Халқ қудрати ва бирлигининг мезони

Давлатнинг давлат бўлишида халқ ёки миллатнинг ҳудудий бирлиги билан бир қаторда тил, миллий қадриятлар, дунёқараш, мафкура каби ўта муҳим соҳаларда ҳам муштараклиги, жипслиги керак бўлади. Тил миллий мустақиллик, халқ бирдамлиги ва якдиллигининг ифодасидир. Шу маънода жорий йилнинг 4 октябрь куни давлатимиз раҳбари имзолаган “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарор ва унинг бош йўналишини ташкил этувчи “Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадриятдир”, деган ғояни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқ керак.

Тилнинг вазифалари адоқсиз. Бугунги шиддатли ва тезкор ахборий жамиятда тилнинг қадри ва ўрни янада юксалгани ҳеч кимга сир эмас. Интернет, “оммавий маданият” каби ҳаётимизга сингиб бораётган тушунчалар асосида ҳам ўткир тил — сўз яшириниб ётибди. Миллати, дини ва ирқидан қатъи назар, барча халқларнинг олдида ёшларга муносиб таълим-тарбия бериш масаласи кўндаланг бўлиб турибди. Бу борадаги энг зўр қурол ҳам сўздир.
Инсон ўз она тилида дунёни англайди, тафаккур қилади ва ўша тилда муомала-муносабатга киришади. Она тили тенгсиз мулоқот қуроли, бебаҳо маънавий хазинадир.
Машҳур рус олими Н.Ф.Замятин таъбири билан айтганимизда: “Тил бамисли тирик мавжудот. Уни севиш, сезиш, ҳис қилиш керак. Шундагина у Сизга тушунарли бўлади. Орадан йиллар ўтиб Сиз битта, учта, бешта, борингки, ундан ҳам кўп хорижий тилларни ўрганиб олгач ва бу сеҳрли дунё билан кенгроқ танишгач, англаб етасизки, Сизнинг асл тилингиз — ўз она тилингиздир. Ҳеч нарсага алмашмайдиган бебаҳо бойлигингиз — она Ватанингиздир”.
Ўзбек тили сўз бойлиги ва ифода имкониятларига кўра, жаҳондаги бошқа тиллардан асло қолишмайди. Халқимиз тўрт минг йиллик давлатчилик тарихи давомида ўтмиш саҳифаларига ўзининг бунёдкорлик, яратувчанлик фазилатларини муҳрлаб келган… “Авесто”, оромий, хоразм, сўғд, кушон, ўрхун-энасой битиклари ўтмиш аждодларимиз тафаккур дунёсининг кенглигидан, истеъдоди ноёблигидан хабар бериб турибди.
Аммо бутун дунё халқлари шиддат билан олға интилаётган, илм-фан ва техника соҳаларида ақл бовар қилмас кашфиётлар амалга оширилаётган суронли бир даврда жаҳон майдонида ўзбек халқи ва ўзбек тилининг ўрни қандай? Келинг, шу ҳақда бир фикрлашиб кўрайлик…
Таассуфлар бўлсинким, ўтган йиллар давомида она тили билан боғлиқ муаммолар ўткирлашса ўткирлашдики, асло ечимини топгани йўқ. Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг икки бор ўзгартирилгани, иш юритиш ҳужжатлари, шахсий дастхатларимизда, кўчалардаги, биноларнинг ичкариси ва ташқарисидаги ёзувларда, сон-саноқсиз реклама баннери ва пешлавҳаларда хорижий атамаларнинг қалашиб ётгани, ўзбекча ёзилганларида ҳам хатоликлар мўллиги ўзбек тилининг обрўсига, минг йиллик тарихига соя ташлаб турибди.
Муаммонинг бир учи давлатнинг, иккинчи томони фуқароларимизнинг “Давлат тили тўғрисида”ги қонунга қай даражада амал қилаётганига бориб тақалади. Давлат она тилимиз ривожланиши, тараққий топиши, ҳатто жаҳонда ўз нуфузига эга бўлиши учун барча шароитларни яратиб берди.
“Давлат тили тўғрисида”ги қонуннинг барча ерда бирдек ишламаётганига ким айбдор?
Ўрта асрларда Алишер Навоий туркий тилнинг араб ва форс тилларидан сира қoлишмаслигини илмий ва амалий жиҳатдан исботлаб берганди. Улуғ мутафаккир шоир кўтарган она тилига ҳақдорлик ва эгадорлик туйғуси бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.
Биз, ўзбеклар бағри кенг, миллатчилик ва айирмачиликдан холи, диди ва маънавияти баланд, меҳмондўст, буюк халқмиз. “Нима бўлибди, турса-турибди-да, ёзса ёзибди-да, айтсак, хафа бўлади”, деб кўчалардаги, бинолардаги пешлавҳаларга, ёзувларга эътибор бермаймиз. Тил масаласида қаттиқ турмаймиз, бизга ўзбек тилида мурожаат қилишса ҳам, тиришиб-тирмашиб мурожаат қилган шахснинг тилида жавоб қайтаришга уринамиз. Бу нима? Меҳмондўстликми, журъатсизликми, хавфсирашми? Кимдан қўрқамиз?! Эркимиз ўз қўлимизда бўлса…
Шу қусуримиз туфайли Железнодорожная, Касбино, Алайская, Госпитальная, Ипподромная, “Водник”, Театральная, Экскаваторная, Пединститут, Центральная каби эски ва Ц-1, Ц-2 сингари мавҳум номлар ҳали ҳам тилимизда ўшандай турибди.
Бўлиб ўтган бир воқеани айтай. Университет олдидаги бекатдан маршрутга чиқдим. Бироз юргач, ҳайдовчи мендан сўраб қолди:
— Шу университетда иш­лайсизми?
— Ҳа.
— Бир нарса сўрасам, майлими, комиссия сўзи ўзбек тилига қандай таржима қилинади?
— Ҳайъат ёки ишчи гуруҳ дейиш мумкин.
— Шу ердан ҳар куни ўтганда қарадим: “Қабул комиссияси” деган ёзув ёз бўйи илиниб турди. Ака, тилимиз бузилиб кетяпти. Жанубий вокзал, Шимолий вокзал, бекат дейиш ўрнига нуқул Южний, Северний, астановка дейишади. Шу кетишда келажагимиз нима бўлади?..
Нафақат марказда, балки ички кўчаларимизда ҳам турли-туман тиллардаги, аралаш-қуралаш, маъносини биров билмайдиган номлар қалашиб ётибди. Уларни тўғрилашга шу маҳаллада яшовчи фуқаролардан тортиб, маҳалла мутасаддилари, туман раҳбарлари — ҳаммаси бирдек масъул эмасми?!
“Андишанинг оти қўрқоқ” деганларидек, индамаган эдик, ўнгу сўлимизни ажнабий номлар эгаллади. Дунёнинг бирорта мамлакатида бундай эмас: “Eхpress market”, Свадебный салон Bella Stella”, “Uzbechka”, “Multi Jiz Biz taomlar”, “Guten” немецкий ресторан, “Optika gold”, “La Modam”, “Kafe la Bistro”, “Бала-бала детский магазин”, “Торты арома”, “Салон красоты Минь-Янь”, “Салон красоты Lora”, “Frendy Beautу salon”, “Бистро Бек”, “Gold elegant”, “Бургер Дружба” ва ҳоказо. Бу каби номлар на ўзбек, на рус, на инглиз ёки бошқа тилларнинг қонун-қоидасига тўғри келади.
Ахир ўйланг, “Beautу salon Go‘zalina”, “Art Chehra Raos”, “Shaxana”, “Hasandekor”, “САФ” (соф бўлса керак) химчыстка”, “Чайхана Бабай” каби “ихтиро” қилинган сийқа номлар тилимиз тараққиёти учун нима беради?! Қадим ва бой ўзбек тилининг қўлланиш доирасини торайтиради, чеклаб қўяди, холос.
Ёки “Chistka.uz”, “anti-shum.uz”, “Rano.uz”, “minox.uz” каби номларни қўллашдан кўзланган мақсад дўкон эгаларидан бошқасига аён бўлмаса керак.
Ҳали ўзбек тилига ўзлашмаган “Avtomoyka”, “Avtostoyanka”, “Avtozapchast”, “Tyopliy dom”, “Atelye” “Shedewr”, “Bistro”, “Drujba” каби сўзларнинг лотин графикасида ёзиб қўйилишига нима дейсиз?! Буни маданиятсизлик, саводсизликдан бошқага
йўйиб бўлмайди.
Буларни кўриб, миллий ғуруримиз, миллий ифтихоримиз бироз бўшашгандек, тилимиз борасида юрагимизнинг туб-тубида ҳамон аллақандай бир ҳадик бордек туюлади. Ҳолбуки, астойдил изласак, тилимизда ҳар қандай бошқа тилдаги сўзнинг, атаманинг ўрнини босадиган лексик бирликларни истаганча топамиз. Масалан, биргина пойтахимизнинг ўзида Мустақиллик йилларида қанчадан- қанча номлар ўзгартирилди, миллий қадриятларимиз, тарихимизга оид бу номлар нафақат кўчаларимизни безаб турибди, балки қалбимизга ғурур, ифтихор туйғуларини ҳам солади. Союзная, Панченко, Мало Госпитальная, Московск, Ленинск, “Водник”, Ипподромная, Жакарта, Горная, Складская, Полевая, Кафанов, Красин каби жой номларининг Элтузар, Шамси кулол, Кичик Миробод, Шаҳрихон, Асака, Бектемир, Эски Отчопар, Жалолиддин Мангуберди, Бойтепа, Бойкент, Қўқон дарвоза, Авлиёота, Мироншоҳ тарзида қўллашимизга қайси миллат, қайси давлат қарши чиқди! Аксинча, Амир Темур хиёбони, Мустақиллик майдони, Чорсу, Бодомзор, Кўкча, Бешёғоч, Буюк Ипак йўли, Ўзбекистон Ҳаво йўллари, Лабзак сингари қадимий ва халқона номлар кўзимизни яйратиб, яшнатиб турибди.
Жой номларини қайта кўриб чиқиш ва янгилаш жараёнлари ҳали ҳам давом этмоқда. Лекин масаланинг иккинчи томони бор. Имло қоидаларини билмаганимиз, ёзувимизни, унинг тимсолида ўтмишимизни ҳурмат қилмаганимиз, тилимизнинг тақдири устида чуқурроқ бош қотирмаганимиз учун миллий қадриятларимизга, тарихимизга, ўтган авлод-аждодларимизга чексиз ҳурмат-эҳтиром маъносида қайта тикланган юқоридаги каби номларни Чор-сув, Кўк-терак, Олтин-тепа, Ибн-Сино, Кушкунди, Куксарой кўринишида хато ёзяпмиз. Ёки гўшт дўконига мархамат, хар хил, машхур, хеч ким, Кичик Халқа йўли, Фархот бозори, “Таж Махал”, “Шох”, “Оху” сингари номларда хатоликларга йўл қўйяпмиз. Бундай хатоликларга Республикамизнинг шаҳар ва қишлоқларидан минглаб мисолларни келтириш мумкин.
Ҳамма нарса она тилида сўзлаш ва бехато ёзиш масъулиятини ҳис қилиш ва амалда буни исботлашга боғлиқ. “Давлат тили тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасида “Муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмалари муҳрлари, тамғалари, иш қоғозларининг матнлари давлат тилида бўлади”, деган банд бор. Бироқ бири-биридан чиройли, маҳобатли биноларимиз пештоқларига “Lola Burger”, “Chig’atoy House”, “Евроремонт” МЧЖ, “Стройвектор” МЧЖ, Home Beka каби ёзувлар катта, кечалари ёниб турадиган ҳарфлар билан ёзилиб, илиб қўйилган. Булар ўзбек тилининг бойлигидан далолат бермайди, аксинча, она тилимизни сийқалаштиради, қашшоқлаштиради. Наҳотки, бу оддий ҳақиқатни шу ном остидаги бинода халққа хизмат қилаётган ҳамюртларимиз билмаса?!
Ёки 20-моддада таъкидланади: “Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин”.
Мамлакатимизга хорижий инвестиянинг кириб келиши, маҳсулотларимизнинг чет элга экспорт қилиниши, қўшма корхоналарнинг ташкил топиши бу — келажакдан нишона эканлиги ҳаммамизга маълум. Бироқ қўшма корхонага ном қўйилаётганда ҳар икки томоннинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда сўз танланмайдими? Халқаро neyming талаблари бор. Ном бериш бўйича брендология фани яратилган ва унга қатъий амал қилинади. Ном қўйишнинг ўнлаб талаблари ва тамойиллари мавжуд. Бу ишлаб чиқараётган маҳсулотга, унинг жойлашган ўрнига, ким томонидан ишлаб чиқарилаётгани, миллий қадриятларга, фаолият турига ва шу кабиларга асосланиб, ном бериш, аташ жараёни саналади.
