Қўқон — жаҳон ҳунармандлари шаҳри

Тарихдан маълумки, Қўқон шаҳри миллий ҳунармандлик маркази сифатида Мағрибдан Машриққа қадар довруқ қозонган. Қувонарлиси, шаҳарда сулолавий ҳунармандлик авлоддан авлодга ўтиб келаётир. Ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик, пичоқчилик, шойи газламалар тўқиш, заргарлик каби қадимий амалий санъат йўналишлари янада сайқал топмоқда. Бугун дунёга бой миллий қадриятларимиз, санъатимизни тарғиб этиш ҳаммамизнинг бурчимиздир.
Президентимизнинг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида Қўқонда ҳар икки йилда бир маротаба ўтказилади. Бунда рамзий маъно бор. Чунки шаҳар водийдаги қадимий карвон йўллари кесишган нуқта бўлиб, тарихда Қўқон хонлигининг пойтахти бўлган. Бундан ташқари, Фарғона уста ҳунармандлари билан танилган. Вилоятда тўрт мингдан зиёд ҳунармандлик устахоналари фаолият олиб бораётгани ҳам бунинг исботидир.
Қўқонда 30 га яқин ҳунармандлик анъаналари яхши ривожланган. Ўзбекистон Қаҳрамони, ёғоч ўймакори Абдуғани Абдуллаев ҳам ана шундай моҳир ҳунармандлардан.
Бугун водийнинг гўзал шаҳри — Хўқанди латифда халқимизнинг қадимий тарихи ва маданий ҳаётини ҳар томонлама кенг ёритиш, ўзбек миллий ҳунармандлик санъатини дунёга танитиш, турли халқлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида халқаро ҳунармандлик фестивали катта тантана билан ўтмоқда.
Фестивалда 100 дан зиёд мамлакатнинг давлат ва жамоат арбоблари, моҳир ҳунармандлар, соҳа мутахассислари, фахрий меҳмонлари қатнашмоқда. Уни юқори савияда ўтказиш учун шаҳардаги 12 та тарихий обида таъмирланди. Кўча ва хиёбонлар ободонлаштирилди. Фестиваль сабаб хорижлик меҳмонлар юртимизнинг бой маданияти, сержило табиати билан яқиндан танишмоқда. Туристик салоҳиятимизни ўз кўзи билан кўрмоқда. Буни сайёҳликни ривожлантириш йўлидаги катта қадам деб бемалол таъкидлаш мумкин.
Фестивалнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, Жаҳон ҳунармандлари кенгашининг 2019 йил 23 июлдаги қарорига кўра, Қўқон шаҳрига “Жаҳон ҳунармандлари шаҳри” мақоми берилди. Жаҳоннинг 30 та шаҳри шундай юксак номга сазовор бўлгани, Қўқон эса МДҲ давлатлари орасида мазкур шарафга эга бўлган илк шаҳар экани билан фахрланса арзийди.
Тадбирнинг асосий майдонига айланган Худоёрхон ўрдасида қизиқчилар, жарчилар ва хон саройи аъёнлари либосини кийган актёрлар жамоаси иштирокчиларга ўзгача кайфият бағишлаяпти.
— Тонг саҳардан шаҳар кўчаларида минглаб одамларнинг шодиёнасига гувоҳ бўлдим, — дейди америкалик меҳмон Лопес Керолайн. — Айниқса, миллий либоси ўзига ярашиб турган ўзбек аёлларига ҳавасим келди. Ўзбекистон санъат, маданият ва ҳунармандликда азалдан бой меросга эга. Юртингизнинг сопол маҳсулотлари, гиламлар, сўзана, адраслар шахсий коллекциямдан жой олган.
Ҳунармандликка оид турли кўргазмалар, тасвирий ва амалий санъат асарлари, қадимий дастгоҳлар, маҳсулотларни тайёрлаш жараёни, театрлаштирилган бадиий дастурлар тадбирга ўзгача шукуҳ бағишламоқда.
— Йигирмадан зиёд тожик ҳунармандлари фестивалда қатнашяпмиз, — дейди Тожикистон делегацияси раҳбари Қаҳрамон Жўраев. — Тожик ҳунармандлари орасида пичоқчилик йўналишида 300 йилдан буён ном қозониб келган усталар авлоди бор. Улардан бири пичоқчиларнинг олтинчи авлоди Иброҳим Мирзаев бўлиб, у 18 ёшидан бери шу ҳунар билан шуғулланади.
Қашқадарёлик “Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиби Шарифжон Раупов ҳам фестивалга таклиф этилган. У дунёнинг нуфузли музейларида сақланаётган энг қадимий миллий заргарлик буюмларимизнинг 400 дан ортиқ турини қайта тиклашга муваффақ бўлган.
— Буюмларни тиклаш учун жаҳондаги кўплаб музейларнинг сайтларини, китоб-журналларни мунтазам кузатиб, жуда кўп вақт сарфладим, — дейди Шарифжон Раупов. — Юртимизнинг деярли барча музейларида бўлдим. Икки йил аввал Соҳибқирон бобомизнинг узуклари ҳақида ўқиб қолдим. Шундан сўнг бу ҳақида маълумот тўпладим. Тинимсиз изланиш билан шу узукнинг ноёб нусхасини тикладим. Гардишидаги нақшлар, айлана қирғоғидаги арабий ёзувлар, узук кўзидаги нефрит тошидан қилинган муҳр белгисини аслидек ўхшатишга ҳаракат қилдим.
Тадбирлар доирасида хорижлик ва ўзбекистонлик дизайнерлар яратган либослар намойиши бўлиб ўтди. Хиндистонлик дизайнер Асиф Шейхнинг “Боғи Бобур”, қозоғистонлик Айдархон Калиев ҳамда ҳамюртимиз Озода Исоқованинг “Шарқ марвариди” коллекцияси меҳмонларда ёрқин таассурот қолдирди.
Фестиваль иштирокчиларининг маҳоратини баҳолаш учун халқаро ҳайъат тузилган бўлиб, таниқли санъат ва маданият арбоблари, олимлар, тадқиқотчилар, амалиётчилар, иштирокчи давлатлардан тегишли соҳалар намояндалари танловга тақдим этилган материалларни белгиланган мезонлар асосида кўриб чиқмоқда.
— Танловда 76 давлатдан 204 нафар, мамлакатимиздан эса 1 минг 116 нафар ҳунарманд ўзининг 20 дан ортиқ йўналишдаги ишлари билан қатнашяпти, — дейди республика “Ҳунарманд” уюшмаси раиси ўринбосари Акобир Ҳакимов. — Халқаро ҳайъат томонидан кўрик-танлов иштирокчиларининг маҳсулотлари кўргазмаси ва маҳорат дарслари 5 та номинация — “Энг яхши ҳунарманд”, “Энг ёш ҳунарманд”, “Энг яхши ҳунармандлик мактаби устаси”, “Қадимий сулола давомчиси” ҳамда “Қадимий ҳунармандлик турини тиклаган ҳунарманд” бўйича баҳоланади.
Ғолиблар ташкилий қўмита томонидан диплом, рамзий ҳайкалча ва пул мукофотлари билан тақдирланади.
Фестивалнинг якунловчи кунида Қўқон хонлиги тарихидан ҳикоя қилувчи “Қўқон шамоли” бадиий фильмининг премьераси шаҳар мусиқали драма театрида ўтказилади.

Шерзод МАҲМУДОВ