Она тили учун муҳим қарор

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори, аввало, қонун қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлашга доир кўрсатмалардан иборат. Қолаверса, қонунни амалиётга татбиқ этишнинг бир босқичини сарҳисоб қилиш ва янги сифат босқичига кўтарилишимизга ишора ҳамдир.
Маълумки, давлат тили мақомининг берилиши тилни ўлик тилга айланиш хавфидан халос қилади. Миллий тилнинг ўлиши эса миллий маънавиятнинг, миллий ўзликнинг ўлиши демакдир. Шу маънода “Давлат тили ҳақида”ги қонун мамлакатимиз учун жуда улкан ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, тарихий, ҳуқуқий аҳамиятга эга. Зеро, давлат тили мамлакатда миллий яхлитликни таъминловчи асосий восита.
Ўзбек тилининг қўлланиш доираси ўттиз йил давомида мисли кўрилмаган даражада кенгайди. Лекин баъзан ўзбек тилининг нуфузи кўринмай қоляпти, айрим йиғилиш ва анжуманлар бош­қа тиллар, хусусан, рус тилида ўтказилмоқда, деган фикрлар қулоққа чалинади. Тўғри, бундай ҳол мавжуд ва унинг айрим сабаблари бор.
Ўзбек тили мамлакатимиз учун давлат тили, лекин ҳали халқаро тил мақомига эга эмас. Айрим йиғилиш, анжуман ва симпозиумларнинг бирорта халқаро тилда олиб борилиши эса қонун билан кафолатланган. Ўзбекистон дунё ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида шундай йўл тутиши зарур, албатта.
Бугунги кунда “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг янги лойиҳаси ишлаб чиқилаётганидан хабаримиз бор. Шу билан бирга, жорий қонун моддаларидаги баъзи ўринлар изоҳталаб, уларни тегишли қонун ҳужжатларида ойдинлаштириш керак бўлади. Бўлиб ўтадиган илмий анжуманларда шу масалалар ҳам муҳокама қилиниши лозим. Айрим мисоллар келтирамиз.
Расмий амал қиладиган доира. Бундаги “расмий доира” тушунчаси — кенг қамровли ва умумий. Масалан, қонун моддаларида лавҳалар, эълонлар, нархнома ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнларининг давлат тилида расмийлаштирилиши ва эълон қилиниши ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши (20-модда), корхоналарда ишлаб чиқариладиган маҳсулот давлат тилидаги ва бошқа тиллардаги ёрлиқ, йўриқнома, этикеткалар билан таъминланиши (21-модда), республиканинг маъмурий-ҳудудий бирликлари, майдонлари, кўчалари ва географик объектларининг номлари давлат тилида акс эттирилиши (22-модда) алоҳида таъкидланган. Лекин ушбу моддалар объекти амалиёти билан боғлиқ муҳитни расмий доира дейиш мумкинми? Савдо-сотиқ, овқатланиш, хизмат кўрсатиш соҳалари расмий доира сифатида қаралиши керакми? Ҳаммага маълумки, харидорлар ва мижозлар билан иш кўриладиган соҳаларда қайси тилда ёзиш кўпроқ фойда келтирса, лавҳалар ўша тилда ёзилади: “Boutique”, “Yahoo”, “Денежные переводы”, “Европейская кухня” каби.
Демак, “расмий доира” тушунчасини тегишли қонуний ҳужжатларда ойдинлаштириш керак бўлади. Бунда “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг 3-моддасида баён этилган “Ушбу Қонун тилларнинг турмушда, шахс­лараро муомалада ҳамда диний ва ибодат билан боғлиқ удумларни адо этишда қўлланишини тартибга солмайди”, деган фикр
таянч бўлиб хизмат қилади. Бу эса давлат тилига асос қилиб олинган адабий тил нормаларига қатъий риоя қилиш қамровини муайянлаштиради.
Ушбу модданинг “амалдаги илмий қоидалари ва нормаларига риоя этилади” дейилган қисмидаги “риоя этилади” кесимидан англашилган ҳукм ҳам аниқ эмас. Уни турлича тушуниш мумкин: “риоя этиш керак”, “риоя этиш лозим”, “риоя этиш зарур”, “риоя этиш шарт”, “қатъий риоя этилади” ва ҳоказо. Чунки феълнинг ҳозирги-келаси замон шакли умумзамон шакли, умуммайл кўрсаткичи. Агар ушбу ноаниқлик бартараф этилмаса, матндан барибир “амалдаги илмий қоида ва нормаларга риоя этса ҳам бўлади, риоя этмаса ҳам бўлади”, деган фикр уқилаверади. Бу ойдинлаштириш унга риоя этиш ёки этмасликнинг оқибатини белгилайди — риоя этмаса, нима бўлади деган саволга жавоб бўлади.
“Давлат тили ҳақида”ги қонун ўз даври учун пухта ва мукаммал ишлаб чиқилган эди. Аммо орадан йиллар ўтди. Мамлакатимиздаги лисоний вазият ўзгариб кетди. Қонунчилик олдида янги талаблар пайдо бўлди. Хусусан, қонуннинг амал қилишини таъминлаш учун ундан фойдаланувчиларда Давлат тили маданиятини шакл­лантириш муаммоси намоён бўлаётир. Бу:
а) тил маданияти;
б) қонун маданиятини ўз ичига олади.
Давлат тили ҳақидаги қонунга риоя қилишда, айниқса, расмий иш ҳужжатларида бу муаммо яққол кўзга ташланади.
Умуман олганда, Президентимизнинг мазкур қарори зиммамизга давлат тили ҳақидаги қонунни такомиллаштириш ва уни ҳаётга жорий этиш ишлари бўйича ҳам катта масъулият юклайди. Ташкил этилаётган илмий анжуманларда бу каби илмий асосларда ҳал этиладиган масалалар кўриб чиқилиши, давлат тилини ривож­лантириш бўйича истиқболли дас­турлар яратишнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш лозим.

Бахтиёр МЕНГЛИЕВ,
Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори