Туркий кенгаш: нега, қачон, қандай қилиб? Ташқи сиёсатимизга доир 5 саволга 5 жавоб

Бир ой аввал мамлакатимиз парламенти Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван битимини ратификация қилган эди. 15 октябрь куни Боку шаҳрида ўз ишини якунлаган Туркий кенгашнинг навбатдаги саммити доирасида Ўзбекистон ташкилотга тўла ҳуқуқли аъзо сифатида расман қўшилди. Мазкур нуфузли тадбирда Президент Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди.
Ўзбекистон ташқи сиёсатида кўп томонлама форматга қайтаётгани, хусусан, Туркий кенгашга нима учун кирганимиз ҳақида аввалги мақолаларда ёзгандик (газетанинг 73- ва 76-сонларини қаранг). Лекин муштарийларни қизиқтираётган саволлар ҳали талайгина. Энг муҳимларига таниқли таҳлилчи-эксперт, фалсафа фанлари номзоди
Равшан НАЗАРОВдан жавоб олдик.

1. Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи қандай?

— Туркий кенгаш нуфузли халқаро тузилма ҳисоб­ланади. У 2009 йил
3 октябрь куни Озарбайжоннинг Нахичеван шаҳрида таъсис этилган. Ўшанда ташкилотга Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо бўлганди.
Туркий тилли давлатлар раҳбарларининг биринчи саммити аслида 1992 йилнинг октябрида Туркияда ўтказилган. Ўша йили Олмаотада Турк санъати ва тиллари бирлашган маъмурияти, 1998 йилда эса Бокуда Туркий тилли мамлакатлар парламент ассамблеяси ташкил этилади. Туркий кенгаш таркибида Ташқи ишлар вазирлари кенгаши, Катта мансабдор шахслар қўмитаси, Оқсоқоллар кенгаши, Халқаро турк академияси ҳам бор.
Мустақилликнинг илк йилларида Ўзбекистон ушбу ташкилот билан ҳамкорлик боғлаган бўлса-да, бироқ Нахичеван битимини имзоламаганди. Бу бўйича амалий ҳаракатлар 2018 йилда — Президентимиз Туркий кенгашнинг олтинчи саммити (Чўлпонота, Қирғизистон)да фахрий меҳмон сифатида иштирок этганидан сўнг бошланди.

2. Туркий кенгашда етакчи мамлакат борми?

— Бор. Туркия, маълум маънода, кенгаш фаолиятида етакчи ўринни тутади. Бу мамлакат туркийзабон давлатлар интеграциясининг бош ташаббускори ва ижрочиси эканини ҳам унутмаслик керак. Туркий кенгашнинг Котибияти Истанбул шаҳрида жойлашган. Анқарада турк маданияти халқаро ташкилоти (ТУРКСОЙ) фаолият кўрсатмоқда. Қолаверса, шу чоққача ташкилот доирасида ўтказилган ўнта саммитдан бештасига айнан Туркия мезбонлик қилганди.
Юқоридаги ҳолатга қарамай, Туркий кенгашга аъзо барча давлатлар тенг ҳуқуқли саналади. Айтайлик, тузилманинг биринчи котиби этиб Туркиянинг таниқли сиёсий ва жамоат арбоби Халил Акынджы
(2009 – 2014 й.й.) сайланган. Кейин бу вазифани озарбайжонлик дипломат Рамиль Гасанов (2014 – 2018 й.й.) бажарди. Ҳозир эса масъулиятли лавозимда қозоғистонлик шарқшунос олим ҳамда дипломат Бағдат Амреев фаолият юритмоқда.

3. Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзолик Ўзбекистонга нима беради? Биз билан ташкилотнинг келажаги қандай бўлиши кутилмоқда?

— Туркий кенгашга қўшилгач, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё (Қозоғис­тон, Қирғизистон), Кавказ (Озарбайжон), Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари (Туркия) билан янада яқинлашуви кутилади. Бу эса ташқи сиёсий майдонда ҳамфикр, маслакдошларимиз кўпайишидан далолатдир.
Юртимиз халқаро ташкилотнинг барча таркибий тузилмаларида фаол иштирок этишдан манфаатдор. Масалан, 2019 йилда Ўзбекис­тоннинг Қозоғистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси
Саидик­ром Ниёзхўжаев Нурсултонда Халқаро турк академияси президенти Дархан Кыдырали билан учрашганди. Ўзаро мулоқот чоғида икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, Абу Наср
Форобий, Аҳмад Яссавий, Юсуф Болосоғуний каби буюк мутафаккир аждодларимизнинг бой илмий ва маънавий меросини биргаликда тадқиқ этиш таклифи илгари сурилди. Яқинда Академия саъй-ҳаракати билан Алишер Навоий асарлари тўплами чоп этилгани қайд этилди.
Д.Кыдырали Академия Ўзбекистон ҳудудида археологик экспедициялар ўтказишга тайёр эканини ҳам маълум қилган.

4. Туркий кенгашга қўшилишимиз жаҳоннинг қудратли мамлакатлари билан муносабатларимизга таъсир кўрсатадими?

— Туркий кенгашга аъзо мамлакатларнинг
геосиёсий ориентирлари ҳар хил. Гап номутаносиблик ёки қарама-қаршилик ҳақида кетаётгани йўқ. Шунчаки, ҳар қайси давлат ташқи сиёсатини
миллий манфаатларидан келиб чиқиб белгилаши ва шу аснода интеграция жараёнларига қўшилишини таъкид­ламоқчиман, холос.
Айтайлик, Туркия НАТО ва Европа кенгаши, Қозоғистон ва Қирғизистон эса Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартнома ташкилоти (ОДКБ)га аъзо. Ўз навбатида, Озарбайжон Туркия билан ҳарбий-техник соҳада жуда яқин ҳамкорликка эга. Туркий кенгашнинг учта аъзоси — Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига қўшилган ҳамда унинг доирасида Россия ва Хитой билан ҳамкорликни ривожлантирмоқда. Марказий Осиё республикалари ва Озарбайжон МДҲга ҳам аъзо. Демакки, улар Россия билан турли масалаларда ҳамкорлик қилади.
Юқоридаги ҳолат Туркий кенгашга кирувчи давлатларга халқаро муносабатларни ҳам кўп томонлама, ҳам икки томонлама форматда олиб боришга сира тўсқинлик қилмайди.

4.Яқин истиқболда бизни нималар кутяпти?

— Ўйлашимча, Ўзбекистоннинг Туркий кенгаш таркибига тенг ҳуқуқли аъзо сифатида кириши бутун туркий дунёнинг кейинги интеграциясига кенг йўл очиб беради. Иккинчи томондан, ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасидаги алоқалар янги босқичга кўтарилиши учун ҳам замин ҳозирланади. Бу, сўзсиз, тузилманинг ичдан мус­таҳкамланишини таъминлайди.
Халқаро интеграцион тузилма сифатида Туркий кенгаш Европа иттифоқининг кичрайтирилган моделини эслатади. У БМТ, ЮНЕСКО, ЕХҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби нуфузли ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Кенгаш кун тартибига қўйилган масалалар юзасидан қарорлар ҳар томонлама муҳокама этилиб, чуқур таҳлилдан ўтказилиб, аъзо давлатларнинг талаб ва истаклари инобатга олингандан кейингина қабул қилинади.
Келгусида Туркий кенгашга Венгриянинг қўшилиш эҳтимоли юқори. Ҳозирча бу мамлакат кузатувчи мақомига эга. Қолаверса, бир неча бор Шимолий Кипр Турк Республикаси Кенгашга аъзо бўлиш истагини билдирган. 2014 йили Бодрум саммити чоғида Туркманистоннинг тузилмага аъзо бўлиб кириш нияти борлиги маълум қилинганди. Ташкилот таркиби туркий тилли халқлар озчиликни ташкил қилувчи Албания, Босния, Герцеговина, Македонияга ўхшаган мамлакатлар, қўйингки, ҳатто 20 миллиондан ортиқ туркийлар яшайдиган Россия ҳисобига кенгайиши мумкинлиги ҳақидаги тахминлар ҳам йўқ эмас.

Наргиза УМАРОВА