Жаҳл устида тўхтатилган тўй ёхуд дабдабали маросимлар оқибати ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгашининг қўшма қарори билан “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг тасдиқланиши тўй-маъракаларни ўтказишдаги шуҳратпарастлик, дабдабабозлик ва исрофгарчиликка чек қўйишга қаратилган.

Халқимизнинг тўйлари кўп. Суннат тўйи, фотиҳа тўйи, никоҳ, бешик, уй тўйи, мучал, таваллуд тўйлари ва ҳоказо. Хонадон соҳиблари қувончини қариндош-уруғ, маҳалла-кўй, дўсту биродарлари билан баҳам кўради.
Албатта, бу каби байрамлар инсонларда ҳамжиҳатлик, аҳиллик, меҳр-оқибат, хайр-саховат, меҳмондўстлик каби фазилатларни тарбиялашга хизмат қилади. Аммо тўйлар халқимиз маънавий юксалишида қанчалик ижобий роль ўйнамасин, уларни ўтказиш билан боғлиқ баъзи муаммолар бугун кишини мушоҳадага чорлайди.
Тўй-ҳашамларни-ку, қўя турайлик, дафн маросимларида ҳам сарфу харажатларнинг осмон қадарлиги кишини ўйга толдиради. Вафот этганнинг руҳи шод бўлсин, дея шоҳона дастурхонлар ёзилаётгани, ҳатто майитни ювиш, тобутга олиш, қўйингки, туп­роққа қўйилгунча бўлган ҳолатларнинг видеотасвирга олиниши жуда нохуш манзара.
Тўй-маросимларда ҳашамдорликка чек қўйиш, камхарж, қатъий меъёр асосида ўтказиш, таклиф этиладиганлар сонини қатъий белгилаш кўпчилик учун фойдалидир.

Шу кеча-кундузда ижтимоий тармоқларда обдон муҳокама этилаётган мазкур мавзу юзасидан фойдаланувчилар ҳам ўз муносабатини билдирмоқда. Низомдаги бандлар аҳолининг катта қатлами манфаатларини кўзлаб ишлаб чиқилгани, исрофгарчилик, дабдабабоз­ликнинг олдини олиш бугунги кун талаби экани айтилмоқда. Шулар асосида ҳамюртларимизнинг тўй-ҳашам ва маросимлар ҳақидаги фикрларини ўргандик.

Дилдор НАСРУЛЛАЕВА, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши
маънавий-маърифий ишлар ва ёшлар туризмини ривожлантириш бўлими мудири:

— Тўй-маросимлар ҳақида гап кетганда, албатта, улар замонга яраша бўлиши керак, деган хулосага тўхталамиз. Бироқ замонавий маросимлар маданияти ҳақида ўйлаб кўришга ҳам мажбурмиз. Тўй ва маросимларни камхарж ўтказишга қаратилган низом ўта замонавийлашиб бораётган тўйларимиздан миллийлигимизни суриб чиқараётган хориж маданиятига ҳам чек қўя оладиган бандлар билан мустаҳкамланса, янаям тўлиқроқ бўларди. Эркак ва аёлларнинг бир дастурхон атрофида ўтириб майхўрликка, ўйин-кулгига берилиши иффат, ўзаро ҳурмат пардасини олиб ташлади. Тўйда санъаткорларнинг ўзини тутиши, пул қистиришлар,
бошидан пул сочиш каби одатлар ҳеч бир қадриятга тўғри келмайди. Созандасиз тўй ўтказиш урфга кирди. Даврани раққос йигитлар эгаллади. Уларнинг тўй майдонида алмо­йи-алжойи рақсларини кузатаркансиз, беихтиёр кўз ўнгингизда “масхарабоз ўйини” мусобақаси намоён бўлади. Келин дугоналар, куёв жўраларнинг беҳаё қилиқлари, қиз-жувонларнинг май ва шаробни эркаклар билан тенгма-тенг ичиши маънавий оламимиз қашшоқлашиб бораётганини кўрсатади, назаримда.

