактаб 960 нафар ўқувчига мўлжалланган бўлиб, ҳозирги кунда 1 минг 84 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. 2019-2020 ўқув йилида яна
4 та 1-синф очилди. Мактабда
62 нафар педагог фаолият юритяпти. Шундан 6 нафари эркак ўқитувчи. Мактабда ўнлаб касб-ҳунар, фан ва спорт тўгарак­лари ташкил этилган.
Бир сўз билан айтганда бугун мактабларимиз қиёфаси ўзгаряпти. Президентимиз таъкидлаганидек, 2020 йилнинг 1 январидан ҳеч қайси халқ таълими ходими, директор ва бошқалар мактаб таъмири билан шуғулланмайди, бу ишларни маҳаллий ҳокимликлар бажаради. Шундай экан, яратиб берилаётган кенг имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда ўқитувчи-педагог­ларимиз чуқур билим ва кўникмага эга бўлиб, ўқувчи-ёшларнинг сифатли таълим олишига кўмаклашиши, улар эса кўплаб китобларни ўқиб, берилаётган таълим-тарбияни ўзлаштирган ҳолда юртимиз тараққиётига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиши керак. Улуғ мутафаккир бобомиз Юсуф Хос Ҳожиб айтганидек: “Уқув қайда бўлса, улуғлик бўлар, Билим кимда бўлса, буюклик олар”.

Ҳасан УСМОНОВ