“Faberlic”, “Mia gabe”, “Quattro”, “Lordini”, “Lord”, “Orange market”, “Orange kidsland”, “Salamander”, “Ferra”, “Ideal”, “Gross”, “Vita”, “Engelberg”, “Topkids”, “Dida”, “Azzara”, “Stule JAB”, “Bovariya Plaza”, “Ariana”, “Vicco”, “Enriko marinelli”, “Renzo rinaldi”, Adidas, Coko-kola, General Electric, Visa, “Babu toys” каби ҳамма ёқни босиб кетган ёзувлар дунёга машҳур брендларни тарғиб қилишми ёки маҳсулотини улар номи остида аҳолига ўтказишми? Аслини суриштирсангиз, бундай фирмаларнинг кўпчилиги ўз маҳалласидан, ўз шаҳридан ташқарида хизмат кўрсатмайдиган корхона ва ташкилотлар бўлиб чиқади. Бу каби тадбиркорларнинг қалбида миллий ғурур, миллий ифтихор туйғулари бўлмагандан ке­йин дардингизни кимга айтасиз?
Айрим ишбилармонларимиз сўз ясашда “менман” деган тилшунослару ёзувчи ва шоирларни ортда қолдиришди. Биргина маркет сўзи воситасида Foodmarket, Obod market, Vip market, Baraka market, Shox (Shoh ўрнида), market, Ali market, Tutzor market, minimarket, freshmarket, makromarket, lavash­market, market Burger ва ҳоказо сўзларни ясаб, дўконларига, фирма ва корхоналари пештоқига илиб олишган.
Рус тилидан нўноқ ва маъносиз таржима қилинган “Янги форматдан завқ ол Nesсafe” (“Nesсafe Освежись с новым форматом”), “Бешни ол!” (“Держи пять!”),
“Айс”ли ёзни кутиб олинг” (“Встречай “Айс”ное лето”), Amerikacha Ta’m 1905 yildan (устига-устак, хато билан ёзилган), “Chanqog‘ingni ma’zali qоndir” (биронта ўзбек бундай деб ишлатмаса керак!) (“Утолей жажду вкусно”) сингари баннерлар таржимонлар ва мутасаддиларнинг саводсиз ва малакаси етишмаганидан далолат бериб турибди.
Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, республикамизда 400 мингдан ортиқ масъ­улияти чекланган очиқ ва ёпиқ турдаги жамиятлар, фирма ва корхоналар фаолият олиб боради. Ҳар йили минглаб янги ташкилотлар рўйхатдан ўтади. Бу рақамлар ўз она тилининг тақдири устида бош қотираётган ҳар бир инсонни ўйлантириши керак. Сабаби ҳар битта ном остида тил, она тилидан унумли ва ўринли фойдаланиш масаласи ётибди. Ўзбек тили тақдирига панжа ортидан қараётган мутасаддилар муаммо кетидан муаммо ясашмоқда.
Аслида, масаланинг ечими жуда оддий: “Фирма тўғрисида” қонун, “Фермер хўжалиги тўғрисида” қонун, “ Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида” қонун ва шу каби ҳужжатларга жиддий ўзгартиришлар киритиш лозим ва ном танлашда ихтиёрийлик, бир томонлама ёндашувдан қочиш керак. Ҳамюртларимизнинг қалбидаги она тилига ҳурмат ва эҳтиром туйғуларини уйғотиш лозим.
Қолаверса, Мустақилликнинг дастлабки йилларида самарали фаолият олиб борган Терминологик қўмитага ўхшаш Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Давлат тили тўғрисида” қонун бандлари ижросини таъминлайдиган Тил инспекциясини ташкил этиш давр талабига айланди.
Ахир, тил инсонга берилган илоҳий неъмат саналади. У ўзига хос қонуниятлар билан тараққий топади. Тилни халқ яратади ва унга асрлар давомида сайқал бериб, такомиллаштириб боради.
Тарих гувоҳ, ўзлигини сақлаб қолмаган, тарихини улуғламаган, тилини ардоқламаган, унинг келажаги устида астойдил бош қотирмаган халқлар ва миллатлар ҳар қачон ютқазган.
Биз ҳам эътиборсизлик қилиб, келажак авлод олдида қизариб, ер чизиб қолмайлик. Қўяётган номларимиз, ёзувларимиз, иш юритиш ҳужжатларимиз барпо этаётган муҳташам биноларимизга, обод ва кўркам шаҳар ҳамда қишлоқларимиз ҳуснига узукка кўз қўйгандек мос тушсин. Она тили соҳасида амалга ошираётган ишларимиз юртимиздаги бошқа тилларнинг нуфузига таъсир қилмаган ҳолда ўзбек тилининг обрўсини сақлаб қолишга, унинг халқаро майдондаги мавқеини оширишга хизмат қилсин.

Абдулҳай СОБИРОВ,
филология фанлари доктори, профессор