Миллий ғоя яратилди, бироқ…

Жамият мураккаб механизм. Инсонларни ягона мақсад атрофида бирлаштириш, сиёсатга ишонтириш ҳеч қачон осон ва силлиқ кечмаган. Ахир, талаб ва эҳтиёжларимиз, мақсад ва манфаатларимиз, қизиқиш ва фикрлаш доирамиз ҳар хил. Гарчанд бир мамлакатда яшаса ҳам, одамларнинг ҳаётий эътиқоди турли қадриятлар асосига қурилиши мумкин. Шу боис халқни халқ этувчи ҳамда давлатчиликнинг энг муҳим, таянч устуни бўлмиш миллий ғояни яратиш ва озиқлантириш масаласи ҳамиша долзарб аҳамият касб этаверади.
Ўзбекистонда миллий ғоя бор. У “Ўзбекистон — келажаги буюк давлат” деган идеологик концепцияда ўз ифодасини топган. Мустақил тараққиётнинг ўтган даври мобайнида мазкур шиор каттаю кичикнинг онгига мустаҳкам сингди. Энди совет даврини қўмсаётганлар, коммунизмга қайтишни орзу қилаётганлар жамиятда қолмади ҳисоб. Биз демократик давлат барпо этяпмиз ва шу йўл ўзбек халқи учун тўғри эканига шубҳа қолмаган. Демак, буюк келажак сари интилишнинг дастлабки босқичидан муваффақиятли ўтилди. Бу жиҳатдан миллий ғоя ўз функциясини аъло даражада бажара олди.
Бироқ кўнгилни хотиржам қилишга ҳали эрта. Ҳозир ундан-да жиддий вазиятда турибмиз. Гап шундаки, аслида бир авлод алмашгунига қадар, яъни ўртача 10-15 йил давом этиши керак бўлган биринчи босқичдан сўнг миллий ғоямиз концептуал жиҳатдан ривож­ланмади. Йигирма йилдан ортиқ вақт мобайнида академик доираларда миллий тикланиш (ўзликни англаш, бой маданиятимиз, асрий қадриятларимиз, буюк тарих ва мутафаккир аждодлар меросини ўрганиш) ҳақидаги фикр-мулоҳазалардан нарига ўтилмаяпти.
Ваҳоланки, охирги йигирма йилда биз буткул бошқача жамиятга айландик. Ижтимоий қатламлар, айниқса, ёшларнинг дунёқараши анча илгарилаб кетди. Бундай трансформациявий жараёнларда миллий ғояни тушуниш ва тушунтиришга ёрдам берадиган моделларни янгиламай туриб, олдимизга қўйган юксак мақсадга эришиб бўлмаслиги аниқ.

Мавзуни чуқурроқ очиб бериш мақсадида жамиятшунос олим, социология фанлари номзоди Азамат СЕИТОВга юзландик.

— Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг барча чиқишларида қуйидаги фикрга урғу беради: “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади”, — дейди суҳбатдошимиз. — Бу яқин истиқбол учун давлат аппарати олдига қўйилган принципиал муҳим вазифадир. Яъни бундан буён барча соҳалардаги ислоҳотлар халқ фаровонлигини амалда таъминлашга қаратилиши керак. Эътибор беринг, айни ҳолатда миллий ғоя ўзгараётгани йўқ. Сиёсий вектор янгиланяпти, холос. Масалан, илгари давлат раҳбарининг чиқишларида ижтимоий йўналтирилган бо­зор иқтисодиётига ўтаётганимиз қайд этиларди. Ҳозир эса ҳар бир индивиднинг яхши яшаши, аниқроғи, яхши яшашига имконият яратиб бериш ҳақида сўз бормоқда. Демак, мақсад аниқ. Лекин халққа шу мақсадга қандай эришилади, бунинг учун нималарга тайёр туриш кераклиги етарлича тушунтирилмаяпти. Миллий ғояни ривожлантириш билан боғлиқ муаммо мана шунда!

Мустақилликнинг илк йилларини эслайлик. Ўша вақтда нафақат ёшлар, балки барча одамлар онгида ғоявий бўшлиқ пайдо бўлганди. Бир томондан, совет давлатида ўсиб-улғайган ҳамюртларимиз тасаввурида коммунистик ғоя яшарди, лекин бошқа томондан, унга энди ҳеч ким ишонмасди. Бундай шароитда тасаввурлар тизимини янгиси билан алмаштириш зарурати туғилди.
Биринчи ўн йилликда иқтисодиётни инқироз ҳолатидан чиқариш, сиёсий суверенитетни сақлаш, чегаралар дахлсизлигини таъминлашдек стратегик масалаларга эътибор қаратилди. Бу ишга бутун халқнинг куч-иродасини сафарбар этиш мақсадида бой тарихимизу улуғ аждодларимиз хотираси, қолаверса, собиқ тузум даврида унутиб юборилган бебаҳо қадриятларимизга мурожаат қилинди. Бироқ миллий тикланиш жараёни ниҳоятда чўзилиб кетди. Натижада миллий ғоя ривожланишдан
тўхтади.
Ниҳоят жорий йилда, узоқ танаффусдан сўнг Президентимиз томонидан “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” шиори илгари сурилди. Шунга қарамай, юқорида тилга олинган муаммо сақланиб қолмоқда. Яъни миллий ғоя доирасида давлат олдига қўйган устувор мақсадларнинг мазмун-моҳияти кенг жамоатчиликка ҳали ҳам тушунтириб берилаётгани йўқ. Ўзбекистон келажаги буюк давлат деяпмиз-у, аммо ўша буюклик нимада ифодаланади, қанчадан кейин кўзланган маррага етамиз — йигирма йилдами, эллик йилдами ҳеч ким айтолмайди.

