Наманганда 18 ёшли қиз аттракционда вафот этди, вилоят ҳокимлиги вилоятдаги барча аттракционлар техник кўрикдан ўтказилишини маълум қилди

Наманган вилояти ҳокимлиги Наманган шаҳридаги «Афсоналар водийси» боғида юз берган бахтсиз ҳодиса — 18 ёшли қиз аттракционда олган тан жароҳати оқибатида вафот этиши юзасидан баёнот берди.

«Наманган вилояти ҳокимлиги 2019 йил 30 сентябрь куни Наманган шаҳридаги «Афсоналар водийси» боғида қурилиши тўлиқ битказилмаган Spin block аттракционига синовдан ўтказилаётган вақтда рухсатсиз чиқиб олиши натижасида содир бўлган бахтсиз ҳодиса туфайли ҳаётдан кўз юмган 18 ёшли Э.Х. оиласига ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

Фожиа қурбони бўлган ёш қиз боғдаги сув ҳавзаси қутқарувчиси сифатидаги иш жойини ташлаб, синов тариқасида ҳаракатлантирилаётган аттракционга техника хавфсизлиги қоидаларини бузган ҳолда чиқиши ва бу бахтсиз ҳодисага олиб келганлиги, иш жойларида техника хавфсизлигини таъминлаш борасида вилоятда олиб борилаётган ишларни кучайтириш кераклигини кўрсатади.

Вилоят ҳокимлиги томонидан вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда содир бўлган ҳолат юзасидан атрофлича ўрганиш олиб борилмоқда».

Вилояти ҳокимлигига кўра, сўнгги пайтларда республиканинг бошқа жойларида ҳам истироҳат боғларида фаолият олиб бораётган аттракционларда кўнгилсиз ҳолатлар юз бераётганини ҳисобга олган ҳолда Наманган вилоятида мавжуд барча аттракционларни навбатдан ташқари техник кўрикдан ўтказиш бўйича кўрсатма берилди», дейилади вилоят ҳокимлиги хабарида.

Бундан аввалроқ, Намангандаги кўнгилочар истироҳат боғида 18 ёшли қиз аттракционда олган тан жароҳати туфайли вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Унга кўра воқеа 30 сентябрь куни соат 15:40 ларда содир бўлган. Истироҳат боғида қурилиши тўлиқ битказилмаган аттракционда тест синови ўтказилаётган бўлган. Элья Халикова синов тариқасида ҳаракатлантирилаётган аттракционга рухсатсиз чиқиб олган, сўнг ўзининг эҳтиётсизлиги оқибатида ушбу аттракционнинг темир труба қисмига урилиши натижасида олган тан жароҳати туфайли воқеа жойида вафот этган.

manba: kun.uz