Берлинда ўзбек ёшлари иштирокида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 24 ноябрь куни Берлин шаҳрида “Ўзбекистонда ахборот технология соҳасини ривожлантириш истиқболлари экспертлар нигоҳида“ мавзусида илмий-амалий анжуман ўтказилди. Тадбир Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Германиядаги вакиллиги, Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Эл-юрт умиди» жамғармаси  ва “Ниҳол” ўзбек-олмон маданий ва илмий жамияти томонидан ҳамкорликда ташкил этилди.

Унда Германиянинг Берлин, Гамбург, Хемниц, Халле, Зиген ва бошқа кўплаб шаҳарларидаги нуфузли университетларда таҳсил олаётган ҳамда илмий марказ, йирик корхона ва банкларда фаолият олиб бораётган 50 дан ошиқ ўзбекистонлик иқтидорли ёшлар иштирок этди.

Ўзбекистоннинг Германиядаги элчиси Н.Қосимов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Эл-юрт умиди” жамғармаси директори ўринбосари О.Сатторов, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Хориждаги ватандошлар билан алоқалар бўлими ходими А.Мухамеджонов ва Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Германиядаги вакили К.Бедиев анжуманнинг очилишида сўзга чиқиб, Ўзбекистон Президентининг ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратган эътибор ва беқиёс ғамхўрлиги, ёшлар масалалари бўйича олиб борилаётган давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти ҳақида фикрларини билдирди.

Шу билан бирга, тадбир иштирокчиларига Ўзбекистонда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш ҳамда мазкур йўналишлардаги истиқболли стартап-лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича ташкил этилган инкубация ва акселерация дастурлари ҳақида маълумот берилди. Германия университетларида таҳсил олаётган, илмий марказларда тадқиқот олиб бораётган, етакчи компания ва фирмаларда фаолият юритаётган ўзбекистонлик ёшлар мамлакатимизда олиб борилаётган кенг миқёсли ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотларни ривожлантиришда ўз ҳиссаларини  қўшишга даъват этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 ноябрь куни пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркига ташрифи чоғида иқтисодиётимиз барқарорлиги, ҳар бир соҳанинг сифати ва самарадорлиги, аҳолига қулайликлар яратиш ахборот технологиялари билан боғлиқлигини, шунинг учун бу соҳага янада кенг имконият, зарур инфратузилма яратиш, мутахассисларни ҳар томонлама рағбатлантириш, қобилиятли ёшларни тарбиялаш лозимлигини таъкидлаган эди. Давлатимиз раҳбарининг бу фикрлари анжуман иштирокчиларини келгусида мамлакатимиз равнақи учун кўпроқ ҳисса қўшишга илҳомлантирди.

Анжуманда, шунингдек, Германиянинг “Luca Net AG” акциядорлик компаниясининг eтакчи дастурчиси Р.Тошмуҳамедов «Ўзбекистон учун янги IT-технологияларни татбиқ қилиш усуллари», “Bringmeister GmbH” компанияси менежери Ш.Йигиталиев «Кичик ва якка тартибдаги тадбиркорлик соҳасини мобил қурилмалар орқали замонавийлаштириш: Булутли ҳисоблаш хизматлари мисолида» ва “Deutsche Kreditbank” eтакчи дастурчиси, Потcдам университетининг бизнес жараёнларини бошқариш факультети доценти Н. Усмонов «Узлуксиз интеграция/доимий ривожланиш» мавзуларида маърузалар билан иштирок этишди.

Маърузачилар ахборот технологиялар сохасида Германиянинг йирик корхона, ширкат ва банкларида фаолият тажрибаси, ривожланиш истиқболлари, олиб борилаётган замонавий тадқиқотлар ва жорий этилаётган янгиликлар, шунингдек мазкур тажриба ва янгиликларни Ўзбекистонда тадбиқ этиш имкониятлари ҳамда шароитлари ҳақида фикр-мулоҳаза юритиб, таклифлар киритдилар.

Анжуман юқори савияда ва кўтаринки руҳда ўтди. Тақдим этилган ҳар бир лойиҳа қизғин муҳокама қилинди.

Анжуман иштирокчилари ўз лойиҳалари, инновацион ғоялари, билим ва тажрибаси билан Ватанимиз  тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшишга тайёр эканликларини таъкидладилар. Келажакда ушбу экспертлар билан изчил ҳамкорлик қилиш, шу жумладан, Ўзбекистонда олий ўқув юртлари талабалари, банк, солиқ ва бошқа соҳа вакилларининг  билим ва малакасини ошириш учун масофадан туриб видео тренинглар ўтказишга келишиб олинди.

Келажакда мазкур форматдаги илмий-амалий анжуманларни узлуксиз равишда бошқа соҳа вакиллари бўлган юртдошларимиз иштирокида ўтказилиши эътироф этилди.

Тадбир якунида дастурхонга тортилган ўзбек оши барчага манзур бўлди.

 

Камолиддин Бедиев,

Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Германиядаги вакили

Берлин шаҳри