Жаҳон чeмпионлари болалар билан маҳорат дарсларини ўтказдилар

Спортнинг бокс турини зарбалар залвори деб ҳам аташ мумкин. Чунки бу спорт тури рингда спортчидан машаққатли меҳнат ва моҳирона зарбаларни тўғри йўналтира олиш маҳоратини талаб этади.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг ҳарбий хизматчилари, жаҳон чемпионлари Баҳодир Жалолов ҳамда Бобобусмон Батуровлар туғилиб ўсган ҳудудига қайтгач ҳамшаҳарлари томонидан байрамона кайфиятда кутиб олиниб, у ердаги ўқувчи-ёшлар билан бир нечта учрашувлар ташкил этилди.
Сурхондарё вилоятида вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Кенгаши, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги бошқармаси томонидан бокс бўйича миллий терма жамоанинг ўта оғир вазндаги боксчиси, жаҳон чемпиони Баҳодир Жалолов билан Сурхондарё ёшларининг учрашуви ташкил этилди. Термиз давлат университети, Термиз ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати ҳамда Термиз шаҳридаги 12-сонли Меҳрибонлик уйида бўлиб ўтган мазкур тадбирларда Миллий гвардия бўлинмасининг масъул ҳарбий хизматчилари, Ёшлар иттифоқининг фаоллари, талабалар, ўқувчилар ҳамда болалар иштирок этдилар.
Барча тадбирлар қизиқарли суҳбат ва савол-жавоблар билан қизғин кечди. Жаҳон чемпиони ўқувчи издошларига бокс спорт турининг машаққатлари ва оддий ўқувчилик онларидан тортиб то чемпионликкача босиб ўтган йўли, спортда олган сабоқлари ҳақида сўзлаб бериб, эгаллаган тажрибасини ўртоқлашди. Учрашувлар якунида ташкил этилган маҳорат дарслари эса тадбирларнинг кульминацион нуқтаси бўлди.
Худди шундай тадбирлар Жиззах вилоятида яна бир Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси билан ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Жиззах вилоятидаги бўлинмаси ташаббуси билан Миллий гвардия Қўриқлаш бошқармаси, Ёшлар иттифоқи Кенгаши, Зомин тумани халқ таълими бўлими ҳамкорлигида Зомин туманида жойлашган 60–сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида бокс бўйича Жаҳон чемпионатининг совриндори Бобо-Усмон Батуров билан ҳарбий хизматчилар ва ўқувчиларнинг учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда спортчи эришган ютуқлари, спортга, жисмоний маданиятни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва бу имкониятлардан ёшлар унумли фойдаланиши лозимлиги хусусида гапириб ўтди.
Тадбир якунида Миллий гвардия ўқувчилари Бобо-Усмон Батуров билан биргаликда маҳорат дарсини ўтишга муяссар бўлдилар. Шунингдек, иштирокчилар Миллий гвардия фаолияти тўғрисидаги ҳужжатли фильмни томоша қилиб, ўқувчилар учун ташкил этилган ҳарбий махсус либослар ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси билан танишдилар.
Жаҳон чемпионлари, машҳур спортчилар, шу билан бирга Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари иштирокида бўлиб ўтган ушбу тадбирлар ўқувчи-ёшлар қалбида чуқур таассурот ҳамда бир олам орзу-ҳавасларни уйғотган бўлса ажаб эмас.

Нафосат Зафарова