Инсониятни емираётган глобал лойиҳа

Келажакда одамда фақат катта бош
ва иккита кичик қўл қолиши мумкин…

Пул ва ҳокимият ўрнида ахборот, одамлар ўрнида компьютер, онг ўрнида мураккаб матрица… Жамиятни эса монополист эмас, манипуляторлар бошқаради. Ахборотлашган дунёни қандай келажак кутаётгани тўғрисида олимлар турли тахминларни илгари сурмоқда. Ҳозирча тугал назария яратилгани йўқ. Глобализация жараёнларини тадқиқ этаётган ўзбекистонлик социолог
Азамат Сеитовнинг фикрича, бир неча юз йилдан сўнг Ер юзида ахборот цивилизацияси пайдо бўлиши мумкин.
Ушбу глобал конструкция ўзини ўзи емириб бўлгач, инсон физиологик жиҳатдан деярли йўқолиб кетади. Аниқроғи, одамда фикрлаш учун катта бош ва ювиниб-тараниш учун иккита кичик қўл қолади, холос. Қолган барча эҳтиёжларни рақамли технологиялар ёрдамида, ҳатто хонадан чиқмай туриб қондирадиган бўламиз.

— Азамат ака, наҳотки кишилик эволюцияси шу даражага етса! Ахир, бу фантастика-ку!

— Тўғри, фантастика, лекин унинг илмий асоси бор. Биз қандай дунёда яшаётганимиз ва қаерга қараб кетаётганимиз ҳақида гапиришдан аввал тарихга назар ташламоқчиман. Шу чоққача
кишилик жамияти иккита муҳим ривожланиш босқичидан ўтди.
Дастлаб аграр жамиятда яшадик. Унинг илк куртаклари қадимги аждодларимиз қўлига иш қуролини олганида намоён бўла бошлаган. Одамлар деҳқончилик ёки чорвачилик билан шуғулланарди. Ҳамма топган-тутганини умумий қозонга ташларди, бироқ мол-мулкни тасарруф этиш ҳуқуқи фақат бир кишига — жамоа сардори (ёки ҳукмдор)га тегишли эди.
Ибтидоий жамият ўзагини иккита муҳим ижтимоий институт — армия ва дин ташкил қилган. Биринчиси — қўрқитган ва жазолаган, иккинчи­си — таскин берган. Лекин иккиси ҳам ҳокимиятга хизмат қиларди.
Минг йилликлардан сўнг буғ машинасининг ихтиро қилиниши натижасида жамият индустриал босқичга ўтади. Энди ҳокимиятнинг асосий манбаи пул бўлиб қолади. Мана шу жойда анъана ва қадриятлар трансформацияси рўй берган. Яъни дин инсон маънавиятини бойитувчи фалсафа, армия эса давлатчиликнинг муҳим атрибутларидан бирига айланади.
Индустриал жамият ҳамма вақт маҳсулот ва хизматларни кўпайтириш заруратига қурилган. Асосий мақсад — бойиш. Мантиқ жуда оддий: қанча кўп ишлаб чиқарсанг, шунча кўп даромад оласан. Лекин капиталистлар бойликни одамларнинг реал эҳтиёжларини қондириш ҳисобига орттирган. Ахборот жамиятида ундай эмас. Ҳозирги даврда ахборот капитал сифатида қабул қилинмоқда. Айтайлик, Бил Гейтс 3 миллард АҚШ долларидан маҳрум бўлди, деган гап унинг сейфидаги пуллар куйиб, кул бўлганини эмас, балки фонд бозоридаги акциялари нархи тушиб кетганини англатади. Кўряпсизми, ахборот бир вақтнинг ўзида ҳам қиймат ҳосил қиляпти, ҳам қийматга эга бўляпти.

— Мантиқан ўйлаб қарасак, ҳокимият учун кураш ахборот жамиятида ҳам давом этмоқда.

— Худди шундай. Фақат восита ўзгарди. Энди қурол ўрнида
ахборот ишлатиляпти. Боз устига, одамларнинг нафақат чўнтаги, балки онги ва қалбини эгаллаш учун кураш бормоқда. Инсоният гибрид урушларни бошидан кечиряпти. Таъбир жоиз бўлса, ахборот кампанияси ҳам урушнинг бир туридир.
Илгари оломон қўзғалиши учун “Худо сизларга душманга қарши жанг қилишни буюрди”, дейиш кифоя эди. Ҳозир бу усул кор қилмайди. Одамларга қон, азоб-уқубат, зўравонлик саҳналарини кўрсатиш керак. Гарчанд ўша тасвир ёлғон ва уйдирма бўлса-да, аудитория барибир ишонади ҳамда жунбишга келади. Бунинг номи — манипуляция. Замонавий жамиятнинг энг катта қусури ҳам шунда — ахборот асрида инсоният бошқарилувчи тўдага айланмоқда. Аянчлиси, бундай тенденция глобал характерга эга.

— Бизни ким ва нима учун бошқаряпти?

— Бундан йирик мулкдорлар — трансчегаравий компания ва корпорациялар эгалари манфаатдор. Улар мислсиз даражада бой, шу боис асосий ахборот оқимларини назорат қилиш имконига эга.
Социологик нуқтаи назардан, биз яшаётган объектив реаллик, яъни ахборотлашган дунё аслида ўйлаб топилган конструкциядир. У муайян установкалар ёрдамида барпо қилинади. Масалан, қўлингиздаги “Айфон” сизга нима учун керак?

— Асосан телефон қўнғироқларини амалга ошириш учун. Баъзан мобиль интернетдан фойдаланаман.

— Яшанг! Аксарият одам худди шу жавобни беришига ишончим комил. Смартфон ишлаб чиқарувчилари ўз маҳсулотини салкам универсал қурилмага айлантирган. Ҳозирги телефонларда интернет, веб-камера, диктофон ва яна бошқа кўплаб функциялар, иловаю дастурлар мавжуд. Ярмидан кўпи фойдаланувчига керак ҳам эмас. Шунга қарамай, “Айфон”, “Самсунг”, “Редми”лар йилдан-йилга қўшимча функциялар ҳисобига такомиллашмоқда. Янги модель сотувга чиқиши билан миллионлаб одамлар уни харид қилишга ошиқади. Ёки ҳеч бўлмаганда, шуни орзу қилиб яшайди. Нега? Чунки турфа реклама роликлари, промоакциялар, ахборот кампаниялари орқали жамиятга “сўнгги русумдаги смартфони борлар замонавий ҳамда омадлидир!” деган фикр сингдирилмоқда. Мана сизга сохта реаллик! Биз бундай установкаларни қабул қилиб, беихтиёр кимдир ўйлаб топган ва кимларгадир мислсиз фойда келтираётган конс­трукциялар гирдобига тушиб қоляпмиз. Ҳозирги даврда ахборот эгаси нафақат катта капитал, балки юқори таъсир кучига эга эканини мана шундан ҳам билса бўлади. Бошқача айтганда, унда одамларни ўз йўриғига солиш имконияти бор.
Яна бир мисол. “Кока-кола” соғлиқ учун зарарли экани ҳақида бот-бот гапирилади. Шунинг фонида оддий, газсиз сувни истеъмол қилишга даъватлар бўлмоқда. Ваҳоланки, минерал сув ишлаб чиқарадиган дунёдаги энг машҳур брендлардан бири —
“Нестле” “Кока-кола” сингари трансмиллий компания ҳисоб­ланади. Ушбу гигант корхоналар учун сиз “Кока-кола”ни кўп ичяпсизми ёки “Нестле”ни — бариси бир. Маҳсулотини сотиб олсангиз бўлди.
Мулкдорлар ахборотнинг қуд­ратидан фойдаланиб, маҳсулот ва хизматларга эҳтиёжни сунъий тарзда шакллантиришга ўтиб олган. Капиталистларга фақат даромад керак. Бошқаси билан уларнинг иши йўқ! Ҳозир нарса-буюмларни ўта сифатли ва чидамли қилиб чиқариш фойда келтирмай қўйди. Шу туфайли муайян вақтдан кейин техник воситалар ҳамда электрон қурилмалар бузилади, кийим-кечаклар эса урфдан чиқа бош­лайди.
Индустриал жамиятга хос истеъмол товарларини кўпайтириш, яъни керагидан ортиқ ишлаб чиқариш анъанаси ахборот асрига келиб маҳсулотларни ранг-баранглаштириш тенденцияси билан алмашмоқда. Ишлаб чиқарувчи энди ҳамма учун бир хил маҳсулот таклиф қилмайди, балки ҳар кимнинг индивидуал талаб ва истакларига мослашади. Бозорга чиқинг, биргина жинси шимининг ўнлаб турларини топасиз — аёллар ва эркаклар учун, кенг ва тор, йиртиқ-ямоқли — ҳаммасидан бор. Менимча, индивидуал эҳтиёжлар биринчи планга чиқаётган жамиятда эртами-кечми, ишчиларнинг янги қатлами шаклланади. Уларни ишчи интеллегенция, деб номлаш мумкин. Бу қатлам
сохта реалликни яратиш ва одамларни унга ишонтириш билан
шуғулланади.

