Аёллар учун — кунлик ишчилар маркази

Мамлакатимизда аёлларнинг турмуш шароитларини яхшилаш учун янги иш ўринлари яратилмоқда. Лекин бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга қарамай, “Мардикор бозорлари” ҳамон аёллар билан гавжум.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш бюроларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида фуқаролар вақтинчалик бир марталик ишларга ёлланиши ўз-ўзидан шаклланаётган жойларда зарур жамоат тартиби ва  ижтимоий-маиший шарт-шароитларни яратади. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тузилмасида туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ҳузурида филиал шаклида вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш бюролари ташкил қилиш белгиланган.

Шу мақсадда пойтахтимиздаги “Қўйлиқ” бозори яқинида аёлларга мўлжалланган “Кунлик ишчилар маркази”нинг янги биноси фойдаланишга топширилди. Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Хотин қизлар қўмитаси раиси Элмира Баситхонова, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари раҳбарлари ва  бир марталик ёлланма меҳнат билан шуғулланувчи аёллар иштирок этди.

— Ҳозирги кунда  Тошкент шаҳрининг 8 та туманида вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш бюролари ташкил этилган, — дейди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов. — “Кунлик ишчилар” марказининг янги биносида шундай  меҳнат билан шуғулланувчи аёллар учун шарт-шароитлар яратилган. Хусусан, арзонлаштирилган овқатланиш шохобчаси, асбоб-ускуналарни ижарага бериш тизими, меҳнат муҳофазаси ҳақида тушунча берувчи кўргазмали қуроллар, маданий ҳордиқ чиқариш учун имкониятлар, кутубхона ва бошқа қулайликлар мавжуд.

Хориж тажрибасини ўрганган ҳолда марказда вақтинчалик иш билан таъминлашда АУТСОРСИНГ ва АУТСТАФФИНГ хизматлари йўлга қўйилган. Мазкур марказ яна бир қатор қулайликларга эга бўлиб, унинг фойдаланишга  топширлиши  иш изловчиларни рўйхатга олишда эскича ёндашувга барҳам берилади, бўш иш ўринлари билан танишиш имконияти яратилади

Алишер АЗИМОВ