Эски мактаб тилсими

Биринчи ўғитувчим Танзила Мударрисовна Фахрутдиновага бағишладим!

Ҳар куни қандайдир эски мактаб ёнидан ўтаман, у кўзимга ғалати кўринади. Ғалатилиги шундаки, ёнидан ўтаётганимда ажиб ва ғаройиб куй таралиб, мени ўзига чорлайверади. Куй ғамгин эди. Доим битта савол мени қийнарди: “Бу куй қаердан чиқяпти, уни ким ижро этяпти?”.

Бир куни ўша сирли куй қаердан чиқаётганини билмоқчи бўлдим.
Мактабга кирдим. Тўғри мусиқа залига йўл олдим. Афсус­ки, у ерда ҳеч ким йўқ экан. Мактаб ҳудудини кезиб чиқдим. Мактаб бўм-бўш эди. Мусиқа эса бир дақиқа ҳам тинмайди, ҳамон мени ўзига чорларди.
Кайфиятим тушиб уйга
қайтдим.
— Қизим, нима бўлди? Тинч­ликми? — деб савол берди бувим.
Кўрган-кечирганларимни бувимга гапириб бердим. Маълум бўлишича, ўша мактаб тарихини бувим бошдан охиригача билар экан.
Бувим шошмасдан ҳикоя қила бошлади.
“Бир пайтлар кичкина қизалоқ бўлган. Исми Нодира эди. Оқила эди, фақат аъло баҳоларга ўқир эди. Уйда итоаткор эди, доим онасига ёрдам берарди, бекор ўтирмасди.
У 10 йилдан сўнг ўзи ўқиган мактабга қайтиб келади. Энди ўқувчи бўлиб эмас, ўқитувчи бўлиб келади. Нодира Умаровна узоқ йиллар устоз­лик қилади. Шаҳарча халқи уни ҳурмат қиларди. Чунки ўқувчиларига жонини беришга тайёр эди: юракдан чиқариб сабоқ берарди, ундан таълим олган болалар олий ўқув юртларига биринчилар қаторида ўқишга кирарди. Нодира Умаровна фортепьяно чалишни яхши кўрарди, ўзини унутиб мумтоз куйларни ижро этарди.
Кутилмаганда муаллима бетоб бўлиб қолади. Уни кўрикдан ўтказган шифокор:
— Оғир дардга чалингансиз, энди ишламаслигингиз керак. Акс ҳолда дардингиз янада кучайиб кетиши мумкин, ишингиз умрингизга зомин бўлади, — деб огоҳлантиради.
— Лекин мен севган касбимни ташлай олмайман. Касбимга умримнинг охиригача содиқ бўлишга онт ичганман. Болаларга таълим бериш — бу одатдагидек бир касб, иш ёки пул топиш воситаси эмас, бу ор-номус ва эҳтиром демакдир.
— Тўғри, бироқ соғлиқни ҳам асраш керак. Шундай эмасми?
— Бўпти, менга даволаниш рецептини ёзиб беринг. Муолажа оламан, — дейди Нодира Умаровна.
Аммо шифокорнинг огоҳлантиришига хилоф равишда ўқитувчиликни ташламайди. У ўз касбини жон-дили билан яхши кўрарди, касби билан фахрланарди.
Орадан уч йил ўтади. Нодира Умаровна умри поёнига етиб қолганини билиб қолади; дам олиш кунларининг бирида мактабга келиб, мусиқа хонасида фортепьяно стулига ўтириб, ғамгин ва айни пайтда улуғвор бир куйни ижро этади. Ёруғ дун­ёда шу пайтгача ҳеч ким бундай куйни эшитмаган эди. Бу куйни яратган беназир бастакор ҳам, маромига етказиб ижро этган буюк созанда ҳам Нодира Умаровна эди. Афсуски, куйнинг қоғозга туширилган нотаси шу пайтгача топилмаган…
Муаллима умрининг охиригача ўқитувчилик қилган мактаб ҳозир ишламайди. Эскириб, таъмирталаб бўлиб қолган. Нодира Умаровнадан таълим олган ўқувчилар ўзларининг эзгу мақсадларига эришган —истаган олий ўқув юртига ўқишга кирган бўлса, кейин бундай юқори кўрсаткич ҳеч қачон так­рорланмайди. Боз устига, ўқитувчилар ҳар хил мактабларга тарқалиб кетади.
Қўқондан келиб шаҳримизга ўрнашиб қолган Нодира Умаровна оиласини жуда кўпчилик эсидан чиқариб юборади. Фақат эски мактаб деворлари уни унутмайди.
Бир неча йил олдин шаҳарчамизда янги мактаб барпо этилди. Шундай қилиб,
Нодира Умарованинг руҳи шод этилди. Чамаси, олий маълумот олиб қайтган меъморларнинг кўпчилиги қачонлардир Нодира Умаровна қўлида таҳсил кўрган бўлса керак; эски мактаб биноси уларга азиз устозларини эслатган бўлса ажаб эмас.
Ҳозир Нодира Умаровна номини фақат шаҳарчамиз аҳолиси эмас, қадимий Қўқон аҳли ҳам жуда яхши билади. Қувалик манбашунос олим Нодирбек Аҳадзоданинг аниқлашича, Нодира Умаровна 1810–1822 йилларда Қўқонда хонлик қилган Умархон (Амирий) билан унинг рафиқаси Нодирабегимдан тарқалган (Бухоро амири Нас­рулло қатли омидан омон қолган) авлоднинг еттинчи бўғин вакиласи экан.
Нодира Умаровна ўз ҳаётини маърифат тарқатишга сарфлайди. Бундан ташқари, у дун­ёдаги энг меҳрибон она эди”…
Намланган кўзларини рўмолча билан артаётган бувижонимнинг ҳикоясини эшитиб, оғзим очилиб қолади. Дафъатан сўрайман:
— Унинг дунёдаги энг меҳрибон эканини сиз қаёқдан биласиз?
— Чунки у менинг онам эди! — бувим ўзини йиғидан тийиб тура олмайди…
Мен бувижоним бағрига ўзимни отаман. Бир-биримизни қучоғимиздан бўшатиб юборишни икковимиз ҳам асло истамасдик. Икковимиз ҳам кўзёшларимизни тия олмасдик…

МУСЛИМА.
2011 йил