— Бундан чиқди, пулдорлар халқни хоҳлаганича лақиллатиши мумкин экан-да.

— Агар тегишли чоралар кўрилмаса, жамият чиндан ҳам бошқарилувчи массага
айланади.

— Чорани ким кўриши керак?

— Давлат. Давлатнинг асосий функцияларидан бири маънавий қадриятларни сақлаб қолишдан иборат. Маънавиятсиз жамият “ўлади”, давлат эса емирилади.
Ахборот жамиятида қадриятлар трансформацияси юз бераётгани ҳақида гапирдик. Бойиш ва бошқариш иштиёқи маънавий категориялар, айтайлик, заифларга ёрдам бериш, мискинлар билан бўлишиш, қўйингки, ҳалоллик, камтарлик, тўғрисўзлик каби эзгу фазилатлардан устун бўлиб чиқмоқда. Маънавиятни четга суриб қўйсак, охир-оқибат, инсоний ва миллий қиёфамиз йўқолиб, оломонга айланишимиз ҳеч гап эмас. Мен фақат Ўзбекистонни эмас, бутун дунёни назарда тутиб
айтяпман.
Давлат, биринчи навбатда, халқнинг қорнини тўйғазиши ва осойишталигини таъминлаши керак. Ундан кейин жамиятни маърифатли қилиш зарурати туғилади. Ҳозир мамлакатимизда китобхонлик кенг тарғиб қилинмоқда. Жорий йилда турли даражадаги раҳбарлар ўзлари ўқиган мактабга китоб совға қилишни бош­лаганида баъзилар буни киноя билан қабул қилганди. Орамизда миллий ғоя тарғиботига ҳам худди шундай — энсаси қотиб қарайдиганлар бор. Аммо бундай ишларни қилиш керак. Ўшандагина Ўзбекистон халқи бирдам бўлади, мамлакатнинг миллий манфаатларини тўғри англайди ва уларни ҳимоя қилишга интилади. Китобхон жамиятни алдаш ёки тобе қилиш жуда мушкул. Шу туфайли биз олий таълим муассасалари тармоғини кенгайтириб, ўқимишли ва зиёли ёшларни кўпайтиришимиз зарур. Улар интеллектуал маҳсулот, масалан, стартап лойиҳалар яратиб, мамлакатга сармоя келтира олади.

— Ўзимизга хос ахборот жамиятини барпо қила оламизми?

— Йўқ, ахборот жамияти қайсидир мамлакатга хос бўлолмайди. Бу — глобал лойиҳа. Лекин ҳозирча унинг ягона модели мавжуд эмас. АҚШ, Хитой, Россия, Европа ўз вариантларини тарғиб қиляпти. Шулардан биронтасига мўлжал олишимиз мумкин.
Ахборот жамиятини инкор этиш бефойда. Барча мамлакатлар эртами-кечми бу реалликни қабул қилиши керак. Шу жумладан, биз ҳам. Ўзбекистон эндигина индустриал жамиятга ўтди. Бироқ фаровон ҳаёт кечиришни, ривожланган давлатлар қаторига қўшилишни хоҳласак, муайян қадриятлардан воз кечишга ва қайсидир нарсаларга муносабатни ўзгартиришга тўғри келади. Масалан, интернет ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатяпти, деб уни буткул тақиқлаб қўёлмаймиз-ку. Ёки бўлмаса, аёлларимиз ибо-ҳаёсини йўқотмаслиги учун барига рўмол ўратиб, узун кўйлак кийи­шини талаб қилиш мумкинми? Инсон ҳар бир ишни онгли
равишда бажариши керак.
Ахборот жамиятига ўтиш бош­қа давлатлар билан иқтисодий, сиёсий, илмий, маданий интеграциялашувни ҳам талаб қилади. Бусиз замонавий дунёда яшаб бўлмайди. Қолаверса, ахборот урушларига ўхшаш глобал таҳдидларга қарши ҳеч бир мамлакат якка ҳолда курашолмаслиги аниқ. Бироқ интеграция баҳонасида давлат стратегик масалалар — мудофаа салоҳияти, ички ва ташқи хавфсизлик, чегаралар дахлсизлигини қўлдан бой бермаслиги жуда муҳим.

Наргиза УМАРОВА