Соғлом ва мустаҳкам оила – соғлом кeлажак пойдeвори

Давлатимиз раҳбари томонидан ёшлар маънавиятини юксалтириш, спортга бўлган қизиқишларини ошириш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмалари томонидан республика бўйлаб кўп тармоқли тадбирлар ташкил қилиб келинмоқда. Бугунги кунда Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг нафақат жисмоний, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлигини оширилишига, қолаверса улар оилаларининг жипс бўлишига ва оилада соғлом муҳитни яратилиши борасида мунтазам ишлар олиб борилмоқда. Ҳарбий хизматчи ва ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларни спортга жалб қилиш мақсадида пойтахтимизда анъанага айланиб улгурган “Eнг яхши спортчи оила” спорт мусобақасининг республика босқичи ўтказилганлиги бунинг ёрқин мисолидир.

Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзоларини жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишини рағбатлантириш мақсадида “Eнг яхши спортчи оила” спорт мусобақалари уч босқичда ташкиллаштирилиб, биринчи босқич ҳарбий қисмлар миқёсида ўтказилди. Иккинчи босқич эса Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятлари жамоалари ўртасида Урганч шаҳрида, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари жамоалари ўртасида Қарши шаҳрида, Навоий, Самарқанд ва Жиззах вилоятлари жамоалари ўртасида Жиззах шаҳрида, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари жамоалари ўртасида Фарғона шаҳрида, Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятлари жамоалари ҳамда Қўриқлаш Бош бошқармасининг жамоалари ўртасида Тошкент шаҳрида, шунингдек Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти ва алоҳида вазифаларни бажарувчи биргада жамоалари ўртасида Тошкент вилоятида ўтказилди. Уларда ғолиб бўлган 8 та жамоа республика босқичида пойтахтимиздаги Миллий гвардия «Динамо» жисмоний тарбия-спорт жамиятида ўзаро беллашишди.

Мусобақа ҳақиқий спорт аксиясига айланди десак адашмаган бўламиз. Сабаби шу куни Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва ходимлари спорт мажмуасида жисмоний тарбия машқларини жамоавий тарзда бажаришди. Узоқликка ва қисқа масофага югуриш, баскетбол ҳамда волебол спорт турлари бўйича қизғин беллашувлар ўтказилди. Бир сўз билан айтганда бундай спорт аксиялари мунтазамлик касб этганлигини алоҳида таъкидлашимиз лозим.

Шундан сўнг мусобақага старт берилди. Тадбирни Миллий гвардия Қўмондони ўринбосари кириш сўзи билан очиб берди. Маросимда Спорт вазирлиги ва оила илмий-амалий тадқиқот марказидан вакиллар иштирок этиб, қатнашчиларга омад тилашди.

Беллашувлар югуриш, акробатика ва нишонга отиш эстафетаси, ким чаққон ва мерган, тезлик эстафетаси, арқон тортиш, чаққон она ва эпчил қиз, чаққон ота ва эпчил ўғил каби олтита шарт бўйича олиб борилди.

Мусобақани ҳар бир шартни ҳакамлар ҳаққоний баҳолаб боришди. Жамоалар бирдамликда ҳаракат қилишиб, ғолиблик сари олға интилишди. Қизғин курашларга бой бўлган тадбирда якунда жамоаларнинг йиғган баллари ҳисоблаб чиқилиб учинчи ўринни Миилий гвардиянинг Жиззах вилояти бўйича Бошқармаси номидан иштирок этган жамоа қўлга киритди. Иккинчи ўринни Фарғона вилояти бўйича Бошқармаси номидан иштирок этган жамоа эгаллади. Биринчи ўринга эса Алоҳида вазифаларни бажарувчи биргада ҳарбий хизматчисининг оиласи лойиқ деб топилди. Ғолибларга ва барча иштирокчиларга Миллий гвардия қўмондонлигининг диплом ва қимматбаҳо совғалари топширилди.

Мусобақа қатнашчиларининг ўз ҳудудларига катта таъсуротлар билан қайтишларини таъминлаш мақсадида пойтахтимизнинг диққатга сазоввор масканларига саёҳат уюштирилди.