Салом — суннат, алик — фарз

Муқаддас ислом динимиз барчани ўзаро дўстона муомалада, одоб-ахлоқли ва тарбияли бўлишга буюради. Саломлашиш инсонлар ўртасида дўстлик ришталарини, оқибатни шакллантиради. Ҳар бир мўмин ота-она фарзандига саломлашиш одоби, кимга салом бериш, қандай алик олиш каби энг гўзал тарбияни бериши керак. Саломнинг асл маъноси икки мусулмон кишининг бир-бирининг ҳаққига қиладиган дуоси ва яхши тилагидир.

“Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ — сизга тинчлик, Аллоҳ таолонинг раҳмат ва баракасини тилайман”, деган маънони англатади. Икки инсон бир-бирига тинчлик-хотиржамлик, раҳмат ва барака тилашида катта ҳикмат бор.
Аждодларимиз саломга катта эътибор қаратган. Мактаб, иш ёки кўчадан уйга кирганимизда, албатта, салом бериб киришни ўргатган. “Ҳатто уйда ҳеч ким бўлмаганида ҳам ичкарига салом бериб киринглар, саломларингизга малоиклар алик олади”, деб уқтирган. Салом Аллоҳ таолонинг ҳукмига итоат эканини ўзимиз мад­расаларда ўқиб-ўрганиб англаганмиз. Нур сурасининг 61-оятида
“…Бас, қачон уйларга кирсангиз, ўзаро Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак, покиза саломни айтинг”, дейилган. Демак, салом Аллоҳ таолонинг ҳузурида покиза, барокатли сўз экан.
Мусулмонларнинг саломи гўзал одобни билдиради. Уйга кираётганда салом бериш, уйдагилардан рухсат сўраш ҳам катта одобга киради. Калада ибн Ҳанбал ривоят қилади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига салом бермай, рухсат сўрамай кирдим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ортингга қайт ва “Ассалому алайкум, кирсам мумкинми?” деб сўрагин”, дедилар”.
Бугунги кунда ота-оналар бу қоидани биладими? Ота ўтирган бўлса, фарзанд қўлини қовуштириб, отадан ўтиришга изн беришини сўраши зарур. Изн берса ўтиради, дастурхонга дуо қилингач, фарзанд қўлини кўксига қўйиб, бошини бироз эгиб “Бизга рухсатми?” деб ота-она, устоз­ларидан рухсат сўрайди. Рухсат олгач, ўрнидан туради. Бу одоб буюк аждодлардан бизгача омонат бўлиб етиб келди. Уни келажак авлодга хиёнатсиз етказмоғимиз зарур.
Баъзилар салом беришни камситилиш деб тушунади. Таассуфки, салом бериш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати ва у зотга эҳтиромлигини билмайди. Алик олиш вожиб бўлиб, фарз амалдир. Салом бериш бир амр бўлса, жавоб беришнинг масъулияти ундан кўра кўпроқдир. Бир инсон иккинчисига салом берса, у албатта, алик олиши вожибдир. Агар алик олмаса, вожибни тарк қилгани учун гуноҳкор бўлади.
Бугун қучоқлашиб кўришиш қоидаси ҳам эсдан чиқди. Аслида қучоқлашиб кўришишдан қўл бериб, салавот айтиб кўришиш афзалроқ ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло “Қачон сизларга саломлашиш(ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олинг ёки ўша иборани қайтаринг”, дедилар. Бугун кўплар, айниқса, ёшлар ўзаро кўришганда бош уриштиради. Турфа қилиқлар ўйлаб топиб, қўл учи билан номига, эриниб ёки кибр билан кўришади. Бу аслида ўзлигимизни анг­ламаслик, устоз ва ота-оналарнинг эътиборсизлиги, саломлашиш одоб­ларини ўргатмаслиги туфайли пайдо бўлмоқда.
Айрим ёшлар олдингиздан салом бермай ўтиб кетади. Уларга ибрат бўлсин деб салом берсангиз, ажабланиб, юзингизга қараб, бу одам нега менга салом берди дея таажжуб билан қарайди. Яна салом талаффузини бузиб, “Ассому алайку”, “Сом алайкум”, деб салом беради. Бунинг маъноси эса “Сизга ўлим тилайман” деганидир.
Саломнинг савоби ҳам кўпдир. Имрон ибн Ҳусайн ривоят қилади: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдига келиб “Ассалому алайкум”, деди. У Зот алик олдилар ва у киши ўтирганида “Ўн савоб” дедилар. Сўнгра бошқа бир киши келиб “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ”, деди. Унинг ҳам саломларига алик олдилар. У киши ўтирганидан кейин: “Йигирма савоб”, дедилар. Учинчи киши келиб “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу”, деди. Унинг ҳам саломига алик олдилар ва у ҳам ўтирганидан сўнг “Ўттиз савоб” дедилар. Ушбу ҳадисдан кўриниб турибдики, саломга ҳам савоб бор экан. Агар бир кунда ўн кишига салом берсак, ўттизтадан бўлса, уч юз савоб олар эканмиз. Саломни чала-чулпа қилсак, унга савоб йўқ.
Бундан ташқари, омонат салом деган тушунча бор. Бу қандай салом? Танишимиз, дўстимиз “Отанг­га ассалому алайкум”, деб қўйгин деса, худди шунингдек, бошқа бир кишига салом йўлласа, “Фалончи сизга ассалому алайкум деб салом йўллади”, дейилса, бу саломни эшитган киши “Ваалайкум ассалом”, деб жавоб бериши керак. Қандай салом йўлланган бўлса, худди шундай жавоб берилиши зарур. Саломни омонат қилиб олдингизми, уни эгасига етказиш ҳам омонатдир.
Катталар ёш болаларнинг олдидан ўтганда уларга салом бериб ўтиши суннат ҳисобланади. Анас розияллоҳу анҳу айтадики: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш болаларнинг олдидан ўтганда уларга салом бериб ўтардилар. У зот доимо биринчи бўлиб салом берардилар”.
Бугун аксариятимиз салом одобига ҳам кибрни аралаштириб, биринчи бўлиб салом бермаймиз. Аликни ҳам кибр билан оламиз. Афсуски, бу шайтоний амаллардир. Яна ёшларда бир қўли билан саломлашиш, қўлни белига қўйиб, нописандлик билан саломлашиш каби ҳолатлар ҳам учрамоқда. Саломлашиш қоидасини билишнинг ўзи ярим тарбиядир. Елкамизда қарз бўлган саломлашиш қоидаларини ёшларга тўлиқ етказиш — катталарнинг, уни ўрганиш — ёшларнинг вазифаси ҳисобланади.

Шермурод ТОҒАЙ,
Тошкент вилояти Вақф хайрия ва жамоат фонди
филиалининг бўлим бошлиғи