Дилара ЖАЛОЛОВА, БухДУ филология факультети 2-курс талабаси:

— Дабдабали тўй қилсангиз ҳам, камхаржроқ тўй қилсангиз ҳам одамлар барибир гапиради. Эл оғзига элак тутиб бўлмайди. Ўзини қийнаб, қарз кўтариб тўй қилаётган, охир-оқибат жанжал чиқиб, ажрим ёқасига келиб қолаётган оилалар бор. Энди мазкур низом аҳолига ҳеч хижолат бўлмай, қисиниб-қимтинмай, бемалол ихчам тўй қилиш имконини беради. Тўйларнинг ихчам ва камхарж ўтказилиши ота-онамизга жуда қулай, биз, ёшларнинг эртанги кунга сармоямизни тежашга, уни турмуш фаровонлигини ошириш йўлида тўғри сарфлашимизга туртки бўлади.

Гулшода ҲАМИДОВА, Бухоро олимпия захиралари коллежи ўқитувчиси:

— Яқинда қўшнимиз қиз чиқариш тўйини қилаётган эди. Етти-саккизта машина келинпошша оёғи остида “пояндоз”. Келин бўлмиш эса гўзаллик салонида. Куёвтўра иссиқ кунда чамаси икки соатча кутди. Афсуски, келинчак “загс”га боришни хоҳламай қолди. Дугоналарига “Менга мингта шалоқ машинаси керак эмас, иномарка керак”, дебди. Ташқарида қўлида гул билан кутиб турган куёв бўлғуси умр йўлдошининг талабини эшитиб, жаҳл устида тўйни тўхтатди. Қизига муносиб тарбия беролмаган ота-она эса уятдан нима қилишини билмай қолди. Кўксимизда оғриқ туради. Қуруқ ҳою ҳавас, сохта обрў келиннинг оёғи остидаги бахтни қулатди.

Наргиза ҚУВОНЧЕВА, журналист:

— Дабдабали тўй-маросимлар ҳақида жуда кўп ёздик, кўрсатувлар қилдик, ишлаб чиқилган кўплаб тавсияларни тарғиб қилдик. Аммо аҳвол аввалгидек қолаверди. Баъзида тўй-маросимларда нозу неъматлар исроф бўлаётгани, бир соатгагина келиб-кетадиган “бирров”чиларга катта пул сарфланаётганини кўриб, виждоним қийналиб кетади. Осмонга сочилаётган шу пуллар эртага ёш оиланинг қайсидир кемтигини тўлдириши, янги рўзғорнинг тешик тўрвасини беркитиши мумкин. Биз, аввало, ислоҳни ўзимиздан бошлашимиз, ўзимизни ўзгартиришимиз керак. Жамиятдаги ҳар бир инсон ўзини, ўзлигини англаб етмас экан, тўйлар ихчамлашмай, дабдабалар, исрофгарликлар давом
этаверади.
Тўй-маросимларимиздаги хунук ҳолатларнинг олдини олиш, тараққиётимизга тўсқинлик қилаётган иллатларга қарши курашиш учун изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Зеро, халқимиз қарашларига мувофиқ келадиган намунавий анъаналарни давом эттириш учун курашиш барчамизнинг вазифамиздир.

Миршод ОЧИЛОВ, Ёшлар иттифоқи Бухоро шаҳар кенгаши раиси:

— Тўйларгина эмас, азаларнинг ҳам дабдабали бўлиб бораётгани, кимўзарга ўтказилаётгани жаҳолатдан бошқа нарса эмас. Тўғри, марҳумнинг хотираси азиз. Лекин қирқ кун эҳсон қилиб, гўё унинг билиб-билмай қилган гуноҳларини енгиллатишга ҳаракат қилиш нимаси?! “Еттиси”, “йигирмаси”, “қирқи” каби расм-русм ва одатлар шариатга мувофиқмикан, деган савол қийнайди. Бу кунларда дабдабали маросим ўтказиш мажбурий қилиб қўйилмаган. Марҳумни эслаб, ҳақига дуо қилиш, имкони етса, эҳсон қилиш буюрилган. Ўзбекларга хос урф-одат, расм-русум ва тартиб-қоидаларни имом, отинойи ва дас­турхончилар мулоҳаза қилиб кўрса, бугунги қарор ва талаблар асносида исломий қадриятларга риоя қилган ҳолда белгиласа, мақсадга мувофиқ бўларди.

Лайло ҲАЙИТОВА