“Ўзбек Эдигейига катта раҳмат!”

Зикир Муҳаммаджонов, Ўзбекистон Қаҳрамони

Бизнинг театримиз Чингиз Айтматовнинг икки асарини саҳнага олиб чиққан. Ўтган асрнинг 60-йилларида театримизда режиссёр Тошхўжа Хўжаев саҳналаштирган “Сарвқомат дилбарим” драмасида мен Бойтемир ролини ижро этган эдим. Бойтемир ўзининг жасорати, ҳақгўйлиги билан фақат мени эмас, томошабинларни ҳам мафтун этган эди. Бу образ ҳақиқий инсон тимсолидир. Инсон машаққатларга қанчалик чидаши мумкинлигини шу образ сиймосида кўрамиз. Бойтемир босиқ, сабр-тоқатли, тажрибали, ўз қадрини биладиган, ҳаёти йўлида жуда кўп кийинчиликларни ўтказган, азоб-уқубатларда тобланган. Умуман, Чингиз Айтматов яратган образларда сийқалик йўқ, қаҳрамон машаққатларда чиниқади, ўсади, етилади.

…Самарқандда гастролда эдик. Қўлимга Чингиз Айтматовнинг “Бўронли бекат” романи тушиб қолди. Дастлаб танишиш учун шунчаки ўқимоқчи эдим. Йўқ, роман борлиғимни қамраб олди. Айтматовча маҳорат, Айтматовча мушоҳада, тасвир мени батамом лол этди. “Қани эди, — деб ўйладим ўшанда, — пьесанинг саҳна вариантини яратадиган одам бўлсаю, Эдигейни ўйнасам!”.
Ўша саксонинчи йилларнинг ўрталарида Марказий Осиё ва Қозоғистон театрлари ўртасида ҳамкорлик жуда яхши йўлга қўйилганди. Олмаотадаги Авезов номли драма театрининг бадиий раҳбари, машҳур қозоқ режиссёри Озарбайжон Мамбетов Миллий театримиз саҳнасида “Абай” драмасини постановка қилди. Олмаотада эса “Алишер Навоий” саҳна юзини кўрди. Озарбайжон Мамбетов “Чорсу” меҳмонхонасида турарди. Кўпинча бирга тушлик қилардик. Бир куни гапдан-гап чиқиб, “Асрга татигулик кун”ни пьеса қилса бўлмасмикан?”, деб сўрадим…
Бу асарни биринчи марта 1981 йилда Москвада ташкил топган ёшлар театр-студияси ижодий жамоаси саҳнага олиб чиқди. Асарни студиянинг бош режиссёри В.Спесивцев саҳнага қўйган. Кейинчалик 1985 йилда Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун” асари Вахтангов номидаги Москва академик драма ва Олма­отада Қозоқ давлат академик театрларида Озарбайжон Мамбетов томонидан саҳналаштирилган эди.
Бош ролни, яъни Эдигейни машҳур санъаткор Михаил Ульянов ўйнади. Уч марта Москвага бордим, шу томошани кўрай деб. Афсус насиб қилмаган экан, кўролмадим. Ульянов билан бир-биримизни ҳатто учрата олмадик (Яхшиям кўрмаган эканман. Эдигей образини яратишда эркин ҳаракат қилдим. “Биров ижро этган ролга ўхшаб қолади”, деб сиқилмадим).
Орадан анча вақт ўтди. “Асрга татигулик кун” сал-пал ёдимдан кўтарилаёзувди. Бир оқшомда ойнаи жаҳонда асардан парча кўрсатилди. Дардим яна янги бўлди-қўйди. Театрга келиб, бош режиссёримиз Рустам Ҳамидовга дардимни “ёрдим”.
— Қандай бўлмасин инсценировкани саҳнага қўясиз, — дедим.
— Ўзингиз бош ролни ўйнайсизми? — сўради Рустам Ҳамидов. — Инсценировкани бир амаллаб оламиз Озарбайжон оғадан.
Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун” романи асосида саҳналаштирилган шу номдаги спектаклнинг бош қаҳрамони ишчи Эдигей ана шундай қаҳрамон. У ўз устози Қозонгап билан Қозоғис­тоннинг энг пастқам бир ерида ўзига топширилган вазифани, яъни поездларнинг шарқдан-ғарб­га, ғарбдан-шарққа ўтиб туришини таъминлайди. Бошига тушган азоб-уқубатлардан ҳеч кимга шикоят қилмайди. Ҳатто фронтдан гаранг (контузия) бўлиб қайтса ҳам, қолган умрини хотиржам ўтказишни истамайди. Бу образ мени шуниси учун илҳомлантирдики, мен шундайларни турмушда кўрганман. Шунинг учун Эдигей ролини саҳнада жон фидо қилиб ижро этишга тайёр эдим.
Назаримда, Эдигей ички оламини “Мен тирик эканман, ноҳақлиқни кўриб, индамай туролмайман. Жоним борича курашаман. Қаддимни эзишларига йўл қўймайман. Ноҳақлиққа кўнганим — синганим, мағлубиятга учраганим” каби сўзлар қаҳрамон характерининг моҳиятини очиб беради.
Чингиз Айтматовнинг асар­лари ўзбек халқига ҳам ниҳоятда манзур бўлганини ҳисобга олиб, театр жамоаси кўп марта унга мурожаат этди. Буюк асар — бир денгизки, ҳамма унга бирдан ғарқ бўлади. Биз ҳаммамиз жону дилимиз билан роль устида ишлашга киришиб кетдик. Бу кучли асарни саҳнада тўлақонли, меъёрига етказиб ижро этиш ҳар биримиздан юксак маҳорат талаб қилар эди. Театр ижодий жамоаси ҳамжиҳат бўлмаганда томоша бунчалар зўр чиқмасди.
Маълумки, мен яратган Эдигей образи асарнинг бошидан охиригача тўхтовсиз ҳаракатда бўлади. Ҳақиқатан ҳам, унинг бошидан кечирган воқеалари асрга татигуликдир. Мен режиссёр Рустам Ҳамидов ва бошқа ижрочилар билан тинимсиз ишлашга рози эдим. Зеро, бундай образлар ижодкор учун бахт! Бахт эса ўз-ўзидан келмайди. Бу қиёфани меъёрига етказмоқ учун тинмай курашдим. Эдигей мен юқорида айтиб ўтган замон қаҳрамонларидан тубдан фарқ қиларди. Чунки у бошидан кечирган азоб-уқубатлар, ҳаёт учун курашда тинмаслиги, қатъ­иятлилиги мени ўзига мафтун этиб қўйганди.
Рустам Ҳамидовнинг тал­қини тамоман бошқача бўлди. Эркин Воҳидов инсценировкани жуда яхши таржима қилиб берди. Асар яхши, режиссёр яхши, таржимон яхши бўлгач, томоша ҳам яхши бўлади-да. Ниҳоят спектакль тайёр бўлди. Ҳаяжонимиз чексиз, Чингиз Айтматовнинг ҳар бир асарини “сув қилиб ичган” мухлислар олдида саҳна асарини намойиш этиш осон эмас эди.
Чингиз Айтматовни уч марта таклиф қилиб, мактуб юбордик. Спектакль ўйналадиган кунда табрикнома юборди. Ўзи келолмади. Ҳатто бир марта “Фалон куни бораман”, деб мактуб ҳам йўллади. Лекин келолмади. Кутдик, кўп кутдик. Спектакль томошабинларга кетма-кет бир неча кун давомида кўрсатилди, халқ мамнуният билан қабул қилганди. Қизғин табрик ва мулоҳазалар вақтли матбуотда чоп эттирилди.
…1988 йилда атоқли адибнинг юбилейи бўлди. Шу йили Фрунзе (ҳозир Бишкек) шаҳрида Чингиз оғанинг 60 йиллик таваллуд тўйи ўтказилиб, хорижий мамлакатлардан ҳамда собиқ Иттифоқнинг барча жойидан халқаро театр анжуманига меҳмонлар келишибди. Одатда жуда кўп юбилейлар бир кунлик тантанали йиғилиш билан якунланарди. Аммо Чингиз Айтматовнинг юбилейи бир ҳафта давом этди. Дунёнинг турли чеккалардан келган театр намояндалари унинг асарлари асосида тайёрлаб келган спектаклларини намойиш этди. Қизғин мунозаралар бўлди. Ёзувчининг ўзи билан бир неча бор суҳбатлар ўтказилди. Мен ҳам унинг суҳбатига муяссар бўлдим. Бир куни анжуман иштирокчилари, адиб олдида машҳур ёзувчи асаридан Эдигей монологини ўқиб бердим. Шу куни мен ҳаётимдаги унутилмас ва қадрли совғалардан бири — Чингиз Айтматов дастхати билан “Сайланма” китобини олдим. Совғанинг унутилмас ва қадрлилиги шундаки, улуғ адиб китобига ўз қўллари билан “Ўзбек Эдигейига катта раҳмат”, деб ёзиб берганди.