— Бу саволларга давлат жавоб бериши керакми?

— Олимлар. Миллий ғояни тушунтириш, жамиятнинг турли қатламлари учун мос келувчи моделларни яратиш билан аслида бутун бошли ихтисос­лашган институтлар шуғулланади.
— Ёшларнинг қалби ва онги учун кураш давом этмоқда. Миллий ғоя халқимизни ташқаридан уюштирилаётган маънавий таҳдидлар, хусусан, радикал кучлар таъсиридан ҳимоя қила оляптими?

— Қисман. Мустақиллик эълон қилингач, ёшларнинг қалби ва онги учун курашни, биринчи навбатда, радикал оқимлар бош­лади. Ўшанда давлат жуда оқилона йўл тутиб, диний эътиқоднинг қалбда, миллий ғоянинг эса тафаккурда бўлиши кераклигини халққа уқтирган.
Бир нарсани ёдда тутайлик: дин ижтимоий ҳодиса сифатида дунёвий мамлакатнинг доимий рақобатчиси ҳисобланади. У билан курашиш жуда қийин. Сабаби дин имонга таянади. Масалан, миллий ғоянинг тўғри ёки керакли эканини одамларга илмий жиҳатдан исботлаб бермасангиз, ҳеч ким ишонмайди. Лекин динда бирон нарсани исботлаш шарт эмас. Айтилдими, амал қилиниши керак — тамом-вассалом!
Юртимиз аҳолисининг 80 фоиз­дан ортиғи мусулмон. Шу боис давлат исломни ижтимоий институт сифатида қабул қилиб, у билан ҳамкорлик қилишга мажбур. Миллатни миллий ғоя ортидан эргаштиришда ҳам ислом омилини инкор этиб бўлмайди.

— Миллий ғояни моделлар кўринишида ифодалаш деганда нима назарда тутилади?

— Дейлик, капитализм қураётганимизни эълон қилдик. Капитализм ҳар ким ишлаганига яраша “тишлаши”ни англатади. Давлат таълим олиш ҳуқуқини кафолатлайди, холос. У ёғига аравангизни ўзингиз тортишингиз керак. Мана шу нарсалар аҳолига аниқ-тиниқ тушунтириб берилса, эртага оила қурган ёшлар нега давлат бизни бепул уй-жой билан таъминламаяпти, ахир, бир вақтлар ота-онамизга уй берилганди-ку, қабилида фикр юритмайди.
Чунки капитализм шароитида сизнинг бой ёки ўртамиёна яшашингиз фақат ўзингизга боғлиқ. Социализм тузумида эса ундай эмас — мол-мулк ҳаммага тенг тақсимланади, бироқ бундай мамлакатда ҳуқуқларингизнинг бир қисми поймол этилишига тайёр туришингиз керак.

Либерал сифатида мен Шавкат Мирзиёев сиёсатида шахс манфаатлари устувор кўрилаётганини қўллаб-қувватлайман. Чунки хусусий мулкни ҳурмат қилиб, дахлсизлигини таъминлай олсаккина, инновацион жамиятга айланамиз. Тўғри, шахс манфаатлари устуворлиги индивидуализм сари қадам ташлашни англатади. Баъзи мутахассислар бундай ёндашув миллатимизга хос бўлган жамоавийликни завол топтиришидан хавотирда. Шубҳасиз, халқ билан бўлишиш яхши. Бу — олижаноб иш. Лекин у ихтиёрий қилиниши керак.

Инсондан ишлаб топганини умумий қозонга ташлашни ҳадеб талаб қилавериш нотўғри. Шахсий мулкни ҳурмат қилиш деганда шуни назарда тутгандим.
Энди моделлар хусусида. Бугунги жамиятимиз анча мураккаб таркибга эга. Аҳолининг 60 фоизини ёшлар ташкил қилгани билан, улар турли ёш категорияси ва қатламларга бўлинади. Қолаверса, фарқлар ҳудудлар кесимида ҳам юзага келмоқда. Юқорида давлатимиз халқ фаровонлигини таъминлаш ва турмуш даражасини кўтаришга интилаётгани ҳақида гапирдик. Дейлик, буни Қорақалпоғис­тонда яшайдиган мактаб ўқувчисига тушунтирмоқчисиз. Хаёлга келадиган биринчи савол: унинг учун ҳаёт сифати нима ўзи? Жавоб: тоза ичимлик суви, газ ва электр энергияси билан узлуксиз равишда таъминланиш ва ҳоказо. Ана ундан кейин болага нега давлат, айтайлик, Атом электр станциясини қураётгани ёки чет элдан сармоядорлар жалб қилаётганини тушунтириш осонлашади. Мана сизга битта модель!
Миллий ғояни рўёбга чиқаришнинг битта универсал модели бўлиши мумкин эмас. Ҳар бири аҳолининг муайян қатламига мослаштириб ишлаб чиқилади.

Наргиза Умарова