Айниқса, дунёнинг узоқ мамлакатларидан келганлар унинг кейинги асарларида дин масаласи ўртага қўйилгани билан кўпроқ қизиқди. Уларнинг назарида шу вақтгача совет адабиётида дин масаласи Чингиз Айтматовдагичалик чуқур баён этилмаган эди. Мазкур конференция давомида учрашувлар жуда кўп бўлди. Шунда бир одам Чингиз оғадан сўраб қолди: “Чингиз Тўрақулович, сиз совет адибисиз, динга ҳукумат томонидан эътибор унчалик юқори эмас-ку, лекин сиз қўрқмасдан унга мурожаат қиляпсиз. Сабаби нимада?”. Чингиз ака нима деб жавоб қилди денг? “Дунё шундай қурол-аслаҳаларга эга бўлдики, биттагина кнопка билан уни остин-устун қилиб юбориш мумкин. Одамлар ўртасида меҳр-оқибат йўқол­япти. Бир-бирини ўлдир­япти. Агар одамларни шундай даҳшатлардан сақлаб қолишга диннинг қурби етса, мен диннинг тарафдориман”. Шунинг учун чет элликлар ёзувчининг қўрқмай босган қадамига таҳсинлар ўқирди.
Дарҳақиқат, “Асрга татигулик кун” асарида Эдигейнинг худога қилган мурожаатида ҳаммани ҳаяжонга соладиган ўринлар бор. Эдигейнинг худога нолалари жуда ўтли эди. Ўша йиллари “Худо” сўзини тилга олганлар бошида тегирмон тоши юргизилар эди. Бадиий кенгаш қабул пайтида шу муаммога тўхталди. Режиссёр иккиланиб қолди. “Худони алмаштириб бўлмас, — дедим, — китобда бор, муаллифнинг нуқтаи назари шу. Айтаверамиз”. Одамлар томошани жуда яхши кутиб олди. Хусусан, худога нола қиладиган саҳнани! Демак, мен адашмабман.
Мен шу монологни катта ҳаяжон билан ўқишни истар эдим. У шундай бошланади: “Мана видолашув вақти ҳам етиб келди. Ернинг чеки-поёни йўқ. Ана шу чексизликда, Қозонгапга икки газ ер малла Қумбичанг еридан насиб этди. Ўлим ҳақ. У ҳамманинг бошида бор. Дод солган билан, нола қилган билан ўлим сени кутиб ўтирмайди. Ломаконда макон йўқ, бандасида имкон йўқ. Одамзод ўлимни бўйнига олиб, ўзига тасалли бермоқ учун дуою оятларни ўйлаб топган. Бу оятларни бобокалонлар ўқиган. Энди мен такрорлаяпман. Сенга мурожаат қиляпман, Худо­йим. Ҳамма сенга мурожаат этади. Ёлворади, сўрайди. Сен биттасан, биз кўпмиз. Аммо мен сендан ҳеч нарса сўрамайман. Сени бор-йўқлигингни ҳеч ким билмайди. Аммо мен сенинг борлигинг­га ишонгим келади. Ҳамма гап шунда. Сенга илтижо қилар эканман, сенга яқинлашгандай бўламан”.
Айтмоқчиманки, саҳнадаги образни, аввало, ёзувчи яратади. Унинг улуғлиги, қудрати, таъсир кучи ўша ёзувчининг даҳоси билан ўлчанади. Образнинг маънавияти юксак бўлса, уни ижро этиш артистнинг тажриба ва маҳоратига тенг келса, чинакам саҳна асари юзага келади, деб ўйлайман.